Ҳонор ҳаракатланувчи камерали Робот Пҳоне смартфонини намойиш этди
Тизим объектларни автоматик тарзда таниб, кузатиб боради, шунингдек, мусиқага рақсга туша олади.

Ҳонор ҳаракатланувчи камерали Робот Пҳоне смартфонини тақдим этди.
Ҳонор компанияси механик осма мурувватга эга, ғайриоддий камерали Робот Пҳоне флагман смартфонини расман намойиш этди. Ушбу қурилма бурила олади, объектларни кузатади ва ҳатто турли ҳис-туйғуларни намойиш этиб, смартфоннинг орқа панелини ўзига хос ҳамроҳ-роботга айлантиради.
Ҳонор миниатюра барқарорлаштириш тизимини яратиш учун 60 дан ортиқ ишлаб чиқариш жараёнини қўллаши ва 100 дан зиёд юқори аниқликдаги бутловчи қисмларни ўрнатиши керак бўлди. Ушбу конструксия 100 дан ортиқ патент билан ҳимояланган бўлиб, ишлаб чиқарувчининг ўзи уни соҳадаги энг ихчам 4Д-осма деб атайди.
Османинг титанли мотори 2,6 грамм оғирликка эга ва қалинлиги 6 мм. Бутун тизим эса қалинлиги 9,6 мм бўлган корпусга сиғади. Шу билан бирга, смартфоннинг ўзи анча оғир – 248 грамм.
Камерани овоз ёрдамида бошқариш мумкин: масалан, ундан бурилишни ёки маълум бир нуқтага фокусни қаратишни сўраш мумкин. Тизим объектларни автоматик равишда таниб олиш ва кузатиш қобилиятига эга, шунингдек, реал вақт режимида автоматик кадрлашни қўллаб-қувватлайди. Бу видеоблоглар суратга олишда, жонли эфирларда ва видеоқўнғироқлар пайтида жуда фойдали бўлади.
Ҳонор Ёё сунъий интеллект ёрдамчиси билан биргаликда осма камера атрофда содир бўлаётган воқеаларни кузатиши, атрофдаги объектлар билан ўзаро алоқа қилиши ва турли вазифаларни мустақил равишда бажариши мумкин. Бундан ташқари, камера 100 дан ортиқ имо-ишораларни қўллаб-қувватлайди: у бош ирғаши, мўралаши ва ҳатто мусиқага рақсга тушиши ҳам мумкин.
Робот Пҳоне немис кино ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Арри компанияси билан Ҳонор ҳамкорлиги доирасида чиқарилган биринчи қурилма бўлди. Смартфон ўрнатилган Лог-С3 кодлашни, рангларни тўғрилаш учун бевосита қурилманинг ўзида ЛУТ билан ишлашни ва Арри профессионал камераларига хос тасвир хусусиятларини тақлид қилувчи алоҳида кино режимини қўллаб-қувватлайди.
Дастлаб Робот Пҳоне кумушранг ва кулранг тусларда сотувга чиқарилади. Смартфоннинг нархи ва сотувга чиқиш санаси ҳақидаги маълумотни Ҳонор кейинроқ эълон қилади.

