Дунё

Германияда 12,5 минг ўлим жазирама билан боғланди

Германияда 2026-йил бошидан 2-августга қадар жазирама иссиқ билан боғлиқ эрта ўлимлар сони қарийб 12,5 мингтага етди. Роберт Кох институти (РКИ) маълумотларига кўра, бу сўнгги 10 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Германияда бу йилги ғайритабиий иссиқ об-ҳаво туфайли вафот этганлар сони сезиларли даражада ошди. Роберт Кох институтининг 13-августдаги ҳафталик ҳисоботида келтирилишича, 2-август ҳолатига кўра, жазирама билан боғлиқ тахминан 12,5 мингта муддатидан олдин ўлим қайд этилган.

Мутахассислар бу баҳолаш консерватив ҳисоб-китобларга асосланганини таъкидламоқда, шунинг учун амалда юқори ҳарорат таъсири билан боғлиқ ўлимлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

РКИ маълумотларига кўра, 2026-йилги кўрсаткич сўнгги ўн йилликдаги энг юқори натижадир. Бунгача 2018-йилда жазирама оқибатида тахминан 9,4 минг, 2019-йилда эса 7,7 минг киши вафот этгани ҳисобланган.

Ҳудудлар кесимида аномал иссиқдан энг кўп Саар ва Рейнланд-Пфалс федерал ерлари аҳолиси жабрланган. Саарда ҳар 100 минг аҳолига 43,4 та, Рейнланд-Пфалсда эса 38,7 та иссиқ билан боғлиқ ўлим тўғри келган. Германия бўйича ўртача кўрсаткич ҳар 100 минг кишига 15 та ўлимни ташкил этган.

Статистика жазирама айниқса кекса ёшдагилар учун катта хавф туғдирганини кўрсатмоқда. 2026-йилда иссиқ билан боғлиқ ўлимларнинг қарийб 6,3 мингтаси 85 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар ҳиссасига тўғри келган. 75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар орасида эса 3,1 мингдан зиёд киши жазирама оқибатида вафот этгани баҳоланмоқда.

Айни пайтда Германияга яна бир иссиқ ҳаво тўлқини кириб келган. Бироқ у июн ойи охирида кузатилган жазирамага нисбатан кучсизроқ. Ўша пайтда мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори кўтарилган эди. РКИ ҳисоб-китобларига кўра, фақат июн ойидаги жазирама Германияда қарийб 5,1 минг кишининг ўлими билан боғлиқ бўлган.

АФП ҳисоб-китобларига кўра, шу ойнинг ўзида Европа бўйлаб камида 12 мингта ортиқча ўлим юқори ҳарорат билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2026-йилнинг июн ва июл ойлари Ғарбий Европада кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ойлар бўлди. Европа Иттифоқининг Сопернисус иқлим ўзгариши хизмати маълумотларига кўра, ушбу даврда ўртача ҳарорат 1991–2020-йиллардаги кўрсаткичдан 2,79 даража юқори бўлган.

Германиянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах аномал иссиқ оқибатларига қарши кураш чораларини кучайтиришга чақирди. У бутун мамлакат бўйлаб жазирама билан боғлиқ хавфлар ҳақида маълумот берувчи махсус порталлар ва тезкор телефон линияларини жорий этишни таклиф қилган. Германия Атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш федерал вазирлиги давлат котиби Ёхен Фласбарт эса 2027-йил ёзига қадар экстремал иссиққа қарши миллий режа ишлаб чиқиш тарафдори эканини билдирган.

Германия шаҳарлари уюшмаси раҳбари, Лейпсиг обер-бургомистри Буркхард Юнг жазирама ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши чораларни молиялаштириш масаласини мамлакат Асосий қонунида белгилаб қўйишга чақирган. Шу билан бирга, Германия касалхоналар жамияти тиббиёт муассасаларида совитиш тизимларини модернизация қилиш заруратига эътибор қаратди. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозир Германия шифохоналаридаги палаталарнинг фақат кичик қисми кондиционерлар билан жиҳозланган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.