Икки қирғиз — уч партия
Қирғизистонда 306 та партия бор – улар нега сайловчилар учун курашмаяпти — эксперт фикри

Икки қирғиз — учта партия
Қирғизистон Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар реестрини янгилади. Энди унда 306 та партия бор. Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 январи ҳолатига кўра, республика аҳолиси сони 7,404 млн кишини ташкил этган. Бундан келиб чиқадики, янги туғилган чақалоқларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, тахминан ҳар 24,2 минг қирғизистонликка битта сиёсий партия тўғри келади.
Деҳқонлар, жанговар ҳаракатлар фахрийлари, саноатчилар, савдогарлар ва энергетика соҳаси ходимларининг ўз партиялари бор. Номланишида миллий таркиб ҳам акс этган: қирғизлар, руслар, қозоқлар, ўзбеклар, уйғурлар, корейслар, дунганлар, немислар. Ғайриоддий номли партиялар ҳам бор: «Комсомол», «Золотой трон» («Олтин тахт»), «Слава Столетию Октября» («Октябрнинг юз йиллигига шон-шарафлар») ва «С.С.С.Р.» («Союз. Свобода. Справедливость. Родина» — «Иттифоқ. Озодлик. Адолат. Ватан»).
Ҳатто каннабиноидларни тиббий мақсадларда қонунийлаштириш ва техник нашачиликни қайта тиклаш тарафдори бўлган «Легалайз» партияси ҳам мавжуд. Партиялар таъсисчилари орасида оталар ва болалар, опа-сингиллар ва ака-укалар, эр-хотинлар учрайди... Хуллас, назарий жиҳатдан Қирғизистонда партиявий ҳаёт қайнаши керак. Аммо, афсуски, бундай эмас. Партиянинг Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтгани унинг ишлаётганини англатмайди. Акс ҳолда, республикадаги сиёсий ҳаёт анча бойроқ бўлар эди.
Таъсисчилардан кимдир ҳозир чет элда — худди Қирғизистоннинг иккинчи президенти, Адлия вазирлиги реестрида ҳали ҳам мавжуд бўлган «Ак Жол» партияси билан боғлиқ Курманбек Бакиев каби. Баъзилари ўз партияларига, баъзан эса сиёсатга алоқаси бўлмаган ишлар бўйича қамоқда ўтирибди. Кимдир аллақачон жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққан. Айрим таъсисчилар ва ҳамтаъсисчилар эса энди ҳаёт эмас, лекин улар томонидан тузилган партиялар расман реестрда қолмоқда.
Шундай бўлса-да, 306 та партия Қирғизистон учун чегара эмас. 2024 йилнинг май ойида ҚР Адлия вазири ўринбосари Бахтияр Орозов идора базасида 329 та партия рўйхатда турганини маълум қилган эди. Ҳозирги кўрсаткич билан фарқ — 23 та партия. Аммо ушбу ҳисобни юритишга мажбур бўлган давлатдан ташқари, уларнинг йўқолиб қолганини ким пайқади? Рамзий маънода айтганда, дафн маросимига марҳумнинг қариндошлари ва гўрковлардан бўлак ҳеч ким келмади.
Айтганча, аввалроқ, 2021 йилги сайловлар таҳлил қилинаётганда, бир неча йилдан бери ижтимоий тармоқларнинг қирғиз сегментида вақти-вақти билан жуда қизиқ бир мақол учраб туриши кўрсатиб ўтилган эди: «Ўз партиясига эга бўлмаган сиёсатчи Қирғизистонда ёмон сиёсатчидир». Албатта, бу ҳазил. Аммо шу билан бирга, у Қирғизистон Республикаси ичидаги вазиятни жуда аниқ тасвирлайди, бу ерда турли жамоат арбоблари ўртасида амалда бирдамлик йўқ ва ҳар ким қандайдир «адолат» излаш йўлида шусиз ҳам тилка-пора бўлган сиёсий «кўрпа»ни ўз томонига тортади.
Ўтмишдаги баъзи воқеаларни эслаш жоиз. 2007 йилда Қирғизистонда Жогорку Кенешга илк бор тўлиқ партиявий рўйхатлар бўйича сайловлар бўлиб ўтди. Дастлаб унда ўша пайтдаги юзга яқин партиядан 45 таси иштирок этмоқчи эди, бироқ улардан фақат 22 таси бошланғич талабларни бажара олди: номзодлар рўйхатини шакллантирди ва сайлов гаровини тўлади. Кейин яна ўнтаси саралашдан ўта олмади.
Якунда 12 та партия номзодини илгари сурди, парламентдан эса фақат учтаси жой олди. Қолганлари ҳам овоз тўплашди, бироқ мандат олиш шартларини бажара олишмади. Сайловчиларнинг қатнашиши 73,86 фоизни ташкил этди, президентпараст «Ак Жол» партияси эса, келтирилган якуний маълумотларга кўра, 61,73 фоиз овоз олди.
Ўша пайтдаги мухолифат ҳукуматни «Ак Жол» фойдасига маъмурий ресурсдан фойдаланганликда айблади. Шу болдики, 2010 йилда Курманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилиб, «Ак Жол» партияси парламентдаги вакиллигидан маҳрум бўлганида, янги ҳукумат ваъда берди: республика энди президентлик эмас, балки парламентлик (аниқроғи, парламент-президентлик) тизимига ўтади, маъмурий ресурс бошқа бўлмайди. Демак, деди янги «Ватан оталари», сайловлар ҳалол ўтади.
Аммо партияларга нисбатан саволлар камайгани йўқ. 2010 йилги парламент сайловларига 29 та партия қўйилди. Сайлов участкаларига қарийб 1,68 млн киши келди. Жогорку Кенешдан жой олган бешта партия биргаликда тахминан 1,1 млн овоз тўплади. Қолганлари мандат ололмади. ҚР МСК
Ҳатто юзаки таҳлил ҳам шуни кўрсатадики: маъмурий ресурсга таяниш Қирғизистондаги партияларга кўплаб ноқулай саволларга жавоб бермаслик имконини беради. Масалан, мана бундай саволга: нега сиз ташвиқотни сайловга оз қолганда бошлайсиз, сайловчилар билан доимий равишда — кейинги сайлов циклигача ишламайсиз?
Ваҳоланки, жавоб оддий: биринчи навбатда партиялар ҳокимият учун курашади. Ваҳоланки, ҳар қандай партия учун асосий кураш — сайловчи учун курашдир. Бунинг учун сайлов натижаларидан қатъи назар, доимий ишлаш керак. Аммо аксарият партияларда бундай иш кўзга ташланмайди. Ҳатто номи тилларда бўлганларида ҳам.
Ушбу материал чоп этилиши арафасида тасодифий йўловчилар ўртасида сўровнома ўтказилди — Қирғизистоннинг ҳар бир вилоят марказида ва Бишкекда уч кишидан сўралди. «Қирғизистонда 306 та партия борлигини биласизми?» деган саволга суҳбатдошлар турлича, баъзан ҳақоратли сўзлар билан муносабат билдиришди. Аммо умумий фикр битта эди: «Бизга шунчасининг нима кераги бор?»
Менимча, худди шу саволни Адлия вазирлигида ҳам ўзларига беришмоқда. Бироқ, ҚРнинг сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунига кўра, партия фаолиятини тўхтатиш учун кўзда тутилган тартиб — қайта ташкил этиш ёки тугатиш талаб этилади. Фақатгина сезиларли фаолиятнинг йўқлиги уни реестрдан ўчириш учун етарли эмас.
Мустақилликнинг бошида кўппартиявийликка катта умидлар боғланган эди. Бу ҳақиқий демократия рамзига айланади деб ҳисобланган. Аммо вақт кўрсатдики: Қирғизистон партиялари бу ишонч кредитини йўқотди. Уларнинг Адлия вазирлиги реестридаги кўплиги эса, кўпчилик ҳали ҳам ҳеч нарсани тушуниб етмаганидан далолат беради.
Партиялар мамлакатга керак: ҳокимиятни халқ билан юзма-юз қолдириш умуман хавфли. Аммо булар ҳақиқатан ҳам жамият манфаатлари йўлида ишлайдиган тузилмалар бўлиши лозим. Ҳеч бўлмаганда Қирғизистонда кўппартиявийлик масхара мавзуси бўлишдан тўхташи учун.

