Лайфстайл

Ҳар куни ўзингизга бериладиган уч савол...

Конфуций ҳар куни ўзига қуйидаги уч саволни берар экан: «Одамларга бирор яхшилик қилдимми? Дўстларим билан

Ҳар куни ўзингизга бериладиган уч савол...

Буюк хитой файласуфи Конфуций «Ўзингга раво кўрмаган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўрма, аждодлар хотирасини ёдингда тут, жамиятда, оилада қарор топган анъаналарни ҳурмат қил», дейди.

Бўлажак олим бир ярим ёшга тўлганида отасидан етим қолади, қийинчилик билан катта бўлади, қорин тўйдириш учун ишлашга мажбур бўлади. Шу билан бирга, илм олишга астойдил қизиқади, ёғоч, шойи, бамбук парчаларига ёзилган китобларни қайта-қайта ўқийди.

Йигирма икки ёшида донишмандлик даражасига етиб, миллатнинг буюк муаллими мақомига эришади, ўттиз ёшида мамлакат тарихида биринчи бўлиб хусусий мактаб очади.

«Ўн беш ёшимда менда ўқишга иштиёқ туғилди. Ўттиз ёшимда қатъий бир қарорга келдим. Қирққа кирганимда шубҳа-гумонлардан холи бўлдим. Эллигимда Фалак иродасини англадим. Олтмишимда самимият, сидқидиллик мени забт этди. Етмишга киргач, қалб амрига кўра иш тутаяпман», дер экан у шогирдларига.

Конфуций таълимоти йиллар, асрларни ортда қолдириб, ўзининг маънавий-ахлоқий қудрати, ҳаётийлиги, айни пайтда содда ва тушунарлилиги билан ҳамон яшаб келмоқда. Бу таълимот нафақат Хитой ва жануби-шарқий Осиё мамлакатларига, балки дунёнинг турли бошқа бурчакларига ҳам ёйилган.

Унинг номи дунёнинг тўрт буюк донишмандлари қаторида тилга олинади. 1988 йилда халқаро Нобел мукофоти ҳайъатининг Париждаги йиғилишида қабул қилинган мурожаатномада шундай сўзлар бор: «Инсоният янги ХХИ асрда яшаб қолишни истаса, бундан 25 аср аввал яшаб ўтган Конфуций таълимотидан яхши хабардор бўлмоғи ва унга амал қилмоғи даркор».

Конфуций ҳар куни ўзига қуйидаги уч саволни берар экан: «Одамларга бирор яхшилик қилдимми? Дўстларим билан самимий муносабатда бўлдимми? Олган тарбиям ва таълимимга риоя қилдимми?»

Конфуцийнинг мазкур ҳикматлари ғоят чуқур маънога эга: «Қушлар ўлим олдидан аламли қичқиради, одамлар эса муҳим ва энг зарур нарсалар тўғрисида сўзлашадилар. Олижаноб одам ҳаёти йўлида уч қадриятни пухта эгаллайди: ташқи қиёфаси ва хатти-ҳаракатлари қўполлик ва димоғдорликдан холи бўлади, юзидаги жиддийлик аломатлари билан ишонч қозона олади, гап-сўзлари ва оҳангида муғомбирлик бўлмайди», «Ўз халқининг урф-одатлари ва мусиқасини ўрганган одамлар оқ кўнгил бўладилар», «Одамлар учун сув ва олов муҳим, аммо инсонгарчилик улардан кўра ҳам муҳимроқ. Мен сув ва олов туфайли ҳалок бўлган одамларни кўрдим, аммо инсонгарчилиги учун ҳалок бўлган бирорта одамни кўрганим йўқ».

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.