Глобал иқтисодий интеграция йўлидаги қатъий қадамлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШга ташрифи доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиши масаласи бўйича кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар жараёни, миллий қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, шунингдек, ташкилот билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Аъзо бўлиш […]

**Глобал иқтисодий интеграция йўлидаги қатъий қадамлар**
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШга ташрифи давомида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиши билан боғлиқ кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар, миллий қонунчиликни халқаро нормаларга мувофиқлаштириш, шунингдек, ташкилот билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш — бу нафақат ташқи иқтисодий қадам, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган чуқур тизимли ислоҳотларнинг, шунингдек, ривожланишнинг янги босқичига ўтишнинг муҳим қисмидир. Жаҳон савдосининг 98 фоизини қамраб олган кенг кўламли иқтисодий маконда тенг шароитларда иштирок этиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга глобал бозорларга адолатли шартларда чиқиш имкониятини беради.
Миллий қонунчилик ва бозор қоидаларини ЖСТнинг илғор стандартларига мувофиқлаштириш, ўз навбатида, мамлакатда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, монополияларни қисқартиришга ва ташқи савдодаги маъмурий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади. Халқаро савдо қоидаларига риоя қилиш Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, мамлакатга йирик хорижий инвестициялар, трансмиллий корпорациялар ва инновацион технологиялар оқимини тезлаштиради.
ЖСТ раҳбарияти билан музокаралар Ўзбекистоннинг очиқлик, глобал иқтисодиётга фаол интеграциялашув ва эркин бозор тамойилларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Бу саъй-ҳаракатлар халқ фаровонлигини оширишга ва мамлакат иқтисодиётининг глобал рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

