Гаитида жиноий тўдалар ҳужуми оқибатида 47 киши ҳалок бўлди

Гаитида жиноий гуруҳлар томонидан уюштирилган ҳужум натижасида 47 киши ҳаётдан кўз юмди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) маълумотларига кўра, Гаити пойтахти Порт-о-Принс яқинидаги маҳаллада жиноий тўдалар томонидан амалга оширилган тунги ҳужумда камида 47 киши ҳалок бўлган ва 22 киши жароҳатланган. Бу воқеа аҳоли орасида кетма-кет содир бўлаётган қонли ҳужумлардан норозиликни кучайтирди.
БМТнинг Гаитидаги интеграциялашган идораси қурбонлар сони ҳали ўзгариши мумкинлигини билдирди. Тоғли Кенскофф маҳалласи пойтахтга олиб борувчи асосий йўллар устида жойлашган бўлиб, 2025-йилдан бери қуролланган тўдалар бу ҳудудга ўнлаб марта ҳужум қилган. Натижада минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Бир неча йилдан буён Гаитида кенг коалицияга бирлашган қудратли тўдалар ўз таъсирини ўтказиб келмоқда. Хорижий давлатлар маҳаллий полицияни кучайтиришга уринаётган бўлса-да, жиноий гуруҳлар пойтахт ва унга туташ ҳудудлардаги назоратини кенгайтиришда давом этмоқда.
Гаитининг РНДДҲ инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабарига кўра, маҳаллий вақт билан соат 22:30 атрофида бошланган ҳужумда 30 дан 40 нафаргача одам ҳалок бўлган ва 15 дан 20 нафаргача киши яраланган. Ташкилот қурбонларнинг аниқ сонини ҳисоблаш қийинлигини таъкидлади.
Гаити ҳукумати ушбу ҳаракатни ваҳшиёна ҳужум деб атади ва хавфсизликни кучайтиришга ваъда берди. Бироқ, аҳоли полиция бўлимидан бир неча дақиқалик масофада одамлар ўлдирилганини айтиб, маҳаллий полиция бошлиғининг истеъфосини талаб қилди.
Бош вазир идораси ижтимоий тармоқларда шундай ёзди: “Кенскофф қаровсиз қолмайди. Ҳукумат ваколатлари ва тартиб ҳеч қандай иккиланишсиз ҳамда кечиктиришларсиз тикланади”.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2025-йил бошида Кенскоффда икки ой давом этган ҳужумларда 260 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 200 та уй вайрон қилинган ёки ёқиб юборилган. Натижада 3000 киши уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган.
Шундан бери яна ўнлаб ҳужумлар содир бўлди. Улар орасида номусга тегиш, одам ўғирлаш, уйларга ўт қўйиш ва чорва молларини ўғирлаш ҳолатлари бор.
“Менинг оилам жабрланди. Кенскофф аҳолиси азоб чекмоқда, бунинг учун ҳукумат айбдор”, деди қонли чойшабга ўралган қариндоши мурдаси ёнида турган Кориолан Кенди.
Яна бир маҳаллий резидент бош вазирдан ёрдам сўради.
“Биз камситишлар ичида яшаяпмиз ва улар биз учун ҳеч нарса қилмаяпти”, деди у.
Аҳолининг айтишича, тунда ўнлаб полициячилар қуролланган тўдага қаршилик кўрсатишга уринган ва баъзилари яраланган. Шунингдек, улар ҳалок бўлганлар орасида тўда аъзоларини кўрмаганини қўшимча қилишди.
Кенскофф ҳудуди бир нечта элчихоналар, қимматбаҳо меҳмонхоналар ва ҳукуматнинг вақтинчалик қароргоҳи жойлашган Петион-Вил шаҳарчасига ҳамда пойтахтдан Гаити жанубига олиб борувчи асосий йўлга туташган.
Бу зўравонликлар декабр ойида ўтказилиши режалаштирилган сайловларга халақит бериши мумкин деган хавотирларни кучайтирмоқда. Қуролланган тўдалар ўз таъсирини оширгани сабабли кетма-кет келган ҳукуматлар сайловларни бир неча бор ортга сурган эди.
Полицияга жиноий тўдаларга қарши курашишда ёрдам берувчи БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган кучлар кузда ҳарбийлар сонини 5500 нафарга етказишни мақсад қилган. Уларнинг матбуот котиби қўшинлар Кенскофф хавфсизлигини кучайтириш учун юборилгани ёки юборилмагани ҳақидаги саволларга жавоб бермади.
Аввалроқ Гаитидаги жиноий тўдаларнинг ярмини болалар ташкил этиши ҳақида хабар берилганди. 2025-йилда жиноий гуруҳларга қўшилган болалар сони 200 фоизга ошган. Топшириққа қараб уларга 100 доллардан 700 долларгача ҳақ тўланаётгани аниқланган.

