Ифлослик қилиш — одатий ҳол
Евроиттифоқ ўзининг миграция муаммоларини Ўзбекистон зиммасига юклаш ниятидан қайтмаяпти

Евроиттифоқ ноқонуний мигрантлар билан боғлиқ муаммоларини Ўзбекистон зиммасига юклашга бўлган уринишларини тўхтатмаяпти.
Газетанинг ёзишича, Греция, Дания, Австрия, Германия ва Нидерландия 2027 йилдан бошлаб пилот лойиҳани ишга тушириш ниятида: бошпана бериш рад этилган мигрантлар ё ватанига қайтиши, ёки ИА ташқарисидаги учинчи давлатга йўл олиши керак бўлади. Аноним европалик дипломатлар кўчириш учун эҳтимолий йўналишлар қаторида Руанда, Уганда ва Ўзбекистонни тилга олмоқда.
Материалда айтилишича, бешта давлатда амалга ошириш таклиф этилаётган режадан мақсад Ўзбекистондан келган мигрантларни репатриация қилиш учун ёпиқ марказлар яратиш эмас. Бунинг ўрнига Тошкент билан Европа Иттифоқида бошпана бериш рад этилган мигрантларни қабул қилиш бўйича келишиб олиш таклиф қилинмоқда. Бундай келишув шартлари халқаро ташкилотлар иштирокида ва ИА томонидан молиялаштирилган ҳолда Ўзбекистон расмийлари томонидан белгиланади. Улар мигрантлар учун вақтинчалик лагерлар ташкил этишни ҳам, интеграция бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
ИАнинг бешта давлати пилот лойиҳани 2027 йилнинг биринчи ярмида ишга туширишни ва уни тўлиқ ёйишни ўша йилнинг иккинчи ярмида якунлашни режалаштирмоқда. Ушбу даврда ИА Кенгашига Греция раислик қилади. Ташаббускорлар ҳали молиялаштириш масалаларини ҳал қилишлари ва мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқишлари керак.
Греция иммиграция ва бошпана вазири Танос Плеврис АҚШ президенти Дональд Трампнинг миграция сиёсатидаги қатъий чораларини ижобий баҳолади. У, шунингдек, июнь ойидан бошлаб Европа Иттифоқида Миграция ва бошпана тўғрисидаги пакт амал қилаётганини кўрсатиб ўтди. Ушбу ҳужжат бошпана сўраб берилган аризаларни кўриб чиқиш ва уларни рад этиш тартиб-таомилларини соддалаштиради, шунингдек, муайян шартларга риоя қилинган ҳолда мигрантларни хавфсиз учинчи мамлакатларга депортация қилиш имкониятини назарда тутади.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи миграция соҳасида 2025 йил октябрь ойида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида ҳамкорлик қилади. Ушбу ҳужжат реадмиссия, яъни ИА ҳудудида ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини қайтариш, шунингдек, виза режимини соддалаштириш масалаларини муҳокама қилиш имкониятини очади, бу жараён аллақачон бошланган.
Июнь ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги депортация қилиниши керак бўлган мигрантлар учун марказлар ташкил этиш бўйича Европа Иттифоқи билан музокаралар олиб борилаётганини инкор этган эди. Шунга қарамай, мамлакатнинг Германия ва Австрия билан келишувлари мавжуд бўлиб, улар мигрантларнинг ИАдан Ўзбекистон орқали учинчи давлатларга транзит ҳаракатланишига имкон беради.

