Иқтисодиёт

Германияга хорижий сармоя оқими кескин ошди

2025-йилда Германияга киритилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 50 фоизга ошиб, 86 миллиард еврога етди. АҚШ компаниялари инвестицияларни кескин қисқартирган бир пайтда, Британиядан киритилган сармоя ҳажми 284 фоизга ўсган.

Германияга чет эл сармояси оқими сезиларли даражада кўпайди. Кёлндаги Германия иқтисодиёт институти (ИВ) маълумотларига кўра, 2025-йилда хорижий компанияларнинг Германияга тўғридан-тўғри инвестициялари сезиларли даражада ошган.

Йил давомида мамлакатга 86 миллиард евро миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилган. Бу 2024-йилдаги кўрсаткичдан 50 фоизга кўпдир. Институт экспертлари бундай ўсишни баҳолашда 2024-йилда инвестициялар ҳажми кескин камайганини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаган. Ўша йили Германияга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 32 фоизга қисқарган эди.

Экспертларнинг қайд этишича, тўғридан-тўғри инвестициялар оқими йилдан йилга сезиларли ўзгариши мумкин. Айрим йирик битимларнинг ўзи ҳам умумий кўрсаткичга катта таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, инвестицияларга оид статистика кейинчалик юқори ёки паст томонга қайта кўриб чиқилиши мумкин. Шунга қарамай, 2025-йилги кўрсаткич 2015–2024-йиллардаги инвестициялар медианаси билан таққосланганда ҳам 11 фоизга юқори бўлган.

Айни пайтда, Германияга сармоя киритаётган давлатлар таркибида жиддий ўзгариш кузатилган. Хусусан, АҚШ компанияларининг Германияга инвестициялари 2025-йилда 44 фоизга қисқариб, 11,8 миллиард еврога тушган. Натижада АҚШнинг Германияга киритилган жами хорижий инвестициялардаги улуши 36 фоиздан 14 фоизга камайган. Буюк Британия компанияларининг инвестициялари эса, аксинча, 284 фоизга ошиб, 26 миллиард еврога етган. Бу Германияга 2025-йилда киритилган жами хорижий инвестицияларнинг 31 фоизига тенг.

Шунингдек, Хитой, Чили ва Саудия Арабистонидан киритилган инвестициялар ҳажми ҳам ошган. Бироқ ИВ маълумотларига кўра, ушбу мамлакатларнинг Германияга киритилган жами хорижий сармоядаги улуши ҳозирча нисбатан кичиклигича қолмоқда.

Германияга хорижий инвестицияларнинг энг катта қисми Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан кириб келган. 2025-йилда ЕИ мамлакатларидан инвестициялар ҳажми 2,7 фоизга камайиб, 43 миллиард еврога тушган. Шунга қарамай, бу Германияга йил давомида киритилган барча хорижий инвестицияларнинг қарийб ярмини ташкил этади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.