IATA учишга қўйилмаган йўловчилар учун қоидаларни ўзгартиришни таклиф қилди
IATA авиакомпаниялар ва давлатлар ўртасида мамлакатга кириши рад этилган йўловчилар учун харажатлар ва жавобгарликни адолатлироқ тақсимлашга чақирди.

IATA кириш рад этилган йўловчилар учун қоидаларни қайта кўриб чиқишни таклиф этди
Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) йўловчиларга келиб тушганидан кейин кириш рад этилган вазиятларда авиокомпаниялар ва давлатлар ўртасида масъулият ҳамда харажатларни тақсимлаш тартибини янгилашга чақирди.
Ассоциациянинг фикрича, ташувчиларнинг молиявий мажбуриятлари киритиш рад этилиши сабабларига ва авиакомпания вазиятнинг ривожланишига қанчалик таъсир кўрсата олганлигига боғлиқ бўлиши керак. Бу ҳақда IATAнинг 2026 йил 30 октябрда Макаода эълон қилинган пресс-релизида айтилади.
Авиакомпаниялар учишдан олдин йўл ҳужжатларини олдиндан текшириш орқали бундай ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Бироқ, IATA таъкидлаганидек, ташувчилар ҳар доим ҳам киришни рад этиш учун барча асосларни аниқлашга қодир эмас. Уларга боғлиқ бўлмаган омиллар қаторида ассоциация тўлиқ маълумотнинг етишмаслиги, мураккаб фирибгарлик схемалари, миграция тенденцияларининг ўзгариши, шунингдек, давлат органларининг иммиграция ва хавфсизлик бўйича қарорларини тилга олади.
Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) доирасида давлатлар томонидан келишилган қоидаларга кўра, авиакомпаниялар ҳужжатлар тегишлича расмийлаштирилмагани сабабли кириш рад этилган йўловчиларни таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш учун ҳақ тўлайди. Агар рад этиш бошқа ҳолатлар билан боғлиқ бўлса, харажатларни давлат органлари ўз зиммасига олиши керак. Шу билан бирга, IATA иммиграция органлари қарорларининг етарлича шаффоф эмаслигига ва учишдан олдин ташувчиларга зарур бўлган маълумотлар танқислигига ишора қилади.
IATAнинг операцион фаолият, хавфсизлик ва ҳимоя бўйича тўнғич вице-президенти Ник Кэриннинг таъкидлашича, ҳатто авиакомпаниялар томонидан ҳужжатлар текширилганда ҳам йўловчиларга тайинланган мамлакатга кириш рад этилиши мумкин. Бундай ҳолларда ташувчилар қўшимча харажатлар, жумладан жарималарни ўз зиммаларига оладилар. Унинг сўзларига кўра, авиакомпаниялар теш-тез киритиш рад этилиши сабаблари тушунтирилмаган ҳолда ҳисоб-варақлар ёки жарималар тўғрисидаги билдиришномаларни олишади. Кэриннинг ҳисоблашича, маълумотларни янада очиқроқ алмашиш бундай вазиятларнинг такрорланишининг олдини олишга ва молиявий юкни адолатлироқ тақсимлашга ёрдам беради.
IATA маърузаси 49 та авиакомпания ва 22 та чегара идоралари ўртасида ўтказилган сўровномага асосланган. Сўровда қатнашган ташувчиларнинг кўпчилиги ҳужжатлардаги ва уларни қайта ишлашдаги хатоликлар йўловчиларни киритмаслик ҳолатларининг тахминан 20–30% га сабаб бўлишини маълум қилди.
Бундан ташқари, 49 та авиакомпаниядан 40 таси иммиграция органлари рад этиш сабабларини очиқламаган вазиятларга дуч келган, бунинг оқибатида ташувчилар қабул қилинган қарорнинг асосларини тушунмасдан йўловчиларнинг қайтишини ташкил қилишларига тўғри келган.
Сўровда қатнашган авиакомпанияларнинг 90% дан ортиғи ИКАО қоидаларига кўра давлатлар томонидан қопланиши керак бўлган харажатларни лоақал қисман тўлаганликларини билдирдилар. Йўловчининг киритилмаслиги рейсларнинг кечиктирилишига, чипталарни қайта банд қилишга, ҳаво кемаларидан фойдаланиш ва экипажлар ишидаги узилишлага, кузатиб бориш ва ҳокимият органлари билан узоқ вақт мувофиқлаштириш заруратига олиб келиши мумкин.
Тадқиқот маълумотларига кўра, битта киритилмаган йўловчи учун ўртача харажатлар Шимолий Осиёда тахминан $4 мингни ва Европада $14 мингни ташкил этган. Жавобгарлик шартлари, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, йўловчиларни қайтариш муддатлари ва жарималар миқдори мамлакатлар ўртасида, айрим ҳолларда эса ҳатто бир давлатнинг аэропортлари ўртасида ҳам сезиларли даражада фарқ қилади.
Сўровда иштирок этган барча авиакомпаниялар бундай йўловчилар билан боғлиқ операцион кечикишлар ҳақида хабар беришди.
Маърузада, шунингдек, кириш рад этилган йўловчини таъминлаш учун авиакомпания қарийб 60 минг евролик ҳисоб-варақ олган ҳолат келтирилади. У элчихонанинг кўмагини кутиб, олти ой давомида давлат органлари томонидан ҳибсда ушлаб турилган. Таъминлаш қиймати кунига 300 еврони ташкил этган.
Кэрин бу ҳолатни истисно тариқасидаги ҳолат деб атади ва авиакомпаниялар ўз хатолари учун жавоб беришга тайёрлигини, бироқ ҳолатлар уларнинг назоратидан ташқарида бўлса, вақт чекловисиз йирик харажатларни кўтаришга мажбур бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
IATA ҳукуматларга ташувчи ҳужжатларни текшириш бўйича зарур талабларни бажармаган ҳолатларни ва у таъсир қила олмаган вазиятларни аниқ ажратишни таклиф қилади.
Ассоциация, шунингдек, жарималар ва харажатларни тақсимлаш авиакомпаниянинг тегишли даражадаги эътиборлилиги, вазиятни назорат қилиш даражаси ва киришни рад этишнинг аниқ сабабларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши тарафдори. Бунда ташувчиларга киритиш рад этилиши асослари тўғрисидаги маълумотлар қонунчиликда рухсат берилган доирада тақдим этилиши керак.
Бундай ҳолатлар сонини камайтириш учун IATA йўловчилар ҳақида олдиндан ахборот бериш интерактив тизимидан (iAPI), ҳужжатларни рақамли текшириш воситаларидан, иммиграция масалалари бўйича офицерлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмларидан ва тезкор эскалация каналларидан кенгроқ фойдаланишни тавсия қилади. Ассоциациянинг фикрича, ушбу воситалар учишдан олдин муаммоларни аниқлашга ва мунозарали вазиятларни тезроқ ҳал қилишга ёрдам беради.
Алоҳида таклиф кириши рад этилган йўловчиларни қайтаришни ташкил этишга тегишли. IATA давлат органлари ва авиакомпаниялар ўртасида ўз вақтида хабардор қилиш ва янада самарали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни зарур деб ҳисоблайди.
Кэриннинг сўзларига кўра, иккала томон ҳам чегаралар хавфсизлигини ва тўсиқсиз саёҳатларни таъминлашдан манфаатдор.
Бунинг учун, деб таъкидлади у, йўловчининг тайинланган мамлакатга кириши мумкинлигини имкон қадар эрта аниқлаш, рад этилган тақдирда эса масъулият ва харажатларни ҳар бир томоннинг вазиятни назорат қилиш бўйича реал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тақсимлаш зарур.

