Гранд-Канонда кучли тошқин: туристик йўналишлар ёпилди
АҚШнинг Аризона штатидаги Гранд-Канонда миллий боғида кучли сув тошқини содир бўлди. Табиий офатдан кейин қутқарувчилар бир неча кишининг қаердалигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда, ўнлаб одамлар эса хавфли ҳудуддан эвакуация қилинган.

Гранд-Канонда кучли сел туфайли сайёҳлик йўналишлари ёпилди
29-август куни Гранд-Канон миллий боғининг Брайт-Энжел канони ва Фантом-Ранч ҳудудларида кучли ёмғирлар натижасида юзага келган тўсатдан тошқин жиддий вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Сув оқими Колорадо дарёсига улкан тошлар, металл конструксиялар ва бошқа чиқиндиларни олиб келди.
АҚШ Миллий парклар хизмати дастлаб 20 дан ортиқ киши билан алоқа йўқолганини маълум қилди, кейинчалик эса расмийлар 15 нафар шахснинг қаердалигини аниқлашга ҳаракат қилаётганини билдирди. Бироқ, уларнинг барчаси тўғридан-тўғри тошқин қурбони бўлгани тасдиқланмаган; баъзилари хавфсиз жойда бўлиши, аммо алоқа имконияти бўлмаслиги мумкин.
Миллий парк маъмурияти 29-август куни Брайт-Энжел-Крик бўйлаб, Шимолий Кайбаб йўлида, Брайт-Энжел кемпинги, Фантом-Ранч ёки унинг шимолидаги Тҳе Бох деб номланувчи ҳудудда бўлган сайёҳлар ҳақида маълумотга эга бўлганлардан қутқарув хизматларига мурожаат қилишни сўради.
Тошқиндан сўнг камида 62 киши ҳаво орқали эвакуация қилинди. Қутқарув ишларига Миллий парклар хизмати ходимлари билан бирга Аризона жамоат хавфсизлиги департаменти ҳам жалб этилди.
Сув оқими Брайт-Энжел-Крик устидаги деярли барча пиёдалар кўприкларини вайрон қилди, бу эса сойнинг бир қирғоғидан иккинчисига ўтишни имконсиз қилди. Тошқин йўллар, кўприклар ва бошқа сайёҳлик инфратузилмасига ҳам катта зарар етказди.
Бундан ташқари, офат миллий боғдаги сайёҳлар ва доимий яшовчиларни сув билан таъминлайдиган асосий қувурга шикаст етказди. Шу сабабли парк маъмурияти сувни тежашга чақирди ва сайёҳлар учун айрим меҳмонхона ва ётоқ жойларидан фойдаланишни чеклади.
Фантом-Ранч, Брайт-Энжел кемпинги ва Шимолий Кайбаб сайёҳлик йўли кейинги хабарга қадар ёпилди. Колорадо дарёсига металл конструксиялар ва бошқа йирик чиқиндилар тушгани сабабли дарёда ҳаракатланиш ва рафтинг ҳам вақтинча тўхтатилди.
Метеорологик маълумотларга кўра, кучли ёғингарчилик жуда қисқа вақт ичида тушган. Тик қоялар ва баландликнинг кескин ўзгариши сувнинг пастга катта тезликда оқиб тушишига сабаб бўлиб, тўсатдан кучли сел оқимини юзага келтирган.
Ҳудудда яна кучли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши прогноз қилингани сабабли янги тошқинлар, сел ва тош кўчиши хавфи сақланиб қолмоқда. Сайёҳлардан ёпилган ҳудудларга кирмаслик ва қутқарув хизматлари кўрсатмаларига амал қилиш сўралган.

