Франсияда сентябрдан юқори синф мактабларида телефонлар тақиқланади

Франсия ҳукумати сентябр ойидан бошлаб юқори синф мактабларида мобил телефонлардан фойдаланишни тақиқлаш қарорини 24-август куни тасдиқлади. Бироқ, касаба уюшмалари бу қоидани тезда жорий этиш қийин бўлишидан огоҳлантирмоқда, деб хабар берди Тҳе Страиц Тимес.
Июл ойида Франсия парламенти 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ҳамда юқори синфларда телефонларни тақиқлашни назарда тутувчи қонунни маъқуллаган эди. Бу чора президент Эммануел Макроннинг болаларни экран қаршисида камроқ вақт ўтказишини таъминлаш ташаббусининг бир қисми бўлиб, ҳукумат телефонларнинг болалар ривожланишига салбий таъсиридан хавотирда.
Август ойи бошида мамлакат Олий суди ижтимоий тармоқларга оид тақиқни бекор қилди, бу Макрон учун кутилмаган зарба бўлди. Бироқ, Конституциявий кенгаш юқори синфларда телефонларни тақиқлаш ҳақидаги алоҳида моддани бекор қилмади.
24-август куни ҳукумат матбуот котиби Мод Брежон Макрон қонунни кучга киритишга қарор қилганини маълум қилди. У Вазирлар Маҳкамаси мажлисидан сўнг шундай деди: "Натижада юқори синфларда мобил телефонларни тақиқлаш янги ўқув йилининг бошиданоқ қонуний асосда кучга кириши мумкин".
Франсияда ўқув йили сентябр ойидан бошланади. Мамлакатда 11 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўқувчилар таълим оладиган коллежларда ҳамда бошланғич мактабларда телефонлардан фойдаланиш аллақачон тақиқланган. Июл ойи бошида, ҳатто парламент қонунни тўлиқ қабул қилишидан олдин ҳам, юқори синф мактабларига сентябрдаги тақиққа тайёргарлик кўриш топширилган эди. Тақиқни амалда қўллаш учун мактаблар ўзларининг ички тартиб-қоидаларига ўзгартириш киритиши керак.
**"Мактаблар тайёр эмас"**
Бироқ, кўплаб мактаблар бу чорани жорий этишда қийинчиликка дуч келиши мумкин, чунки тайёргарлик учун вақт жуда кам қолди. Франсия мактаб директорларининг асосий касаба уюшмаси (СНПДЕН-Унса) миллий котиби Франсуа Рене вақт жуда ноқулай танланганини танқид қилди.
"Мактаблар тайёр эмас", деди Рене АФП агентлигига. Унинг таъкидлашича, мактаблар янги ўқув йилини ички қоидаларда ҳали ёзилмаган тартиб билан бошламоқда.
Бу касаба уюшмаси бош котиби ўринбосари Кристел Кофман эса тақиққа олдиндан тайёргарлик кўрган кам сонли мактаб раҳбарларидан биридир. Унинг мактабида ўқув йили бошидан бино ичида ва йўлакларда телефон тақиқланади, лекин ҳовлида рухсат берилади. У тақиқ барча мактабларда тўлиқ йўлга қўйилиши учун деярли бир йил вақт кетиши мумкинлигини айтди. "Ёшларга янги қоидани мажбуран қабул қилдириш жуда қийин. Ҳар бир ўқувчининг ортига биттадан назоратчи қўя олмайсиз", деди у.
Франсия жанубидаги Окситания минтақавий кенгаши вице-президенти Камел Шибли муҳим бир молиявий масалани очиқлади. Унинг айтишича, 1500 нафар ўқувчиси бор битта мактаб учун смартфонлар сақланадиган рақамли сумкалар ва қулфланадиган жавонлар сотиб олиш ҳокимиятга тахминан 40 000 еврога тушади.
Юқори синф ўқувчилари дарс жадвалидаги ўзгаришлар ва дарсхона рақамларини билиш учун смартфонлардан мунтазам фойдаланади. Баъзи ўқитувчилар ҳам дарс вақтида изланишлар, машқлар ва ҳужжат алмашиш учун телефонларга таянади.

