Дунё

Ҳусийчилар Адандаги президент саройига ракета зарбаси йўллади

Ҳужум оқибатида ҳукумат раҳбари қўриқчилари ҳалок бўлган.

Ҳусийчилар Адандаги президент саройига ракета ҳужуми уюштирди

Яман жанубидаги Адан порт шаҳрида жойлашган президент саройига ҳусийчилар томонидан ракеталар билан зарба берилиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди, 16 киши яраланди. Жабрланганларнинг аксари хавфсизлик хизмати ходимлари эди.

Яман ахборот вазири Муаммар ал-Эрянийнинг ББСъга айтишича, халқаро тан олинган ҳукумат қароргоҳи жойлашган Ал-Маъшиқ саройига бешта баллистик ракета келиб тушган. Бош вазир ҳамда ҳукуматнинг бошқа вакиллари зарар кўрмаган.

Ҳусийчиларнинг ҳарбий вакили Яҳё Сари «саудияликларнинг Адандаги ҳарбий амалиётлар штаб-квартираси» нишонга олинганини билдирди.

Саудия Арабистони бощилигидаги коалиция Яман ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келмоқда ва Эрон таъсиридаги ҳусийчиларнинг позицияларига юриш қилаётган ҳукумат кучларига ҳаводан ёрдам бермоқда.

Яман бош вазири Шайя аз-Зиндоний ҳусийчиларнинг Аданга ҳужумини қоралаб, уни «жиноий ҳаракатларнинг давом эттирилиши» деб атади.

У ҳукумат ўз вазифаларини бажаришда давом этаётганини ва бу ҳужум ҳукумат кучларининг Яманнинг жануби-ғарбий ҳудудларида, Қизил денгиз бўйида ҳамда фронтнинг бошқа жойларида ҳусийчиларга қарши ҳарбий амалиётларни давом эттириш қарорини сусайтирмаслигини таъкидлади.

Пайшанба куни Ар-Риёд бощилигидаги коалиция Мадина шаҳри яқинида қанотли ракета уриб туширилгани ҳақида хабар берган эди. Ҳусийчилар эса бу ҳужумга алоқадорликларини рад этишганди.

Ҳусийчилар Яман ғарбидаги ўз назорати остидаги ҳудудлар, жумладан пойтахт Санога қилинаётган ҳужумларга жавобан Саудия Арабистонидаги аеропортлар, нефт-газ обьектлари ва ҳарбий базалар томон ракета ҳамда дронлар учирмоқда.

Ўтган ҳафтанинг шанба куни Ар-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аеропортга ракета келиб тушиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Бу Саудия Арабистонига сўнгги 10 йилдан ортиқ вақт ичида қилинган энг ўлимли ҳужум бўлди.

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири ўринбосари Эронни ҳусийчиларни қироллик билан можарони кучайтиришга ундашда айблади.

«Эрон БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузган ҳолда ҳусийчилар тузилмаларини қуроллантириш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлашда давом этмоқда», – деди журналистларга Раид Кримли.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.