«Ҳозирги вақтда бизда дунёдаги энг яхши жамоа бор». Ўзбекистон шахматчилари Олимпиададаги ғалабадан кейин нималар дейишди
Шахмат Олимпиадасидаги ғалабадан сўнг Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон терма жамоасини «айни дамда дунёдаги энг яхши жамоа» деб атади. Рустам Қосимжонов тайёргарлик «сирлари» ҳақида, Жавоҳир Синдаров мамлакатда шахматнинг қўллаб-қувватланиши ва жамоанинг янги мақсадлари ҳақида, Нодирбек Ёқуббоев эса чемпионлик жамоасининг «қаҳрамони» ҳақида гапириб берди.

«Ҳозирги вақтда бизда дунёдаги энг яхши жамоа бор». Ўзбекистон шахматчилари Олимпиададаги ғалабадан кейин нималар дейишди
Ўзбекистон терма жамоаси сардори Рустам Қосимжонов жамоанинг Самарқанддаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидаги триумфидан сўнг, муваффақиятнинг асосий омилларидан бири мамлакатда шахматга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жамоа ичидаги муҳит ва турнирнинг барча деталлари синчиклаб ишлаб чиқилгани бўлганини сўзлаб берди.
Иккинчи олимпия олтинини қўлга киритгандан кейинги матбуот анжуманида Жавоҳир Синдаров Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишдан фахрланишини маълум қилди, Нодирбек Абдусатторов терма жамоани «ҳозирги вақтда дунёдаги энг яхши жамоа» деб атади, Муҳиддин Мадаминoв эса шерикларининг қўллаб-қувватлаши унга ўзининг илк Олимпиадасидаги ҳаяжонни енгишга қандай ёрдам берганини гапириб берди.
Рустам Қосимжоновга берилган биринчи савол терма жамоанинг «сири» ҳақида бўлди, у буни аввалроқ фақат Олимпиададаги ғалабадан кейин ошкор қилишга ваъда берган эди.
«Ўйлайманки, бизда сирлар кўп. Биттагина сир йўқ. Энг муҳими — мамлакатимизда шахматга қанчалик катта эътибор қаратилаётганидир. Буни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз, бу алоҳида бир нарса», — деди у.
Сардорнинг сўзларига кўра, тайёргарлик жараёнида жамоага машғулотлар ўтказиш ва мусобақаларда иштирок этиш учун барча имкониятлар яратиб берилган.
«Бу, эҳтимол, бизнинг бошқа мамлакатлардан энг катта фарқимиздир. Бу мамлакатда ҳокимиятнинг энг юқори бўғинларидан, шахсан Президентдан, Бош вазирдан олаётган эътиборимиз — мисли кўрилмаган. Дунёда бундай мамлакат бошқа йўқлигига ишончим комил», — дея таъкидлади Қосимжонов.
Иккинчи устунлик сифатида у жамоа таркибини тилга олди.
«Қаршингизда нафақат ушбу мамлакатнинг энг яхши шахматчилари, балки улар дунёнинг ҳам энг яхши шахматчиларидандир. Ва биз жамоа сифатида ажойиб ишлаймиз. Бизда жуда нодир нарса бор — жамоа ўйинчилари бир-бирларини чиндан ҳам яхши кўришади. Бундай ҳолат ҳар бир терма жамоада ҳам бўлавермайди. Биз биргамиз, биз дўстмиз ва бу ёрдам беради».
Қосимжонов тайёргарлик ташкилотчилари мутлақо барча деталларни ҳисобга олишга ҳаракат қилишганини таъкидлади.
«Биз қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Ҳеч нарсани тасодифга ташлаб қўймадик. Мутлақо ҳамма нарсага: овқатланиш, меҳмонхона, сониячилар (секундантлар), мураббийларга эътибор қаратдик. Бу турнир қанчалик муҳимлигини ҳисобга олиб, ҳар бир майда-чуйдагача ўйлаб чиқдик».
У ўз уйидаги Олимпиадани «ҳаётда бир марта бериладиган имконият» деб атади.
«Ҳеч нарсани тасодифга ташлаб қўйиб бўлмасди. Бизнинг сиримиз ҳам шунда: биз ҳамма нарса ҳақида ўйлаймиз ва ҳамма нарсани қиламиз. Қолаверса, бизда дунёдаги энг яхши жамоа бор. Бу ҳам ёрдам беради», — дея қўшимча қилди сардор.
Муҳиддин Мадаминoв ҳозирги терма жамоанинг 2022 йилги ғолиб Олимпиадада иштирок этмаган ягона ўйинчиси эди. Самарқандда у илк бор Олимпиадада ўйнади ва якуний турда Украина билан учрашувда жамоага ҳал қилувчи очкони келтирди.
«Мен ушбу жамоанинг бир қисми бўлганимдан жуда хурсандман. Бизда жуда кучли, элита ўйинчилар бор. Нодирбек [Абдусатторов] ва Жавоҳир [Синдаров] — жуда кучли шахматчилар», — деди Мадаминoв.
У турнир давомида Қосимжоновдан қандай сўзларни эшитганини сўзлаб берди. «Турнир давомида сардор менга: „Хавотир олма ва қўрқма, чунки сенинг жамоангда Нодирбек ва Жавоҳир бор. Шунинг учун шунчаки шахмат ўйна“, деди. Бу сўзлар ва бундай қўллаб-қувватлаш бизга чиндан ҳам ёрдам беради».
Мадаминoв ўзининг илк Олимпиадасида айнан ўз уйида ғолиб чиққанидан алоҳида мамнунлигини тан олди.
«Бугун жуда ақл бовар қилмас ва жуда асабий ўйин бўлди. Ғалаба қозонганимдан ва ушбу жамоанинг кучли ўйинчиларидан бири бўла олганимдан жуда хурсандман».
Жавоҳир Синдаровдан (унинг чиқишлари ва тайёргарлигини Ўзбекистон Миллий банки қўллаб-қувватлайди) сўнгги йилларда Ўзбекистон нима учун бир йўла бир нечта жаҳон даражасидаги шахматчиларни тарбиялаб чиқаргани ҳақида сўрашди.
Унинг сўзларига кўра, 2022 йилги Олимпиададаги ғалабадан кейин мамлакатда шахматга бўлган муносабат сезиларли даражада ўзгарди. «У жуда катта спорт турига айланди ва ҳукуматимиз, Президентимиз шахматни жуда яхши қўллаб-қувватламоқда», — деди Синдаров.
У кучли авлоднинг пайдо бўлишини, энг аввало, ўйинчилар учун яратилган шароитлар билан боғлади.
«Қачонки сизда Ўзбекистондагидек қўллаб-қувватлаш бўлса, ўйлайманки, исталган бошқа мамлакатда ҳам кўплаб Нодирбекларни, мен каби кўплаб ўйинчиларни кўрган бўлардингиз. Эҳтимол, энг асосийси шу — давлат бизни чиндан ҳам жуда яхши қўллаб-қувватламоқда».
Синдаров мухлисларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. «Сиз бу барча мухлисларни кўриб турибсиз — улар бизни ҳар куни қўллаб-қувватлашмоқда. Бу мамлакатимизда одамлар шахматни чиндан ҳам қанчалик яхши кўришини кўрсатади. Мен ўзбек эканлигимдан ва ушбу мамлакат шарафини ҳимоя қилаётганимдан чиндан ҳам фахрланаман».
У ушбу олтин охиргиси бўлиб қолмаслигига умид билдирди.
«Умид қиламанки, кейинги йилларда биз яна битта эмас, кўплаб Олимпиадаларда ғолиб чиқамиз. Бу турнирда биз чиндан ҳам жуда юқори даражани кўрсатдик. Ҳамма яхши ўйнади, шунинг учун бу натижадан хурсандман».
Келгуси мақсадлар ҳақидаги саволга Синдаров жаҳон чемпиони бўлиш истаги борлигини маълум қилди.
«Албатта, биз ҳам жамоавий, ҳам якка тартибда кўп нарсага эришдик, деб айта оламан. Сўнгги йилларда кўплаб турнирларда ғолиб чиқяпмиз. Албатта, янги мақсад — жаҳон тожи», — дея баёнот берди у.
Синдаровнинг сўзларига кўра, у жамоадошларини жаҳон рейтингида янада юқорироқ поғоналарда кўришни истайди.
«Ўйлайманки, барчамиз Нодирбек [Ёқуббоев], Муҳиддин [Мадаминoв], Шамсиддин [Воҳидов] имкон қадар тезроқ 2700 даражасига, Нодирбек эса 2750 даражасига чиқишини, барчамиз дунёнинг топ-15−20 талигида бўлишимизни ва кейинги йилларда Олимпиадаларда Ўзбекистон нуфузини юксалтиришда давом этишни ҳамда мамлакатимиз учун бор кучимизни беришни хоҳлаймиз».
Нодирбек Абдусатторовдан у ҳам терма жамоа етакчиси бўлган 2022 йилги Олимпиададан буён унинг масъулияти қандай ўзгаргани ҳақида сўрашди.
«Менинг масъулиятим фақат бир нарсада — жамоани бошлаб бориш, ўз тахтамда ўйнаш ва бошқа йигитларни руҳлантиришдан иборат эди», — деб жавоб берди у.
Абдусатторов шерикларининг даражасини юқори баҳолади. «Бизнинг ажойиб жамоамиз бор. Ўйлайманки, ҳозир бизда дунёдаги энг яхши жамоа бор деб ишонч билан айта оламан. Ўйлайманки, ҳатто менсиз ҳам жамоа яхши иштирок этган бўларди, лекин мен уни бошлаб боришдан ва унинг бир қисми бўлишдан беҳад бахтиёрман ва фахрланаман», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги таркибдаги исталган ўйинчи жаҳон ўнлигига кўтарилишга қодир.
«Менинг масъулиятим умуман ўзгаргани йўқ. Мен ҳар бир партияда бор кучимни беришга ҳаракат қилдим. Яхши ўйнаганимдан ва ушбу турнирда бирорта ҳам партияда ютқазмаганимдан хурсандман. Йигитлар билан биргаликда аллақачон эришган барча нарсаларимиз учун беҳад миннатдорман. Ўйлайманки, олдинда ҳали жуда кўплаб ғалабалар бор», — дея қўшимча қилди Абдусатторов.
Нодирбек Ёқуббоевдан 2022 ва 2026 йиллардаги Олимпиадалардаги ғалабалар ўртасидаги фарқ ҳақида сўрашди.
«2022 йилда биз фаворит ҳисобланмасдик. Биз турнирнинг кутилмаган совғаси бўлдик ва кутилмаганда унда ғолиб чиқдик. Бу сафар эса биз аллақачон асосий фаворитлардан бири сифатида келдик», — деб жавоб берди у.
Унинг сўзларига кўра, энг аввало, рақибларнинг Ўзбекистон билан ўйинларга тайёргарлиги ўзгарган.
«Ўтган сафар, эҳтимол, рақиблар бизни менсишмаган, барибир ютамиз деб ўйлашган бўлиши мумкин. Аммо бу сафар ҳар бир жамоа бизга қарши энг кучли ўйинчиларини туширди ва ўзларининг энг кучли қуролларини ишга солди», — деди гроссмейстер.
Шу билан бирга, аввалги икки Олимпиада тажрибаси жамоага янги мақом билан курашишда ёрдам берди.
«Биз 2022 йилда, кейин 2024 йилда тажриба орттирдик ва ўйлайманки, ушбу Олимпиадага максимал даражада яхши спорт формасида етиб келдик. Германия билан ўйинни ҳисобга олмаганда, барча учрашувларимиз биз хоҳлагандек ва кутгандек ўтди», — деди Ёқуббоев.
«Мен ушбу жамоанинг бир қисми бўлганимдан жуда хурсандман. Ўйлайманки, терма жамоамиз ҳали кўп йиллар давомида ўз даражасини исботлайди ва умид қиламанки, жаҳон шахматининг асосларидан бирига айлана олади», — дея қўшимча қилди шахматчи.
Журналистнинг чемпион жамоанинг «қаҳрамони» ким деган саволига Ёқуббоев сардорни кўрсатди.
«Бизнинг қаҳрамонимиз — сардоримиз Рустам ака Қосимжонов», — деди у, шундан сўнг мухлислар Қосимжоновнинг исмини ҳайқириб айта бошлашди.
Сўнгра шахматчи қўшимча қилди: «Ўйлайманки, барча ўйинчилар жуда яхши иштирок этишди. Кўпчилигимиз ўз тахталаримизда медаллар олдик. Шунинг учун, ўйлайманки, барчамиз қаҳрамонлармиз», — дея баёнот берди у.
Шамсиддин Воҳидов матбуот анжумани якунида иккинчи олимпия олтини мамлакат учун катта ютуқ эканини айтди.
«Бу ғалаба биз учун — жуда катта ютуқ. Иккинчи марта олимпия чемпионлари бўлиш — бу жуда жиддий натижа. Барча йигитлар жуда яхши ўйнашди, биз кўплаб муҳим учрашувларда ғалаба қозондик», — деди у.
У қўллаб-қувватлаганлари учун мухлисларга ва мамлакат аҳолисига алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Матбуот анжумани «Ўзбекистон! Ўзбекистон!» ҳайқириқлари ва чемпионлар шарафига қарсаклар билан якунланди.
Олимпиаданинг якуний, 11-турида Ўзбекистон Украинани 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди ва турнирни биринчи ўринда якунлади. Ҳиндистоннинг Венгрия билан 2:2 ҳисобидаги дурангидан сўнг, жамоа учрашув тугашидан олдинроқ чемпионликни кафолатлаган эди. Ўзбекистон учун бу иккинчи олимпия олтинидир: терма жамоа илк бор 2022 йилда Ченнайда турнир ғолиби бўлган, 2024 йилда эса Будапештда бронза медалини қўлга киритган эди.

