Ўзбекистон Самарқанддаги шахмат Олимпиадаси чемпиони бўлди
Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоаси Самарқанддаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби бўлди. Сўнгги турда унинг асосий рақиби Ҳиндистон дуранг ўйнади, шундан сўнг Ўзбекистон муддатидан олдин биринчи ўринни кафолатлади. Бу терма жамоанинг 2022 йилда Ченнайдаги триумфдан кейинги иккинчи олимпия олтинидир.

Ўзбекистон Самарқанддаги шахмат Олимпиадаси чемпиони унвонини қўлга киритди
Ўзбекистоннинг биринчи эркаклар терма жамоаси Самарқандда ўтказилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолибига айланди. Жамоа олтин медални Украинага қарши ҳал қилувчи учрашув якунланишидан олдинроқ нақд қилиб қўйди, сўнгра унда 2,5:1,5 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи ўриннинг якуний тақдири Ҳиндистон ва Венгрия ўртасидаги дурангдан (2:2) кейин ҳал бўлди. Сўнгги тур олдидан Ўзбекистон 18 жамоавий очко билан Ҳиндистондан бир очко олдинда бориб, биринчи ўринни эгаллаб турган эди.
Бу Ўзбекистон учун охирги учта Олимпиададаги иккинчи олимпия олтинидир. 2022 йилда жамоа Ченнайда илк бор чемпион бўлган бўлса, икки йилдан сўнг Будапештда бронза медалини қўлга киритган эди.
Жавоҳир Синдаров (рейтинги — 2778) терма жамоаларнинг иккинчи баҳсида украиналик энг машҳур шахматчилардан бири — 57 ёшли Василий Иванчук (2630) билан тўқнаш келди. Партия дуранг билан якунланди.
Уй Олимпиадаси якунларига кўра, Синдаров 10 та партияда 7 очко жамғарди — бешта ғалаба, тўртта дуранг ва битта мағлубият. Гроссмейстер биринчи турни ўтказиб юборди. Турнирдаги ягона мағлубиятини у тўққизинчи турда АҚШга қарши баҳсда Уэсли Содан қабул қилиб олди.
Биринчи тахтада Нодирбек Абдусатторов (2762) Игорь Коваленко (2642) билан дуранг ўйнади.
Бунгача Абдусатторов 11 та партия ўтказиб, бирор марта ҳам ютқазмаган эди. Унинг ҳисобида 8,5 очко бор — олтита ғалаба ва бешта дуранг. Сўнгги тургача у, хусусан, собиқ жаҳон чемпиони Дин Лижэнни ва энг кучли америкалик гроссмейстерлардан бири Фабиано Каруанани мағлуб этди. Унинг охиргиси устидан қозонган ғалабаси Ўзбекистонга тўққизинчи турда АҚШни мағлуб этишга ёрдам берди.
Нодирбек Якуббоев (2685) учинчи тахтада Игорь Самуненков (2608) билан дуранг ўйнади. У Олимпиадани 10 та партияда 7,5 очко билан якунлади — олтита ғалаба, учта дуранг ва битта мағлубият.
Якуббоевнинг Ҳиндистон билан баҳсда Ниҳал Сарин, Хитой билан учрашувда Юй Янъи ва АҚШга қарши ўйинда Ханс Ниманн устидан қозонган ғалабалари айниқса муҳим бўлди. Ҳиндистон билан баҳсда айнан унинг ғалабаси ягона натижали партия бўлди ва Ўзбекистонга 2,5:1,5 ҳисобидаги муваффақиятни келтирди.
Муҳиддин Мадаминов (2611) тўртинчи тахтада Роман Дехтярёвни (2508) мағлуб этди. Бу Мадаминов учун Олимпиададаги еттинчи партия эди. У турнирни мағлубиятсиз якунлаб, 5,5 очко жамғарди — тўртта ғалаба ва учта дуранг.
Сўнгги турда ўйнамаган Шамсиддин Воҳидов (2654) олтита партияда 4 очко жамғарди: уч марта ғалаба қозонди, икки марта дуранг ўйнади ва бир марта мағлубиятга учради.
Шу тариқа, бутун Олимпиада давомида Ўзбекистон асосий терма жамоасининг беш нафар шахматчиси тахталарда 33 очко жамғаришди.
Ўзбекистон уй Олимпиадасидаги 11 та жамоавий учрашувдан 9 тасида ғалаба қозонди (Украина билан ўйинни ҳисобга олмаганда). Жамоа дастлабки етти турни жамоавий очко йўқотмасдан ўтказди. Рақиблар орасида ўша пайтдаги амалдаги олимпия чемпиони Ҳиндистон, Хитой ва Венгрия бор эди.
Жамоа ягона мағлубиятни саккизинчи турда Германиядан қабул қилиб олди — 1,5:2,5. Эртаси куниёқ Ўзбекистон АҚШни мағлуб этди — 2,5:1,5, сўнгра унгача мағлубият нималигини билмай келаётган Арманистонни тор-мор келтирди — 3,5:0,5.
Сўнгги тур олдидан Ўзбекистон 18 очко билан якка пешқадамлик қилаётганди ва Ҳиндистондан бир очко олдинда эди. Терма жамоага Ҳиндистон — Венгрия учрашуви натижасидан қатъи назар (бу баҳс 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди) олтинни кафолатлаш учун Украинани мағлуб этиш кифоя эди.
Ўзбекистоннинг асосий рақиби — Ҳиндистон — Венгрия билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Аржун Эригайси Петер Лекони мағлуб этди, бироқ жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш Глеб Дудинга имкониятни бой берди. Рихард Раппорт — Праггнанандҳа ва Беньямин Гледура — Ниҳал Сарин партиялари дуранг билан якунланди.
Хитой Ўзбекистоннинг иккинчи терма жамоасини мағлуб этди — 3:1. Жаҳонгир Воҳидов Дин Лижэн билан, Ҳумаюн Бегмуратов эса Сюй Сянъюй билан дуранг ўйнади. Абдималик Абдисалимов Вэй Ига, Муҳаммадзоҳид Суяров эса Юй Янъига имкониятни бой берди.
Арманистон Олимпиадани Хорватия устидан қозонилган ғалаба билан якунлади — 3:1. Шант Саргсян ва Мануэль Петросян ўз партияларида ғалаба қозонишди, яна иккита учрашув дуранг билан тугади.
Ўзбекистоннинг учинчи терма жамоаси эса, аксинча, турнирни Андорра устидан қозонилган ғалаба билан якунлади — 2,5:1,5. Алмас Раҳматуллаев Серни Рибера Вегансонесни, Муҳаммадали Абдураҳмонов Даниэль Гомес Анадонни мағлуб этди, Саидакбар Сайдалиев Оскар де ла Рива билан дуранг ўйнади. Асроржон Омонов Эстеве Матеу Гиуга имкониятни бой берди.
Ўзбекистон Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг илк олтин медалини 2022 йилда Ченнайда қўлга киритган эди. Ўшанда ёш жамоа 11 тур давомида бирорта ҳам учрашувда ютқазмай, қўшимча кўрсаткичлар бўйича Арманистонни ортда қолдирганди.
Навбатдаги Олимпиадада — 2024 йилда Будапештда — Ўзбекистон учинчи ўринни эгаллади. Ҳиндистон чемпион бўлди, АҚШ кумуш медалларни қўлга киритди. Бундан ташқари, Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада кумуш, Шамсиддин Воҳидов эса тўртинчи тахтада олтин индивидуал медалга сазовор бўлди.
Ўзбекистон Олимпиадани мумкин бўлган 22 очкодан 20 жамоавий очко, 10 та ғалаба ва 1 та мағлубият билан якунламоқда. Индивидуал тахталарда — мумкин бўлган 44 очкодан 32,5 очко.
Ўзбекистоннинг биринчи аёллар терма жамоаси Олимпиадани Арманистондан қабул қилиб олинган 1:3 ҳисобидаги мағлубият билан якунлади.
Афруза Ҳамдамова (2443) Лилит Мкртчянга (2353), Гулруҳбегим Тоҳиржонова (2357) эса Мариам Мкртчянга (2374) имкониятни бой берди. Умида Омонова (2297) Элина Даниелян (2382) билан, Гулдона Каримова (2242) эса Сусанна Габоян (2179) билан дуранг ўйнади.
Ўзбекистоннинг иккинчи аёллар терма жамоаси сўнгги турни Исроил билан дуранг билан якунлади — 2:2.
Нилуфар Якуббоева (2246) Марсель Эфроимскига (2340) ютқазди, Маржона Маликова (2149) Нога Ориан (2307) билан дуранг ўйнади. Мадинабону Халилова (2087) Ольга Гутмахерни (2216) мағлуб этди, Асал Салимова (2088) Виктория Черняк (2222) билан очкони бўлишиб олди.
Ўзбекистоннинг учинчи аёллар терма жамоаси Жанубий Африка Республикасини ишончли тарзда мағлуб этди — 3,5:0,5.
Зилола Актамова (2078) Хлоя Баденхорст (1997) билан дуранг ўйнади. Мафтуна Бобомуродова (2030), Барчиной Шокиржонова (1996) ва Озода Шаҳзодова (1964) ғалаба қозонишди.
Олтин учун курашда Хитой Вьетнамни мағлуб этди — 3:1. Чжу Цзиньэр ва Лу Мяои ўз партияларида ғалаба қозонишди, яна иккитаси дуранг билан якунланди.
Қозоғистон Польша билан 2:2 ҳисобида ўйнади. Эльназ Калиахмет Алиция Сливицкани мағлуб этди, бироқ Алуа Нурман Александра Мальцевскаяга имкониятни бой берди. Яна иккита партия дуранг билан тугади.
Шу тариқа, Хитой биринчи ўринни сақлаб қолди ва Олимпиаданинг аёллар секцияси ғолибига айланди. Қозоғистон турнирни иккинчи ўринда якунлади.

