Лайфстайл

Ҳейтфолловинг: нега ёқтирмайдиган одамларимизга ҳам обуна бўламиз?

**Ҳейтфолловинг: Нега биз ёқтирмайдиган инсонларга ҳам обуна бўламиз?**

Ижтимоий тармоқларда баъзан бизни ғазаблантирадиган, асабийлаштирадиган ёки ёқтирмайдиган шахсларни кузатишда давом этамиз. Ҳатто уларнинг ҳар бир постини кўриб, изоҳларда баҳслашишгача борамиз. Психологлар бу ҳолатни "ҳейтфолловинг" деб аташади. Хўш, нега инсон ўзига ёқмайдиган кишини атайлаб кузатади?

**Ҳейтфолловинг нима?**

Ҳейтфолловинг – бу ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг ўзида салбий ҳис-туйғулар уйғотадиган одамга обуна бўлиши ёки уни яширинча кузатиб бориши. Бунда ғазаб, нафрат, жаҳлдорлик ёки безовталик каби ҳислар пайдо бўлиши мумкин.

Баъзилар шунчаки ёқтирмайдиган инсонининг саҳифасини мунтазам кузатади. Бошқалар эса унинг постлари остида салбий изоҳлар қолдиради.

**Нега одамлар ёқтирмайдиган кишиларни кузатади?**

Бир қарашда, кимдир сизни асабийлаштирса, шунчаки ундан обунани бекор қилиш мумкин. Аммо бунинг ортида турли сабаблар бўлиши мумкин.

**1. Янги ҳис-туйғуларни бошдан кечириш учун**

Психиатр-психотерапевт Павел Бесчастновнинг таъкидлашича, инсон доимо қандайдир ҳисларни бошдан кечиришга эҳтиёж сезади. Ижобий ҳислар ёқимлироқ, албатта, аммо салбий ҳислар ҳам ҳис-туйғу ҳисобланади.

Шунинг учун айрим одамлар ғазаб, норозилик ёки кескин баҳслар орқали ҳам кучли ҳиссиётларни бошдан кечиришни хоҳлаши мумкин. Худди одам қўрқинчли бўлса-да, экстремал аттраксионларга чиқиб, бундан завқ олгани каби.

**2. Вазиятни назорат қилаётгандек ҳис қилиш учун**

Инсон онгсиз равишда ўзини безовта қилаётган одамни хавф манбаи сифатида қабул қилиши мумкин. Шу сабабли уни кузатиб бориш вазият устидан назорат ўрнатаётгандек таассурот беради.

Масалан, ўрмонда илонга дуч келсангиз, у узоқлашиб кетмагунча кўзингизни ундан узмайсиз. Ижтимоий тармоқларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилади. Бундан ташқари, салбий изоҳлар ёзиш одамга бошқа турдаги ҳиссий қониқиш беради. Аналитик психолог ва нейропсихолог Наталя Каурованинг фикрича, айримлар машҳур инсон ёки блогер устидан қандайдир “ҳокимият”га эга эканини ҳис қилишдан завқ олади.

**3. Ичидаги ғазабни чиқариш учун**

Интернет одамга ўз ҳис-туйғуларини деярли қаршиликсиз чиқариш имконини беради. Психолог Мария Богрованинг таъкидлашича, кундалик ҳаётда ғазабини кўрсатишга қийналадиган одамлар баъзан уни интернет орқали чиқаради. Яъни одам истаган салбий фикрини ёзиши мумкин ва бунинг оқибати кўпинча блокланиш ёки танбеҳ билан чекланади.

**4. Ўзининг ҳақ эканини исботлаш учун**

Баъзан бизни кучли ғазаблантираётган инсон биз ўзимизга рухсат бермайдиган ишни қилаётган бўлиши мумкин. Масалан, кимдир бошқача яшайди, бошқача кийинади ёки ҳаётга бошқа қарашда бўлади. Бундай вазиятда одам “Мен тўғри яшаяпман, у эса нотўғри” деган фикрини ўзига қайта-қайта исботлашга уриниши мумкин.

**5. Ўзини бошқалардан устун ҳис қилиш учун**

Интернетда ўзидан “ёмонроқ” деб ҳисоблаган одамни топиш ҳам ўзига бўлган баҳони оширишнинг осон йўли бўлиши мумкин. Масалан, блогернинг имло хатоларини қидириш, ташқи кўринишини ёки фикрларини танқид қилиш орқали одам ўзини ундан ақллироқ ёки яхшироқ эканини ҳис қилади.

**6. Ҳақиқий муаммолардан чалғиш учун**

Ёқтирмайдиган блогернинг саҳифасини кўриш ёки унинг постлари остида баҳслашиш ҳам вақтинча кундалик муаммоларни унутишга ёрдам беради. Бу ҳам вақт ўтказишнинг бир тури.

**Ҳейтфолловингнинг зарари нимада?**

* **Бу сизни ранжитади:** Салбий ҳис-туйғуларнинг ўзи ёмон эмас. Улар бизга нимадир нотўғри эканини билдириши мумкин. Аммо сизни доимий равишда ғазаблантирадиган инсонни атайлаб кузатиш — ўзингизни қайта-қайта ранжитиш билан баробар.

* **Бу вақтингизни олади:** Гап фақат бировнинг саҳифасини очишга кетадиган бир неча дақиқада эмас. Ундан кейин ҳам одам ўқиган постлари ҳақида ўйлаши, ичида баҳслашиши ва салбий ҳиссиётлардан чиқишга вақт сарфлаши мумкин.

* **Бу сизни жаҳлингизни чиқараётган одамга фойда келтиради:** Ижтимоий тармоқ алгоритмлари сизнинг у инсонни яхши кўришингиз ёки ёмон кўришингизни ажратмайди. Кўришлар, обуналар ва изоҳлар унинг фаоллигини оширади. Демак, сизнинг эътиборингиз у инсоннинг машҳурлигини янада кучайтириши мумкин.

**Ҳейтфолловингга берилиб кетганингизни сезсангиз, нима қилиш керак?**

Агар кимдир сизни доимий равишда асабийлаштирса, ўзингизга бир нечта савол бериб кўринг:

* Нега мен бу одамга обуна бўлганман?

* Нега унинг постларини мунтазам кўраман?

* Нега изоҳ ёзаман?

* Бу менга нима беради?

* Нима учун обунани бекор қила олмаяпман?

* Агар уни кузатишни тўхтацам, бўшаган вақтимни нимага сарфлайман?

Психолог Мария Богрованинг фикрича, энг муҳими — бу одат орқали қандай эҳтиёжингизни қондираётганингизни тушуниш. Кейин эса ўша эҳтиёжни бошқа, соғломроқ йўл билан қондириш мумкин.

Баъзан бизни энг кўп асабийлаштирадиган одам аслида биз ҳақимизда бошқалардан кўра кўпроқ нарсани кўрсатиб бериши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.