«Ҳозирги сиёсатни тушунмаган раҳбарлар албатта кетади» — Мирзиёев
Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллабай ишламаган ва оилаларнинг ҳақиқий аҳволини кўрмаган раҳбарлар «албатта ишдан кетиши» ҳақида огоҳлантирди. Ноябрь ойида оилаларнинг даромадлари Жаҳон банки методологияси асосида ўрганилади, декабрда эса ҳокимлар ва бириктирилган раҳбарлар фаолиятига баҳо берилади.

«Ҳозирги сиёсатни тушунмаган раҳбарлар албатта кетади» — Мирзиёев
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ва республика даражасидаги раҳбарларни камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар фақат штаблар йиғилишлари ва ҳисоботбозликдан иборат бўлиб қолмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, камбағалликни қисқартириш бўйича янги тизим доирасида барча вилоят ва туманларда махсус штаблар ташкил этилди. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун ҳудудларга республика даражасидаги иқтисодий комплекснинг 28 нафар раҳбари бириктирилди.
Шу билан бирга, президент Тошкентдан хизмат сафарига юборилган мулозимларнинг ҳокимлик биносида ўтириб, штаб ишини ўша ердан назорат қилишни кифоя деб ҳисоблаши амалиётини танқид қилди.
«Лекин айрим раҳбарлар ҳалигача жойларда ишни нимадан бошлашни ва ҳар бир аниқ оила билан қандай ишлашни тушунмаган. Республикадан келган раҳбарлар: агар мен ҳокимлик биносидаги штабда ўтирсам, ҳар бир вазият назоратим остида бўлади, деб ўйлашади. Бу мутлақо нотўғри ёндашув», — деди Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон 24» телеканали лавҳасида.
Унинг сўзларига кўра, Тошкентдаги республика идоралари вакиллари ўзлари маҳаллаларга бориши, реал вазиятни ўрганиши ва туман ҳокимларига ишни қандай ташкил этиш кераклигини кўрсатиб бериши лозим.
«Яна бир бор огоҳлантирмоқчиман. Агар раҳбар маҳаллага тушмаса, ўз кўзи билан реал вазиятни кўрмаса, „маҳалла еттилиги“ ишига ўзи бош-қош бўлиб, ким нима билан шуғулланиши кераклигини кўрсатиб бермаса, иш юрмайди», — деди президент.
Мирзиёев бу талаб лавозими ва иш стажидан қатъи назар, барча раҳбарларга тегишли эканини таъкидлади. «Ҳозирги сиёсатни тушунмаган раҳбарлар албатта ишдан кетади», — деди у.
Президент, шунингдек, ҳокимлар оилани муҳтожлар тоифасидан чиқаришни бошқача тушунишлари кераклигини айтди.
«Ҳокимлар оилаларни муҳтожлар тоифасидан чиқариш деганда фақат ва фақат иш ўринлари яратадиган ва даромадларни оширадиган лойиҳаларни амалга оширишни, шунингдек, инфратузилма ва шароитлар яратишни тушунишлари керак», — деди Мирзиёев.
У тадбиркорлар билан ишлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, агар битта тадбиркор ойига иккитадан иш ўрни яратса ҳам, бу умумий ҳисобда сезиларли натижа бериши мумкин.
«Тадбиркорга ёрдам бериш керак, тадбиркор билан учрашиш керак. Агар битта тадбиркор ойига иккитадан иш ўрни яратса, бу ҳам катта натижа бўлади», — деди президент.
Унинг сўзларига кўра, ноябрь ойида мамлакатнинг барча туманларида Жаҳон банки методологияси бўйича алоҳида ўрганиш ўтказиш режалаштирилган бўлиб, у оилаларнинг аҳволини уларнинг даромад даражасидан келиб чиқиб аниқлаши керак.
«Бу биз учун ўзига хос синов бўлади: ҳар бир оила даромад даражаси бўйича қайси тоифага кириши аниқ бўлади. Шундан келиб чиқиб, декабрь ойида якун ясаймиз ва вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, республикадан ҳудудларга бириктирилган 28 нафар раҳбар уч ой ичида қандай ўзгаришларни таъминлай олганига адолатли баҳо берамиз», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев оилани муҳтожлар тоифасидан чиқариш ижтимоий реестрдан шунчаки расмиятчилик учун чиқариб ташлашни эмас, балки бандлик, тадбиркорлик лойиҳаси ва зарур инфратузилмани яратиш ҳисобига барқарор даромад манбаи пайдо бўлишини англатиши кераклигини таъкидлади.
«Охирги икки-уч кунлик таҳлил шуни кўрсатмоқдаки: агар чуқурроқ кириб борилса, ҳар бир туман, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалланинг ҳам имконияти, ҳам салоҳияти бор», — деди Мирзиёев.

