Ижтимоий тармоқлардаги видеоларни оммалаштириш орқали йилига 120 000 фунт стерлинг ишлаб топаман
Ижтимоий тармоқ «клипперлари» Instagram ва TikTok каби тармоқларда пайдо бўладиган қисқа, вертикал видеоларни тайёрлайдилар.

Ижтимоий тармоқлардаги видеоларни вирусдек оммалаштириб, йилига £120 000 ишлаб топаман
Экнур Сингҳнинг муваффақиятли ижтимоий тармоқ видеоклиплари орасида поп-юлдуз Дуа Липа иштирокидаги видео ҳам бор
Экнур Сингҳнинг айтишича, йилига £120 000 дан ортиқ даромад олиш учун унга уяли телефони ва яхши интернет алоқасидан бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Лондонлик 22 ёшли йигит профессионал "клиппер" бўлиб ишлайди. Мижозлар унга ижтимоий тармоқлар учун калта, вертикал видеолар яратиши учун пул тўлашади, бундан мақсад видеоларнинг вирусдек оммалашишидир.
"Клип қанчалик кўп кўрилса, мен шунчалик кўп пул ишлайман", дейди у.
Одатда, мижоз — бу кийим-кечак брендидан тортиб овоз ёзиш лейбли, киностудия, подкастер ёки инфлюенсергача бўлиши мукин — аввал клипперга кўриш учун узунроқ видео тақдим этади.
Шундан сўнг клиппер энг кучли деб ҳисоблаган қисми ёки қисмларидан 30 дан 60 сониягача бўлган клиплар тайёрлайди ва уларни Instagram, YouTube, TikTok ёки бошқа платформаларга жойлаштиради.
Бу ердаги мантиқ шундаки, одатда 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган клипперлар бу аудиторияга нима ёқишини яхшироқ тушунишади ва калта видеолар имкон қадар кўпроқ кўрилишига ёрдам беришади.
Клипперлар платформалардаги ҳар 1 000 та кўриш учун $3 (£2,30) гача ишлаб топишлари мумкинлиги сабабли, агар клип ҳақиқатан ҳам оммалашиб кетса, бу иш жуда даромадли бўлиши мумкин.
Сингҳнинг айтишича, у ўтган йили Instagram'да поп-юлдуз Дуа Липанинг қисқа видеосини жойлаб, $300 ишлаб топганидан кейин клипперликка жуда қизиқиб қолган.
"Мен 'Шунчаки видео жойлаштирганлик учун бу жуда катта пул-ку', деб ўйладим. Бунинг қанчалик даромадли бўлиши мумкинлигини дарҳол тушуниб етдим."
Энди у "ойига камида £10 000" даромад қилаётганини айтмоқда.
Унинг айтишича, у кунгилочар, тез кўриладиган ва эътиборни тортувчи клипларни излайди, масалан, май ойида Ню-Йоркдаги Met Gala тадбирида Сабрина Карпентернинг кўйлаги этаги босиб олингандаги реакцияси акс этган қисқа видео. Сингҳ мижоз ким эканини айтмади.
Сингҳнинг Сабрина Карпентер ҳақидаги клипи вирусдек оммалашди
Уичита (Канзас штати)лик 24 ёшли клиппер Этан Вимс учун клипперлик видео яратиш бўйича бошқа ишлари қаторида даромадли қўшимча иш ҳисобланади. Унинг айтишича, у клипперликдан "ойига камида $1 000" даромад олади.
У буни меҳмонларининг шахсий молиясини ўрганадиган Financial Audit кўрсатувини олиб бориши билан танилган YouTuber ва подкастер Калеб Ҳаммер учун қисқа видеолар тайёрлаш орқали қилади.
Вимснинг айтишича, клипперлик унга уйда туриб тирикчилик қилиш имконини беради, бу эса аёли ва бир ёшли ўғли билан кўпроқ вақт ўтказишига ёрдам беради. "Мен ҳар куни офисга боришим керак бўлган одатий эрталабки тўққиздан кечки бешгача бўлган ишни хоҳламайман", дейди у.
Броқ баъзи клипперлар яхши пул ишлаб топиши мумкин бўлса-да, ижтимоий тармоқлар бўйича консультант Лиа Ҳаберман уларнинг сони жуда камлигидан огоҳлантиради. "Бу умумий креаторлар экономикасини акс эттиради. Жуда катта кўпчилик жуда кам пул ишлайди ёки умуман ҳеч нарса олмайди", дейди у.
Стриминг саноати таҳлилчиси Девин Наш ҳам муваффақиятга эришиш учун клипперлик қанча вақт талаб қилишини тўғри баҳоламаслик осон эканини айтади. Унинг таъкидлашича, муваффақиятли клипперлар "соатлаб контент кўришлари керак ва улар шунчаки ўша оламда яшашади".
Этан Вимснинг айтишича, бу даромад унга уйдан ишлашни давом эттиришга ёрдам беради
Бир қатор воситачи веб-сайтлар клипперларни потенциал мижозлар билан боғлайди ва мавжуд видео ишларини рўйхатга олади.
Уларга Reddit ва Discord каби умумий онлайн форумлардаги саҳифалар, шунингдек, Clipping Culture, Vyro, Whop ва Kick каби махсус клипперлик сайтлари киради.
Охирги сайтлар хизмат сўраган компаниялардан тўлов ундиради. Clipping Culture мижозлари орасида Capital Records, Universal Music Group ва HBO Max бор.
Бу каби компаниялар учун хонасида ўтириб ишлайдиган ўсмир ёки 20 ёшлардаги шахсни ёллаш анъанавий ижтимоий тармоқ рекламалари учун пул тўлашдан анча арзонга тушади ва одамлар эътиборини тортишда самаралироқ бўлиши мумкин.
Модулли уйлар ишлаб чиқарувчи Лас-Вегасда жойлашган Boxabl компанияси тажрибасида ҳам шундай бўлди. "Ўйлашимча, ҳозиргача [клипларимиз] тахминан бир миллиард марта кўрилди", дейди компаниянинг кўплаб видеоларида пайдо бўладиган асосчи Галиано Тирамани.
Буюк Британияда Даунинг-стритнинг собиқ маслаҳатчиси ва ҳозирда Jimmy's Jobs of the Future подкасти бошловчиси Жимми МакЛоглин ҳам клиплардан фойдаланмоқда.
"Клиплар асосий воқеалар учун трейлерларга ўхшайди", дейди у. Масалан, Бош вазир Энди Бернҳем билан яқинда бўлиб ўтган подкаст "50 000 га яқин тўлиқ томоша қилинган, аммо клиплар нуқтаи назаридан миллионлаб кўрилган".
Экнур Сингҳнинг айтишича, у фақат телефони ва яхши интернет алоқаси бўлса, исталган жойда клип тайёрлай олади
Clipping Culture асосчиси ва раҳбари Эван Станфиелднинг ўзи атиги 21 ёшда. У ўтган йили Канзас университетини тарк этгач, ушбу бизнесни бошлаган.
Станфиелднинг айтишича, веб-сайт брендларни дунё бўйлаб 340 000 дан ортиқ клипперлар билан боғлайди. У қисқа видеоларнинг оммалашишини оддий тушунтиради: "Одамларнинг эътибор қаратиш вақти борган сари қисқариб бормоқда."
Унинг қўшимча қилишича, клипперлик ёшларнинг ишидир, чунки "қисқа шаклдаги видеоларнинг аксарият истеъмолчилари уларнинг ўзидир".
Лондонга қайтсак, Экнур Сингҳ қаерда бўлишидан қатъи назар, "тўхтовсиз клип тайёрлашини" айтади.
"Мен исталган жойда бўлишим мумкин. Тaътилга чиқиб ҳам пул ишлашим мумкин."

