Гуркхалар оркестри Колчестердаги янги уйда фахрийлар учун куй-қушиқлар ижро этди
Гуркхалар бригадаси оркестри янги "иккинчи уйида" анъанавий непал қўшиқларини ижро этмоқда.

Гуркхалар оркестри Колчестердаги янги базада фахрийлар учун консерт берди
Гуркхалар 200 йилга яқин вақтдан бери Британ армияси таркибида хизмат қилиб келмоқда
Гуркха ҳарбий оркестри Кентдан Эссексга кўчиб ўтганидан бери илк бор омма олдида чиқиш қилди.
Чоршанба куни Гуркха бригадаси оркестри шаҳардаги Хотира якшанбаси парадидаги илк оммавий чиқиши олдидан Колчестердаги гуркха фахрийлари учун ғанъанавий Непал халқ мусиқасини ижро этди.
Туба чалувчи Анкит Райнинг айтишича, чиқишда иштирок этиш унга "узоқдаги ўз уйидагидек" туюлган ва унга "Британ армиясида хизмат қилган ва ўзи меросини давом эттираётган" бобосини эслатган.
"Гуркха фахрийларимиз биз учун пойдевордир," дея қўшимча қилди у. "Улар биз бугун давом эттираётган меросни яратишган ва уларнинг рақсга тушаётганини кўриш биз учун жуда тўлқинлантирувчи бўлди."
1947 йилда Ҳиндистон бўлинганидан кейин Непал, Ҳиндистон ва Британия ўртасидаги келишув Ҳиндистон армиясининг тўртта Гуркха полкини Британ армиясига ўтказилишига олиб келди, улар кейинчалик Гуркха бригадасини ташкил этди.
Гуркхалар Британ армиясида 200 йилга яқин вақтдан бери хизмат қилиб келмоқда ва икки жаҳон урушида 200 000 дан ортиқ гуркха жанг қилган.
Улар шунингдек Ҳонгконг, Малайзия, Борнео, Кипр, Фолкленд ороллари, Косово, эндиликда эса Ироқ ва Афғонистонда хизмат қилишган.
Анкит Рай Гуркха бригадаси оркестрида ўйнаш катта шараф эканини айтди
Оркестр ёзда Фолкстондаги Сент-Жон Мур казармасидан ушбу шаҳарга кўчиб ўтган.
Райнинг айтишича, тадбирда анъанавий ва оммабоп халқ қўшиқларини, жумладан "Решам Фирири"ни ижро этиш "жуда катта шараф ва фахрли иш" бўлди ҳамда ўз меросидан ғурурланиш туйғусини кучайтирди.
Истеъфодаги майор Удай Баҳадур Гурунг (MBE) 1990-йиллардан бери оркестрни парадда биринчи марта кўраётганини айтди
Истеъфодаги майор Удай Баҳадур Гурунг (MBE) чиқишни томоша қилди ва шундай деди: "Улар ажойиб эди, мен уларнинг ўйнаганини 1990-йилларнинг охирида кўргандим ва мана энди 2026 йил — орадан жуда кўп вақт ўтди.
Бу уларнинг парадда мусиқа ижро этаётганини биринчи марта кўришим."
Унинг айтишича, Колчестерда Гуркха жамоасининг 3 000 дан ортиқ аъзоси бор.
Капитан Дэвид Жеймс Ҳаттон — Гуркха бригадаси оркестрининг мусиқий раҳбари
Гуркха бригадаси оркестрининг мусиқий раҳбари, капитан Дэвид Жеймс Ҳаттон чиқиш "ажойиб бўлганини ва Непал жамоатчилигининг биз билан чин дилдан мулоқотда бўлганини кўриш ёқимли" эканини айтди.
Ҳаттоннинг таъкидлашича, Гуркхалар сафида бўлиш одамлар учун шарафдир.
Унинг қўшимча қилишича, бу кун "бир нечта анъанавий Непал куйларини, баъзи жуда замонавий ва баъзи жуда эски ва жуда машҳур куйларни ўз ичига олди, бу албатта юракка етиб боради — уйни эслатади.
Биз буни ҳар йили қиламиз, Непалдаги фахрийлар учун ўйнаймиз, лекин бу ердаги маҳаллий жамоатчилик билан боғланиш наиҳоятда ёқимли."

