Дунё

Германияда жазирама сабаб 14 мингга яқин одам вафот этди

Германияда 6-апрелдан 9-августгача бўлган даврда жазирама туфайли қарийб 14 минг киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Деуцче Велле Роберт Кох институтининг ҳисоботига таяниб хабар берди.

Олимларнинг таъкидлашича, бу баҳо эҳтиёткорлик билан қилинган бўлиб, ҳақиқий рақамлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар 100 минг аҳолига 17 та ўлим ҳолати тўғри келган, бу сўнгги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичдир. Таққослаш учун, 2018-йилда жазирама сабаб 8 900 киши вафот этган эди.

**Аномал иссиқлик давридаги энг заиф қатламлар**

Юқори ҳаво ҳарорати энг кўп 85 ёшдан ошганларга таъсир кўрсатган, бу ёш гуруҳида 7 040 киши вафот этган. 75–84 ёшдагилар орасида тахминан 3 450 та, 65–74 ёшдагилар орасида эса 2 170 та ўлим ҳолатлари қайд этилган. Шунингдек, 65 ёшгача бўлганлар орасида 1 320 та ўлим кузатилган.

Ўлим кўрсаткичи эркакларга нисбатан аёллар орасида юқори бўлган, аммо бу кекса ёшдаги аёллар улушининг кўплиги билан изоҳланади.

Кўпинча ўлимлар бевосита иссиқ ҳаво билан боғлиқ деб рўйхатга олинмайди, чунки ўлим ҳақидаги гувоҳномаларда, масалан, аъзоларнинг ишдан чиқиши сабаб қилиб кўрсатилади. Аксарият ҳолларда юқори ҳарорат ва юрак-қон томир, ўпка ҳамда буйракка алоқадор мавжуд касалликларнинг биргаликда келиши ўлимга олиб келади.

**Ҳудудлар бўйича юқори ўлим кўрсаткичлари**

Статистик маълумотларга кўра, экстремал юқори ҳарорат Саар ва Рейнланд-Пфалс федерал ерлари аҳолисига энг қаттиқ таъсир кўрсатган. У ерда ҳар 100 минг кишига мос равишда 46 ва 42 киши иссиқдан вафот этган. Гессен ва Баден-Вюртембергда эса бу кўрсаткичлар бироз пастроқ бўлиб, 31 ва 28 кишини ташкил қилган.

Германия собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах аномал иссиқ оқибатларига қарши кураш чораларини кучайтиришга чақирган. У мамлакат бўйлаб иссиқлик масалалари бўйича ахборот порталлари ва ишонч телефонларини ишга туширишни таклиф қилган.

Бу йилги ёз кўплаб давлатларда жазирама иссиқ билан кечди. Қозоғистоннинг бир нечта ҳудудида ҳарорат рекордлари янгиланди, Чимкентда эса 111 йиллик рекорд қайд этилди. Европада сув сатҳи пасайди, айниқса, Рейн ва Дунай дарёлари қурғоқчиликдан жиддий зарар кўрди. Бу Руминия ва Венгрияда АЕС фаолиятининг тўхтатилишига олиб келди. Шунингдек, Австралия ва Словакия тарихидаги энг иссиқ кун кузатилди. Жанубий Кореяда эса 122 йиллик ҳарорат рекорди ўрнатилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.