«Ғашга тегадиган ғизиллаш»: Сокинроқ дронларни излаш
Дронлар орқали етказиб бериш тобора одатий ҳолга айланиб борар экан, уларни ишлаб чиқарувчилар бу қурилмаларни тинчроқ ишлайдиган қилиш йўлларини изламоқда.

«Ғашга тегадиган ғунғиллаш»: Чинкам сокин дронлар ортидан қувлоқ
Табиат жонкуяри Эшли Шмидт Даллас чеккасидаги Норт-Гарленд шаҳарчасида жойлашган ўз боғида энди илгаригидек кўп вақт ўтказмайди.
У яқин атрофдаги паркларга велосипедда боришни ҳам тўхтатди; илгари у ерда ҳашаротлар, калтакесаклар ва қурбақаларни яқиндан суратга олишни хуш кўрарди.
Бунга сабаб — тепада учиб юриб, қўшниларининг интернет-харидларини етказиб бераётган дронларнинг шовқинига у умуман чидай олмайди.
«Улар жуда ғашга тегадиган ғунғиллаган овоз чиқаради. Бу менинг ўзимни ҳимоя қилиш ёки қочиш инстинктимни қўзғатади», — дейди 44 ёшли маъмурий ёрдамчи.
«Дронлар яқинлашаётганида уларнинг овози эшитилади, тўғри бошингиз устидан учиб ўтаётганда уйингиз ичида ҳам эшитилади, сўнг улар узоқлашаётганда ҳам овозини эшитасиз», — дейди у.
Шмидт — уйга етказиб беришни тезлаштиришга уринаётган Amazon ва Walmart каби компаниялар томонидан юборилаётган дронлар овози билан яшашга мажбур бўлаётган, сони ортиб бораётган одамлардан бири.
Илгари янгилик бўлган дронлар орқали етказиб бериш хизматлари АҚШдаги кўплаб одамлар учун кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланмоқда.
Шулар жумласидан бўлган Amazon Prime Air етказиб бериш кўламини 500 га яқин шаҳар ва шаҳарчаларга кенгайтирмоқда; у пойабзал қутиси ҳажмига сиғадиган буюмларни ташийди. У шунингдек Англия шимолидаги Дарлингтон ва унинг атрофидаги мижозлар учун ҳам ишга туширилди.
Кичикроқ дрон-етказиб бериш хизматлари ҳам пайдо бўлмоқда: АҚШнинг баъзи шаҳарларида мижозлар маҳаллий пиццахона ёки музқаймоқ шохобчасидан ҳаво орқали ширинликлар буюртма қилишлари мумкин.
Ҳатто шовқин доимий ҳодисага айланган жойларда ҳам дронлар овози бўлакча ғашга тегадигандек туюлади.
Бир маромдаги транспорт ҳаракати орқа фонга айланиб кетиши мумкин бўлса-да, дрон винтларининг тўсатдан чиққан чинқироқ овози одатий шовқинни ёриб ўтади.
Шовқин, «ҳатто умумий овоз даражаси нисбатан паст бўлганда ҳам, алоҳида ажралиб туради», дейди Салфорд университетининг акустик муҳандислик ва психоакустика профессори Антонио Ториха Мартинес.
Самолётлардан фарқли ўлароқ, дронлар паст баландликда ушади ва бевосита аҳоли яшайдиган ҳудудлар устидан ўтиши мумкин.
«Улар илгари самолётларнинг сезиларли шовқинига дуч келмаган ва шу сабабли ўз маҳаллий овоз муҳитидаги ўзгаришларга кўпроқ таъсирчан бўлиши мумкин бўлган жамоаларни шовқинга дучор қилиши мумкин», — дейди Ториха Мартинес.
У одамлар шовқин манбасини «янги, халақит берувчи ёки тез-тез такрорланувчи» деб билганларида унга кескин муносабат билдиришларини кўрсатувчи тадқиқотларга ишора қилади. Масалан, дрон орқали етказиб бериш хизматидан фойдаланадиган одамларни бу овоз камроқ безовта қилиши мумкин.
Шу билан бирга, у дрон шовқини бўйича шикоятлар кўпайишидан огоҳлантиради: «Ҳозирча биз бу муаммоларнинг баъзи ҳудудларда маҳаллий даражада содир бўлаётганини кўраяпмиз, аммо... дрон соҳаси кенгайгани сайин, бундай шикоятлар тобора кўпайиб боради».
АҚШда Федерал авиация бошқармаси (FAA) тижорат дронларини назорат қилади, аммо у шовқинли дрон-етказиб бериш амалиётларига рухсат бергани учун танқидларга учрамоқда. FAA операторлар ва маҳаллий ҳамжамият етакчилари жамоатчиликни ташвишга солаётган масалаларни ҳал қилиш учун асосий жавобгардир, демоқда.
Мукаммалроқ технология бу ғашга тегадиган ғунғиллашни юмшата оладими?
Greenjets стартапи, компаниянинг келажак технологиялари бўйича раҳбари Даррен Жеймс таъкидлаганидек, «ҳам шовқин даражаси, ҳам ушбу шовқин частотаси» муаммосини ҳал қилишни мақсад қилган.
Лондонда жойлашган ушбу фирма дрон шовқинини камида икки учдан бир қисмга камайтира оладиган ҳаракатлантирувчи тизимни яратганини айтмоқда.
Стандарт дронлар очиқ ҳавода айланиб, ўша юқори тонли ғунғиллашни ҳосил қилувчи парракли винтлардан фойдаланса, Greenjets овозни босиш ва шовқинни эрдан узоқлаштириш учун айланувчи парракларни махсус капсула ичига жойлаштиради.
Унинг тизими шунингдек роторнинг секинроқ тезлиги ва тебраниш шовқинини камайтирадиган материаллардан фойдаланиш орқали ҳам шовқинни камайтиради.
Дронларни сокинроқ қилиш нафақат ҳаво орқали етказиб беришдан чарчаган қўшниларнинг ғашига тегмаслик учун керак.
Greenjets компаниясининг паст шовқинли технологияси Германия полицияси ва порт хавфсизлик хизматлари томонидан қўлланилган. У шунингдек Африкадаги табиатни муҳофаза қилувчиларга браконьерларни сездирмасдан юқоридан кузатишда ёрдам берди.
Жанг майдонидаги дрон операторлари ҳам ўзларининг учувчисиз воситалари яқинлашаётганидан душманни огоҳлантирмаслик учун шовқинни камайтиришдан манфаатдор.
«Дронлар овозини камайтириш бўйича баъзи ҳаракатлар мавжуд. АҚШ Махсус кучлари тажриба босқичида бунга қизиқиш билдирмоқда», — дейди Уайтхоллдаги The Royal United Services Institute (RUSI) таҳлил марказининг илмий ходими Роберт Толласт.
Аммо у Россия ва Украина ўртасидаги урушда фойдаланилаётган каттароқ дронлар учун тезлик одатда сездирмасликдан кўра муҳимроқ эканини айтади. «Пастроқ шовқин эмас, балки тезроқ қилиш асосий ёндашувдек туюлади», — дейди Толласт.
Детройтлик тадбиркор Грег Шарроу учун сокинроқ дрон дизайнини яратиш саъй-ҳаракатлари 2012 йилда классик мусиқа концертини трансляция қилиш муаммосидан бошланган.
У ғижжачини мураккаб бурчакдан тасвирга олиши керак эди ва дрон ягона ечимдек туюлганди — фақат у ҳаддан ташқари шовқинли эди.
Бошланғич нуқта сифатида, «мен дрон шовқинининг катта қисми мотордан эмас, балки винтдан чиқаётганини билардим», дейди у. Аниқроғи, у паррак учи ҳавони кесиб ўтаётганда шовқин ҳосил қилаётганини тушуниб етди.
«Мен ўзимга жуда оддий савол бердим: учи бўлмаган винт қандай кўринишга эга бўлади ва у қандай ишлайди?»
Жавоб — қайрилган ҳалқасимон парракли ва учлари бўлмаган винт эди.
Дронни қайта-қайта учираверишдан кўра, винтни сувда синаб кўриш осонроқ бўлиб чиқди, бу эса Шарроуни аввал сокинроқ қайиқ винтини ишлаб чиқишга ундади. Ҳозирда эса унинг Sharrow Engineering компанияси «ўта сокин» дрон роторларига эътибор қаратмоқда.
«Биз бу технологиянинг дронларда ишлашини ва у сезиларли даражада сокинроқ эканини тасдиқладик», — дейди Шарроу.
Дронлар орқали етказиб беришда етакчи бўлган компаниялар ҳам ўз паркларидан чиқадиган шовқинни камайтиришга уринаётганликларини айтмоқдалар. Amazon вакили компания ўз дронларида «сезиларли овоз яхшиланишларига» эришганини ва унинг охирги моделлари «аввалги авлодга нисбатан эшитиладиган овозни деярли ярмига камайтирадиган ва мулойимроқ тонга эга бўлган» махсус лойиҳалаштирилган винтлардан фойдаланишини айтади.
Walmart етказиб беришлари учун ўз воситаларини етказиб берувчи Wing дрон ишлаб чиқарувчиси унинг винтлари шовқинни камайтириш учун лойиҳаланганини айтмоқда. У шунингдек, ҳар қандай битта хонадон ёки маҳалла устидан қайта-қайта учиб ўтишнинг олдини олиш учун учиш йўналишларини ўзгартириб туради.
Дрон шовқинидан жонга теккан Шмидт учун ягона ҳақиқатда мақбул ечим унинг ҳудудида дронлар орқали етказиб беришни тўхтатиш бўлар эди. «Мен уларнинг хизматлари одамларнинг ғашига тегишни тўхтатиш йўлини топгунча, етказиб беришни бутунлай тўхтатишларини хоҳлардим», — дейди у.

