Hyrox спортчиси ўзини булғаб қўйганидан кейин ҳам пойгани давом эттиргани учун баҳс-мунозараларга сабаб бўлди
Баъзилар гигиена масаласида хавотир билдирган бўлса, бошқалар унинг пойгани якунлаш қарорини олқишлади.

Hyrox спортчиси мусобақа пайтида ўзини тута олмай қолганидан кейин ҳам пойгани давом эттиргани учун баҳс-мунозараларга сабаб бўлди
Спортчи аёлнинг Hyrox мусобақасидаги чиқиши Пекиндаги пойга пайтида ўзини тута олмай қолганига қарамай, маррагача етиб борганидан кейин қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Ёпиқ иншоотдаги фитнес мусобақасида иштирок этаётган аёлнинг оёқлари ифлосланган ҳолда тушган видеоси интернетда кенг тарқалди. Баъзилар гигиена қоидалари бузилганидан хавотир билдирган бўлса, бошқалар унинг давом этиш иродасини олқишлади. Айримлар эса мусобақа ташкилотчиларини унга давом этишга рухсат бергани учун айблади.
Hyrox компанияси шанба кунги тадбирдан сўнг «йирик тозалаш ишлари» амалга оширилганини, жумладан, ускуналар дезинфекция қилингани ва гилам қопламаларининг айрим қисмлари алмаштирилганини маълум қилди.
Германиянинг ушбу фитнес компанияси «асосли хавотирларни» тушунишини билдирди, бироқ одамларни ғазабни спортчи аёлнинг ўзига қаратмасликка чақирди.
Компания аёлнинг шахсини ошкор қилмади, бироқ кейинчалик унинг шахси интернетда маълум бўлди ва шундан сўнг унга зўравонлик билан таҳдидлар қилина бошлади.
«Бизнинг ҳамжамиятимизда спортчига нисбатан зўравонлик таҳдидлари ёки унга зарар етказишга ундашга ўрин йўқ», — дейилади Hyrox компаниясининг душанба куни эрталаб эълон қилган баёнотида.
«Бундай хатти-ҳаракатларни амалга оширган деб топилган ҳар қандай шахс — хоҳ шарҳлар, хоҳ шахсий хабарлар ёки ижтимоий тармоқлар орқали бўлсин — барча Hyrox тадбирларидан умрбод четлаштирилади», — дейилади хабарда.
Хитой оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ушбу мусобақанинг айрим иштирокчилари ифлосланган ускуналар билан алоқа қилишга мажбур бўлганликларини айтиб, узр сўрашни ва пулларни қайтариб беришни талаб қилишган.
Ҳар бир Hyrox пойгасида иштирокчилар навбатма-навбат бир километр югуришади ва чана суриш, бурпи сакрашлари, эшкак эшиш тренажёрида машқ қилиш ҳамда қум тўлдирилган қоп билан олдинга қадам ташлаш каби фитнес машқларини бажаришади.
Мусобақа 2017 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида ташкил этилганидан бери жуда тез оммалашиб кетди ва ҳозирда бутун дунё бўйлаб ўтказиб келинмоқда.
Баъзилар Hyrox қоидаларида тупуриш ва ахлат ташлаш каби ҳаракатлар учун жарималар кўзда тутилганини ҳисобга олиб, нима учун Пекиндаги расмий шахслар спортчи ўзини тута олмай қолганида жараёнга аралашмаганини савол остига олишди.
«Асосий соғлиқ ва санитария нуқтаи назаридан, спортчи зудлик билан тўхтатилиши, ифлосланган жойлар эса ёпилиб, бошқа спортчиларга рухсат берилишидан олдин яхшилаб тозаланиши керак эди», — деб ёзди АҚШда ишловчи ҳамшира Эрика Дож Instagram'даги шарҳида.
Шу дам олиш кунлари Пекиндаги Hyrox мусобақасида қатнашган Жо Хо ҳам ташкилотнинг муносабатини танқид қилди ва уни «ўз тартиб-қоидалари иш бермаганида масъулиятни ўз зиммасига олишга» чақирди.
«Агар ташкилот хатога йўл қўйилганини тан олса, нима учун жабрланган иштирокчиларга пулларни қайтариб бермайди, ваучерлар ёки бирор бир арзигулик компенсация таклиф қилмайди?» — деб ёзди у.
Фитнес ҳамжамиятидаги бошқа вакиллар эса чидамлилик талаб қилинадиган спорт турларида бундай ҳолатлар камёб эмаслигини таъкидлашди.
Фасебоок'даги шарҳлардан бирида муаллиф марафончиларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилишини қайд этиб: «Улар шунчаки таслим бўлиш учун жуда узоқ ва жуда қаттиқ шуғулланишган», — деб ёзган.
2005 йилда британиялик марафончи Пола Рэдклифф Лондон марафонининг 22-милясида камералар қаршисида йўл четида ҳожатини чиқариш учун тўхтагани билан машҳур бўлган ва шундан сўнг пойгада ғолиб чиққан эди.
Шу йилнинг бошида хитойлик марафончи Ли Мэйчжэнь Хэншуй кўли марафонида оёқларида ҳайз қони билан марра чизиғини кесиб ўтганидан кейин ОАВ эътиборига тушган эди.

