Ҳаммамиз Сингапурга борамиз
Дунёдаги энг юқори маош олувчи сиёсатчи 1 миллион доллар устама олади

Ҳаммамиз Сингапурга борамиз
Сингапурда 15 октябрдан бошлаб ҳукумат аъзоларининг маошлари оширилади, бунинг натижасида бош вазир Лоуренс Вонгнинг йиллик даромади 64 фоизга — 2,2 миллиондан 3,6 миллион Сингапур долларигача (тахминан 2,85 миллион АҚШ доллари) кўтарилади. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари парламентда маълум қилди.
Мамлакат расмийлари малакали кадрларни жалб қилиш ва коррупцияни жиловлаш мақсадида сиёсий етакчилар меҳнатига ҳақ тўлашнинг юқори даражасини сақлаб қолиш анъанасига амал қилади.
Лоуренс Вонг бу масала аҳоли учун нозик эканини тан олди ва тўловларнинг қайта кўриб чиқилиши 2012 йилдаги сўнгги ўзгаришдан бери хусусий ва давлат секторларида даромадларнинг ўсиши билан боғлиқлигини таъкидлади. Ҳукумат раҳбари келгуси 5 йил давомида маошининг оширилган қисмини хайрия ишларига ўтказишини маълум қилди. Кичик вазирларнинг маошлари ҳам оширилади — иш натижаларига қараб 1,1 миллион Сингапур долларидан 1,35–1,8 миллионгача. Сингапур бош вазири ҳамон дунёдаги энг кўп маош олувчи миллий етакчи бўлиб қолмоқда. Таққослаш учун, АҚШ президентининг йиллик даромади 400 минг долларни, Буюк Британия бош вазириники эса 230 минг долларни ташкил этади.
Сингапур амалдорларнинг маошларини ҳисоблашда мамлакатнинг энг кўп даромад олувчи 1 минг нафар фуқароси даромадларига таянади. Охирги марта вазирларнинг маошлари 2012 йилда 36 фоизга қисқартирилган эди, кейинги қайта кўриб чиқишлар эса қолдирилганди. Ушбу ташаббус аллақачон жамиятда ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди, масаланинг парламентдаги муҳокамаси эса пайшанба кунига белгиланган.
Юқори маошлар коррупция хавфини минималлаштириши керак, бироқ 2024 йилда Сингапур собиқ транспорт вазири С. Исваран 300 минг доллардан ортиқ қийматдаги совғаларни олгани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

