Технология

Германияда бизнесга ҳар учинчи киберҳужум ортида хорижий махсус хизматлар турибди

Германияда сўнгги 12 ой давомида киберҳужум, жосуслик ёки диверсиядан жабрланган компанияларнинг 37 фоизи камида битта ҳужумни бошқа давлатларнинг махсус хизматлари билан боғлаган. Бундай жиноятлар оқибатида бизнесга етказилаётган йиллик зарар камида 211 млрд евро деб баҳоланмоқда.

Германияда бизнесга қилинган ҳар уч киберҳужумдан бирининг ортида хорижий махсус хизматлар турибди. Бу ҳақда Германиянинг Битком федерал уюшмаси 26-август куни эълон қилган тадқиқотида маълум қилди.

Тадқиқот доирасида камида 10 нафар ходим ишлайдиган 1003 та Германия компанияси сўровдан ўтказилди. Маълумотларга кўра, сўнгги 12 ойда киберҳужумлар, жосуслик ёки диверсияга дуч келган компанияларнинг 37 фоизи камида битта жиноят ортида хорижий давлат махсус хизматлари турганини аниқлаган. Бу кўрсаткич 2025-йилда 28 фоизни, 2023-йилда эса атиги 7 фоизни ташкил этган.

Ҳужум содир этилганини тасдиқлай олган компанияларнинг 52 фоизи унинг манбасини Хитой билан боғлаган. Яна 49 фоиз компания Россияга олиб борувчи изларни аниқлаган. Европа Иттифоқига кирмайдиган Шарқий Европа мамлакатлари ҳужумлар манбаси сифатида 34 фоиз ҳолатда қайд этилган. АҚШ улуши 27 фоизни, Германиядан ташқари ЕИ давлатлари 12 фоизни ташкил қилган. Ҳужумларнинг яна 12 фоизида излар Германиянинг ўзига олиб борган.

Битком Эронни иқтисодий жиноятлар соҳасидаги "янги ва сезиларли ўйинчи" деб атаган. Жабрланган компанияларнинг 9 фоизи ҳужумларда Эрон билан боғлиқ изларни аниқлаган. Шу билан бирга, компанияларнинг аксарияти уларга қарши ҳужумлар ортида уюшган жиноий гуруҳлар турганини маълум қилган.

Битком раҳбари Ралф Винтергерстнинг таъкидлашича, кўплаб мамлакатларда уюшган жиноятчилик ва махсус хизматлар ўртасидаги чегара тобора ноаниқлашиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, махсус хизматлар жиноий тузилмалардан фойдаланиши, жиноятчиларга эса сиёсий мақсадларга мос нишонларни танлаган тақдирда эркин ҳаракат қилиш имконияти берилиши мумкин.

Тадқиқотда сунъий интеллектдан киберҳужумларда фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Компанияларнинг 82 фоизи жиноятчилар ҳужумларни амалга оширишда сунъий интеллектдан тобора кўпроқ фойдаланаётганини билдирган. Бироқ респондентларнинг 31 фоизигина бунга ишонч билдирган, 51 фоизи эса сунъий интеллект қўлланаётганини тахмин қилган. Компанияларнинг 17 фоизи эса сунъий интеллектдан фойдаланилганини криминалистик экспертиза орқали тасдиқловчи далилларга эга эканини айтган.

Сунъий интеллектдан фойдаланилганини кўрсатувчи белгилар орасида ҳужум уринишларининг автоматик равишда мослашиши энг кўп - 53 фоиз ҳолатда қайд этилган. Юқори сифатли сохта аудио ва видеолар 48 фоиз, сифатли хабарлар ва электрон мактублар 38 фоиз, ҳужумларнинг жуда юқори частотаси 34 фоиз ҳамда чуқур шахсийлаштирилган контент 28 фоиз ҳолатда тилга олинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.