Хитойда 41 млн долларлик коррупсияда айбланган собиқ амалдор ўлимга ҳукм қилинди

Хитойда 41 миллион долларлик коррупсияда айбланган собиқ амалдорга ўлим жазоси тайинланди. Бу ҳақда 11-август куни Ҳубей провинсиясининг Жингжоу шаҳри оралиқ суди маълум қилди.
Нанкин шаҳри Халқ вакиллари кенгаши қўмитасининг собиқ раҳбари Лонг Сианг пора олиш, ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва инсайдерлик жиноятлари учун икки йиллик кечиктириш шарти билан ўлим жазосига ҳукм қилинди. У умумий ҳисобда тахминан 41 миллион долларлик коррупсия ишида айбланмоқда.
Суд унинг умрбод сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум этилишини ва барча шахсий мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилишни буюрди. Биринчи инстансия судида Лонг Сианг давлат мулкини ўзлаштиргани учун 9 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 1 миллион юан (148 минг доллар) жаримага тортилган эди. Мансабини суиистеъмол қилгани учун 9 йил, инсайдерлик учун эса 5 йил қамоқ ва 1 миллион юан жаримага ҳукм қилинган.
Суд барча жазоларни бирлаштириб, якуний ҳукмни чиқарди. Пора ва бошқа жиноятлар орқали топилган ноқонуний даромадлар давлат ғазнасига ҳамда жабрланган ташкилотларга қайтарилади.
Суд маълумотларига кўра, Лонг Сианг 2009-йил январидан 2025-йил март ойигача турли юқори лавозимларда ишлаган. У ўз мансабидан фойдаланиб, компаниялар ва шахсларга лойиҳаларни олиш ҳамда бошқа масалаларда ёрдам берган. Бунинг эвазига у умумий қиймати 261 миллион юандан (38-39 миллион доллар) ортиқ пул ва мол-мулкни пора сифатида олган.
Шунингдек, у 2014—2016-йилларда бошқалар билан тил бириктириб, Нанкин иқтисодий ва технологик ривожланиш зонасидан 12 миллион юан (1 миллион 800 минг доллар) субсидияни ноқонуний олган. 2009—2016-йилларда эса ўз манфаатлари йўлида қонунбузарларни терговдан яширган. Бу давлат ва жамиятга жуда катта зарар етказган.
2017—2018-йилларда эса у махфий молиявий маълумотлардан фойдаланиб, 10,05 миллион юандан (1 миллион 500 минг доллар) ортиқ аксияларни ноқонуний сотиб олган.
Суд унинг йирик хизматлари, айбини тан олгани, терговга маълум бўлмаган фактларни очгани, пушаймонлиги ва барча ноқонуний пулларни қайтарганини ҳисобга олиб, жазони бироз енгиллаштирди. Пора ва ўзлаштириш орқали топилган барча мол-мулк тўлиқ ундирилди. Ушбу иш бўйича очиқ суд мажлиси 2026-йил 10-апрелда бўлиб ўтган эди. Аввалроқ маоши камайтирилгани учун раҳбари ва ҳамкасбларини заҳарлаган хитойлик эркак ўлим жазосига маҳкум этилгани ҳақида хабар берилганди.

