Гаитилик мигрантлар АҚШнинг ушбу шаҳарчасини ўзгартирган эди — Трампнинг депортация кампанияси уни яна қайта ўзгартирмоқда
Президент Огайо штатининг Спрингфилд шаҳрини уй ҳайвонларини ейиш ҳақидаги ёлғон даъво билан диққат марказига олиб чиқди - орадан йиллар ўтиб ҳам у иммиграция бўйича баҳс-мунозаралар марказида қолмоқда.

Гаитилик мигрантлар АҚШнинг ушбу шаҳрини ўзгартирди — Трампнинг депортация сиёсати эса уни яна ўзгартирмоқда
Оҳайо штатининг жануби-ғарбидаги Спрингфилд шаҳри 2024 йилда Трамп гаитилик иммигрантлар уй ҳайвонларини еяпти, деган ёлғон даъвони такрорлаганида диққат марказига тушган эди.
Шиддатли курашлар остида кечаётган ушбу оралиқ сайлов кампаниясида Оҳайо штатидаги кичик Спрингфилд шаҳри замонавий Американинг тимсолига айланди. Бироқ, воқеани ким сўзлаб бераётганига қараб, бу тимсол кескин ўзгаради.
Президент Дональд Трамп учун Спрингфилд йиллар давомида назоратсиз иммиграциядан кейинги Америка муаммоларини гавдалантиради. У бир вақтлар гаитилик иммигрантлар у ерда уй ҳайвонларини еяётгани ҳақидаги ёлғон даъвони такрорлаган эди. Энди эса у ўзининг оммавий депортация кампанияси аҳолига "ўз шаҳрини қайтариб бераётганини" айтмоқда.
Бошқалар учун эса Спрингфилд замонавий Америка тарихидаги таниш манзарани акс эттиради: анъанавий саноатнинг инқирози, сўнг арзон уй-жой ва кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат омили сабаб иммиграциянинг кескин ортиши. Бу бутун мамлакат бўйлаб кўплаб жамоаларда такрорланган тарихдир.
20 ёшли Пьер Дамас Бель Спрингфилдга 2024 йилда отаси ва ўгай онаси билан яшаш учун келган.
У сиёсий беқарорлик ва тўдалар зўравонлиги авж олган Гаитидан қочиб келган эди. У АҚШга ҳукумат розилиги билан, Байден давридаги мигрантлар Мексикада кутиб туриши назарда тутилган ва ҳозирда тугатилган дастур бўйича кирган.
Оиланинг яқин дўстига кўра, Бель кейинчалик Вақтинчалик ҳимояланган мақом (TPS) олган — бу текширувдан ўтган шахсларга Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш имконини берувчи инсонпарварлик ҳимоясидир.
TPS одатда 18 ой давом этади, аммо агар мамлакатдаги вазият хавфлилигича қолса, у кўпинча йиллар давомида узайтирилади.
Дўстининг айтишича, Бель Америкада келажак қуришга умид қилган эди. У аълочи талаба, иқтидорли спортчи ва ўқувчиларни АҚШ Қуролли Кучларида офицер бўлишга тайёрлайдиган юқори мактаб дастурининг кадети эди.
Бироқ июнь ойида Олий суд Трамп маъмуриятининг АҚШдаги 350 000 га яқин гаитилик учун TPS’ни тугатиш ҳақидаги қарорини маъқуллади.
Пьер Дамас Бельнинг оиласи унинг ўлимида тўпиғига кузатув мосламасини тақиб юриш мажбурияти келтириб чиқарган руҳий кечинмаларни айблади
Бельга Иммиграция ва божхона хизматининг (ICE) ҳудудий офисига бориш топширилди, у ерда унинг тўпиғига депортацияга тўқнаш келган мигрантларни кузатиш учун ишлатиладиган мослама тақилди.
Instagram’да у ушбу қурилмани тақиб юришдан "уят ва таҳқирланиш" ҳис қилаётганини ёзган. Кейин, 31 август куни у машинасини Спрингфилд яқинидаги автомагистраль четида тўхтатиб, йўлга чиқиб кетган ва ҳалок бўлган.
Оиласининг айтишича, унинг ўлимига тўпиғига мослама тақишга мажбур бўлгани сабабли бошдан кечирган туйғулари сабаб бўлган.
Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) BBC’нинг Бель иши бўйича берган саволларига жавоб бермади. ICE илгари "ўлим учун ICE’ни айблашга бўлган ҳар қандай уриниш"ни рад этган эди.
"Аммо, чиқариб юборишга қарши курашиб, мамлакатда ноқонуний қолиш — бу танлов. Уйга бепул парвоз ва 2 600 доллар билан кетиш ҳам танловдир", деган эди вакил шу йил бошида ушбу иш ҳақида сўралганда АҚШ оммавий ахборот воситаларига.
Ўлимидан олдинги ҳафталарда Бель Спрингфилддаги депортацияга дуч келаётган гаитиликларни қўллаб-қувватлаш марказига қатнаб турган.
Унинг ҳамасосчиси Вилес Дорсенвил BBC’га Бель ICE’дан тасмани олиб ташлашни сўраб ариза беришга ҳаракат қилганини айтди.
"У ICE муассасаларига икки марта бориб… улардан тўпиқдаги мосламани олиб ташлашни ўтиниб сўради", деди у. "Улар унга тасмани тақгунча, у шу ерда бўлиш учун ҳамма нарсани тўғри қилган эди".
Умуман олганда, Трамп маъмурияти 13 та мамлакатдан келган бир миллиондан ортиқ иммигрант учун TPS’ни бекор қилди. Бу ўзгаришлар кўплаб одамларнинг бир кечада қонуний мақомдан ноқонуний мигрантга айланишини англатар эди.
2024 йилда Трамп чегара хавфсизлиги ва ҳужжатсиз мигрантларни оммавий депортация қилишни ўз сайловолди кампаниясининг марказий ваъдаларига айлантирди. Сўровномалар шуни кўрсатадики, чегара сиёсати ҳали ҳам республикачилар орасида кучли қўллаб-қувватланмоқда, аммо кенгроқ иммиграция назорати кампаниясини қўллаб-қувватлаш бу йил камайди.
Оҳайо бўлажак оралиқ конгресс сайловларида "тебранувчи" (ҳал қилувчи) штатга айланди ва ундаги Республикачилар эгаллаб турган иккита Сенат ўрнидан бири учун кураш кетмоқда. Трамп сайловчилар фаоллигини ошириш ва камаяётган рейтингларни қоплаш мақсадида штатга аллақачон икки марта ташриф буюрди.
Шу ой бошида Оҳайо штатининг Янгстаун шаҳрида бўлиб ўтган митингда Трамп яна Спрингфилд мавзусига қайтди.
"Оҳайода кичик бир шаҳарча бор, жуда гўзал шаҳарча, у ерга 35 000 га яқин гаитиликни ташлаб кетишган. Хўш, уларни олиб чиқиб кетишмоқда ва улар деярли тугайди, биз эса шаҳарни ўз эгаларига қайтармоқдамиз", деди у олқишлар остида.
Трамп маъмурияти 2025 йил июнь ойида гаитиликлар учун TPS’ни тугатишини биринчи марта эълон қилди ва ундан кейинги ҳуқуқий кураш Олий судгача етиб борди, суд эса ёзда маъмурият фойдасига қарор чиқарди.
"TPS’даги 'Т' ҳарфи ВАҚТИНЧАЛИК (TEMPORARY) деганини англатади, аммо бу мақомларнинг кўпи де-факто амнистияга айланиб қолган эди", деди Ички хавфсизлик вазирлигининг бош юрисконсульти Жеймс Персивал қарордан сўнг. "Бу қонун устуворлиги ва соғлом фикрнинг ғалабасидир".
Август ойида ижтимоий тармоқлардаги постда Ички хавфсизлик вазирлиги гаитиликларнинг занжирбанд ва оқ формада депортация рейсига олиб чиқилаётгани акс этган видеони улашди. Шодмона куй остида берилган видеода TPS муддати тугаган гаитиликларга "ДАРҲОЛ КЕТИШ" уқтирилган.
Трамп маъмурияти америкаликларни ҳимоя қилиш учун шаҳарда ҳуқуқни муҳофаза қилиш операцияларини ўтказаётганини айтмоқда. Шунингдек, у Гаити одамлар қайтиши учун етарлича хавфсиз эканини билдирмоқда.
Бироқ мамлакат ҳали ҳам АҚШ Давлат департаментининг энг юқори 4-даражали "Саёҳат қилманг" огоҳлантириши остида қолмоқда.
Спрингфилдда узоқ муддатли иқтисодий инқироз белгилари ҳали ҳам кўринади — ёпилган фабрикалардан тортиб, деразалари тахталаб ташланган уйларгача.
Америка Ўрта Ғарбининг бу қисми ўтган асрдаги деиндустриаллашувдан жиддий жабр кўрди, ўшанда бир вақтлар гўллаб-яшнаган фабрикалардан бўшатилган ишчилар қирғоқларга ёки иссиқроқ жанубий штатларга кўчиб кетишган.
Сўнгги беш йил ичида шаҳарга тахминан 20 000 га яқин гаитилик аҳоли келиб жойлашди. Кўплари 2010 йилдаги вайронкор зилзиладан қочган. Бошқалари эса 2021 йилда Президент Жовенель Моиз суиқасд натижасида ўлдирилганидан кейин бошланган зўравонликлар ва тартибсизликлар фонида Гаитини тарк этган.
Натижада Спрингфилд аҳолиси тез суръатлар билан ўсди. TPS бўйича қонуний мақомга эга бўлган кўплаб гаитиликлар фабрикалар ва тарқатиш омборларида кам иш ҳақи тўланадиган ишларни эгаллашди.
Рик Жонсон — ICE’нинг депортация кампаниясининг ашаддий тарафдори
Денгиз пиёдаси фахрийси Рик Жонсоннинг верандаси байроқлар билан безатилган. Юлдузли ва чизиқли байроқ АҚШ Ҳарбий-дениз кучлари ва Денгиз пиёдалари корпуси баннерлари ёнида ҳилпираб турибди.
Жонсоннинг аёли Ҳарбий-дениз кучларида хизмат қилган, ўзи эса Калифорниядаги Кэмп-Пендлтонда денгиз пиёдаси бўлган. Ҳарбий хизматдан ташқари, у бутун умри давомида Спрингфилдда яшаган. У ICE’нинг депортация кампаниясини кучли қўллаб-қувватлашини очиқ-ойдин билдирди.
"Бизни тўғри тушунасиз", деди у. "Биз Американи севамиз, америкаликларни севамиз — ҳар қандай америкаликни, лекин сиз маълум даражада америкалик бўлишингиз керак".
Жонсон бу маҳаллага 10 йил олдин кўчиб ўтган, аммо саноатнинг йўқолиши унинг катта қисмини ҳувиллатиб қўйганини айтди. "Улар атрофимдаги ҳамма уйни бузиб ташлашди, менинг қўшниларим йўқ деса ҳам бўлади", деди у. "Ягона қўшниларим — шу ердаги гаитиликлар, улар менга халақит беришмайди".
Унинг айтишича, улар тўрт йилча олдин кўчиб келишган, "аммо улар жуда кўп". У шунингдек, "ҳайдаш билан боғлиқ муаммолар"ни кўрсатиб ўтди.
Спрингфилднинг бошқа сокин аҳолиси ҳам бу фикрни маъқуллайди ва гаитилик жамоа келганидан кейин йўл-транспорт ҳодисалари ортганига ишонади.
2023 йилда 11 ёшли Эйден Кларк мактаб автобуси кичиквини билан тўқнашиб, ағдарилиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. асли гаитилик бўлган микроавтобус ҳайдовчиси Герман Жозеф АҚШнинг ҳақиқий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ва қамалди.
Эйденнинг отаси Нейтан Кларк кейинчалик Спрингфилд шаҳар комиссияси йиғилишида сўзга чиқиб, сиёсатчиларни ўғлининг ўлимидан иммигрантларга қарши кайфиятни уйғотиш учун "сиёсий қурол" сифатида фойдаланганини қоралади ва ўғли тасодифан ҳалок бўлганини айтди.
Жонсоннинг хавотири — бу ўзгаришларнинг масштаби ва суръатидир. "Аслида бу уларнинг миқдори", деди у BBC’га. "Агар бу ерга келсанг, қонуний келишинг керак. Вақтинчалик ҳимояланган мақом тугади… кетиш вақти келди".
Сўнгги беш йил ичида Спрингфилдга тахминан 20 000 кишилик гаитилик аҳоли келиб жойлашди
20 йил олдин Гаитини тарк этган Пасшур Кастелли бошқарадиган яқин орадаги озиқ-овқат дўконида кўп жавонлар бўш, фақат диний шамлар ва ушбу эътиқодли жамоа орасида оммабоп бўлган католик муқаддасларининг рамкадаги суратлари жойлашган жавонлар бундан мустасно.
"Мен янги товар сотиб ололмайман, чунки харидорлар келмаяпти", деди у.
"Ваҳоланки, жамоамизда шифокорлар бор, муҳандислар бор… биз бу ерга яхшироқ ҳаёт кечириш, Гаитидаги оиламизга ёрдам бериш учун келганмиз, биласизми? Мамлакатимиз бизга хавфсизликни таклиф қилолмайди".
Дўконда 20 дақиқа бўлганимиздан сўнг, биринчи харидор келди. Исми айтилишини истамаган бу одам омборда уч йил ишлаганини айтди.
Аммо TPS мақомини йўқотган бошқалар сингари, у ҳам ишлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган бўлиши мумкин.
Кастелли билан гаплашатуриб, у ўнг шим ишини кўтарди ва катта тўпиқ кузатув мосламасини кўрсатди.
ICE’нинг айтишича, бундай қурилмалар уларнинг "Ҳибсга муқобил вариантлар" дастурининг бир қисмидир. "Манга танлов берилди: тўпиқ мосламасини тақиб, ҳар икки ҳафтада ҳисобот бериб туриш ёки депортация қароримга имзо чекиш", деди у.
Дўкондан чиқаётганимизда Кастелли эшикни қулфлаб олди, у энди уни ёпиқ тутади. Қўшнилардан бири бизни кўриб, ICE рейд ўтказаётган бўлишидан хавотирланиб, Кастеллининг аҳволи яхшими-йўқлигини сўраб бақирди.
Бу, Трамп шаҳарни миллий диққат марказига олиб чиққанидан йиллар ўтиб ва сайловчилар унинг президентлигининг қолган қисмини ҳал қилиш учун овоз беришга боришларига бир неча ҳафта қолганда, ушбу шаҳар ҳали ҳам қанчалик тимсол — Американинг икки хил талқини тимсоли бўлиб қолаётганининг эслатмаси эди.

