Маҳаллий

Давлат тиббий суғуртаси: электрон рецепт, йўлланма ва бепул хизматлар қандай ишлайди?

Кўпчиликни қизиқтираётган саволларга Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Моҳира Эргашовадан жавоб олдик

**Давлат тиббий суғуртаси: электрон рецепт, йўлланма ва бепул хизматлар қандай ишлайди?**

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024-йил 5-сентябрдаги ПҚ-311-сонли қарори билан республика ҳудудларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди. Ушбу қарорга кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат буджетига тўланадиган солиқлар ҳисобидан таъминланади. Аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Давлат тиббий суғуртаси қандай ишлайди? Қайси тиббий хизматлар бепул бўлади? Шифокорга мурожаат қилиш тартиби ўзгарадими? Электрон йўлланма ва электрон рецепт қандай ишлайди? Кимлар бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга? Ушбу саволларга Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Моҳира Эргашова жавоб берди.

**Давлат тиббий суғуртаси тизимининг мақсади**

Моҳира Эргашованинг таъкидлашича, давлат тиббий суғуртаси тизими шунчаки янги ҳужжат ёки тартиб эмас, балки аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг сифатли, кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган муҳим ислоҳотдир. Оддий қилиб айтганда, бу аҳолига давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдамни кўрсатиш ва уни молиялаштириш механизми бўлиб, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади.

Тизимнинг асосий мақсади – аҳолининг барча қатламларини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш, тиббий ёрдам олишда инсонларнинг молиявий юкини камайтириш ва тиббий хизматларни давлат томонидан кафолатланган тизим асосида ташкил этишдир.

**Тизим қандай молиялаштирилади?**

Қарорда аҳолидан қўшимча суғурта пули ундирилмаслиги белгиланган. Давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат буджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. Давлат буджетидан ажратилган маблағлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали йўналтирилади. Жамғарма тиббиёт ташкилотлари билан шартномалар тузиб, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни харид қилишни ташкил этади. Яъни, Жамғарма тиббий хизматларни харид қилувчи ягона ташкилот сифатида фаолият юритади ва тиббиёт ташкилотларининг фаолияти Жамғарма билан тузиладиган шартнома асосида молиялаштирилади.

**Давлат тиббий суғуртаси тўлиқ жорий этилганда аҳоли ҳаётида қандай ўзгаришлар бўлади?**

Аҳоли давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлардан белгиланган тартиб асосида фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун фуқаролар ўз ҳудудидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиши, белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтиши керак.

Агар беморга тор соҳа мутахассиси кўриги ёки шифохонада даволаниш зарур бўлса, оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ электрон йўлланма беради. Бемор ана шу йўлланма асосида тор соҳа шифокори кўригидан ўтади ёки шифохонага ётқизилади. Шу тартибга риоя қилинган тақдирда, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш мумкин бўлади. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатишда эса ушбу тартиб қўлланилмайди.

**"Кафолатланган пакет" тушунчаси ва унга кирувчи хизматлар**

Кафолатланган пакет – бу давлат буджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмидир. Ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади.

Кафолатланган пакет доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шифокор қабули, зарур лаборатория ва диагностика текширувлари, профилактик кўриклар ва скрининг тадбирлари, эмлаш, патронаж хизматлари ҳамда белгиланган тартибда дори воситалари билан таъминлаш каби тиббий хизматлар назарда тутилган.

**Шифокор қабулига бориш тартиби**

Фуқаро, аввало, ўз ҳудудидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиши керак. Оилавий шифокор беморнинг ҳолатини баҳолайди. Агар беморга тор соҳа мутахассиси кўриги ёки шифохонада даволаниш зарур бўлса, белгиланган тартибда электрон йўлланма расмийлаштиради. Шундан сўнг бемор электрон йўлланма асосида тегишли тор соҳа мутахассисига ёки шифохонага мурожаат қилади. Бу тизим беморни тўғри мутахассисга йўналтириш ва тиббий ёрдамни босқичма-босқич ташкил этишга хизмат қилади.

**Электрон йўлланма тизими ва унинг афзалликлари**

Электрон йўлланма оилавий шифокор томонидан тор соҳа шифокорига мурожаат қилиш ёки зарур ҳолларда шифохонага ётқизиш учун расмийлаштирилади. Бунда беморнинг тиббий маълумотлари электрон ахборот тизимида акс этади. Бу беморнинг қоғоз ҳужжатларни бир муассасадан бошқасига олиб бориши, бир хил маълумотларни қайта-қайта тақдим этиши каби оворагарчиликларни камайтиради. Оилавий шифокор беморни кўрикдан ўтказиб, даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ зарур йўналишни белгилайди. Агар тор соҳа мутахассиси ёки шифохона ёрдами зарур бўлса, электрон йўлланма расмийлаштирилади.

**Барча хизматлар бепул бўладими? Дори воситалари қандай тартибда бепул олинади?**

Давлат тиббий суғуртаси тизими жорий этилгани билан барча тиббий хизматлар ва барча дори воситалари автоматик равишда бепул бўлиб қолмайди. Бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари кафолатланган пакет доирасида белгиланади. Жумладан, шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида кафолатланган пакет доирасидаги дори воситалари беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади. Дорихоналарнинг тегишли харажатлари эса Жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Бу реимбурсация дастури асосида амалга оширилади. Бунда реимбурсация дастури асосида бериладиган дори воситалари рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

**Аҳоли ва оилавий шифокор ўртасидаги битим**

Қарорда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатувчи ташкилот ва унга бириктирилган аҳоли ўртасида битим тузилиши назарда тутилган. Вояга етмаганлар учун битим уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари билан тузилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам ушбу тартиб доирасига киритилган.

Битимда ҳар икки томоннинг мажбуриятлари белгиланади. Жумладан, аҳоли зиммасига соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, зарарли одатлардан воз кечиш, тиббий саводхонлигини ошириш, шифокор кўрсатмаларига амал қилиш, профилактик ва скрининг кўриклардан белгиланган муддатларда ўтиш каби мажбуриятлар юклатилади. Оилавий шифокор зиммасига эса аҳолини белгиланган тартибда қабул қилиш ва маслаҳат бериш, зарур ҳолларда йўлланма расмийлаштириш, тиббий хизматларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ ҳажмда кўрсатиш, дори воситаларини тўғри тайинлаш каби мажбуриятлар юклатилади.

**"Электрон соғлиқни сақлаш" тизими ва унинг қулайликлари**

"Электрон соғлиқни сақлаш" тизими тиббиёт соҳасидаги маълумотларни рақамлаштириш, тиббиёт ташкилотлари ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш ва бемор учун тиббий хизматдан фойдаланиш жараёнини янада қулайлаштиришга хизмат қилади. Ушбу тизим орқали беморнинг тиббий маълумотлари электрон шаклда юритилади. Шифокорга ёзилиш, электрон йўлланмаларни расмийлаштириш, текширув ва даволаниш жараёнларини электрон шаклда юритиш, дори воситалари учун электрон рецептлардан фойдаланиш имкониятлари яратилади.

Шунингдек, "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизими бошқа давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши белгиланган. Бу эса бемор ҳақида зарур маълумотларни электрон тарзда олиш ва тизимдаги жараёнларни янада шаффоф ташкил этиш имконини беради. Беморнинг электрон тиббий картасини юритишга мўлжалланган Дмед ягона тиббий ахборот тизими ҳам ишлаб чиқилиб, жорий этилган. Тизимда электрон рецептлар ҳам назарда тутилган. Бемор шифокор томонидан буюрилган дори воситалари рўйхатини электрон шаклда олади ва белгиланган тартибда бириктирилган дорихоналарга мурожаат қилиши мумкин.

**Давлат ва хусусий клиникалар тизимда иштирок эта оладими?**

Кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб этилади. Бунинг учун тиббиёт ташкилоти Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан тегишли шартнома тузади. Кўрсатилган тиббий хизматлар шартнома асосида, белгиланган тартибда Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Давлат тиббий суғуртаси орқали хусусий клиникалардан ҳам хизмат олиш имконияти мавжуд. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган хусусий тиббиёт муассасалари ҳам кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатишга жалб этилиши мумкин. Бунда бемор белгиланган тартибда оилавий шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон йўлланма асосида тегишли тиббиёт муассасасига йўналтирилади. Яъни, давлат тиббий суғуртаси тизимида беморга зарур тиббий хизматни нафақат давлат, балки Жамғарма билан шартнома асосида ишлаётган нодавлат тиббиёт ташкилотида ҳам олиш имконияти яратилади.

**Режали стационар даволанишни бепул олиш ҳуқуқи**

ПҚ-311-сон қарорининг амалдаги таҳририга кўра, 2026-йил 1-июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда туман, шаҳар ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларида режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида қуйидаги шахслар бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади:

* И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

* Уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар;

* Чернобил АЕСдаги авария оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахслар;

* Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;

* Кам таъминланган оилалар аъзолари;

* Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Демак, ушбу тоифадаги фуқаролар давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат бор. 2027-йил 1-январдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам ҳам бепул кўрсатилади. Лекин бу имконият барча солиқ тўловчиларга бирдек тегишли эмас. Қарорнинг амалдаги таҳририга кўра, сўнгги бир йил давомида камида олти ой жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар, шунингдек, қарорнинг 3-бандида кўрсатилган айрим тоифалар учун давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам бепул амалга оширилади.

Умуман олганда, давлат тиббий суғуртаси тизими – бу фақатгина янги ҳужжат ёки янги тартиб эмас. Бу аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини белгилаш ва тиббий хизматларни давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг янги механизмидир. Энг асосийси, фуқаролардан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча суғурта бадали талаб этилмайди. Бироқ кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган тартибларга амал қилиш, зарур тиббий кўриклардан ўз вақтида ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш ва шифокор тавсияларига риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода, давлат тиббий суғуртаси – инсонга зарур пайтда сифатли тиббий ёрдам олиш имкониятини кенгайтириш, тиббий хизматларни молиялаштиришни тартибга солиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган муҳим тизимдир.

Барно Мелиқулова суҳбатлашди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.