Ижтимоий ҳимоя реестридаги оилаларга кўмир сотиб олиш учун 600 минг сўмгача компенсация тўланади
Янги механизмга мувофиқ, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилага сотиб олинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўмдан, бир календарь йили учун жами 600 минг сўмгача тўланади.

Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга кўмир сотиб олиш учун 600 минг сўмгача компенсация тўланади
2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолига маҳаллий кўмир етказиб беришнинг янги тартиби жорий этилади. Бу ҳақда «Ўзбеккўмир» АЖ маълум қилди.
Янги механизмга кўра, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилага сотиб олинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўмдан, умумий ҳисобда эса бир календарь йили давомида 600 минг сўмгача компенсация тўланади. Бундан ташқари, аҳолига маҳаллий кўмир етказиб беришга хусусий тадбиркорлар жалб этилади.
2026 йилда аҳоли эҳтиёжлари учун 1,53 млн тонна маҳаллий кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда кўмирни ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолиси учун биржа савдоларига чиқарилган дастлабки кўмир туркумлари хусусий тадбиркорлар томонидан сотиб олинди. Айни пайтда шартномаларни расмийлаштириш ва кўмирни ҳудудларга етказиб бериш ишлари давом этмоқда.
Кўмир тегишли омборларга етказиб берилгач, унинг сотилиши тадбиркорлар томонидан mycoal.uz электрон платформаси орқали ташкил этилади. Сотув бошланиш санаси, омбор манзили, мавжуд кўмир миқдори ва бошқа маълумотлар платформада ҳудудлар кесимида эълон қилиб борилади.

