Фото: «Олмазор» метроси ўтиш йўлида мураллар пайдо бўлди. Уларни ким ва нима учун чизди?
«Олмазор» метро бекатидан Тошкент автовокзалига ўтиш йўли стрит-арт майдончасига айланди. Бу ерда Ўзбекистон тарихи ва маданий меросига бағишланган тўққизта мурал пайдо бўлди. «Газета» уларни ким ва нима мақсадда яратганини аниқлади.

Фото: «Олмазор» метроси яқинидаги ўтиш йўлида мураллар пайдо бўлди. Уларни ким ва нима учун чизди?
«Олмазор» метро бекати яқинидаги ер ости ўтиш йўлидан ҳар куни минглаб одамлар ўтади. Чиқиш йўлларидан бири Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларига рейслар жўнаб кетадиган Тошкент автовокзалига олиб боради. Бундай йўловчилар оқими фонида ушбу жой узоқ вақт давомида қаровсиз ва хавфли бўлиб қолган эди. Август ойи охирида ўтиш йўли ўзгарди: «Ўзбеклигим — ўзлигим» нодавлат нотижорат ташкилоти ташаббуси билан ҳамда Чилонзор тумани ҳокимлиги кўмагида рассомлар унинг деворларини мамлакат тарихи ва маданий меросига бағишланган мураллар билан безашди.
ННТ раҳбари Моҳира Султонованинг сўзларига кўра, лойиҳадан кўзланган мақсад ёш стрит-арт рассомларини қўллаб-қувватлаш — «улар ўз маҳоратларини кўрсатишлари учун» шароит яратиш бўлган.
Лойиҳа куратори Маржона Ҳамраеванинг маълум қилишича, жамоа еттидан ортиқ локацияни кўриб чиққан. Танлов катта одамлар оқими, жумладан, хорижликлар кўплиги сабабли «Олмазор» метроси яқинидаги ўтиш йўлида тўхтаган. Туман ҳокимлиги тўққиз нафар рассомнинг ишлаши учун шароит яратиб берди ва ёритиш масаласида ёрдам кўрсатди. Материаллар учун барча харажатларни ташкилотчилар ўз зиммаларига олишди.
Бекатдан автовокзалгача бўлган ўтиш йўлининг ўзи учта узун йўлакнинг кесишиши тарзида қурилган. Улар очиқ доирасимон майдончада бирлашади, муралларнинг асосий қисми айнан шу ердаги деворларда жойлашган. Рассомлар деярли икки ҳафта давомида — 13 августдан 25 августгача жойида ишлашди.
Яна Юсупова ўз ишини Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлади. У қўлида қоғоз кемача тутган дўппи кийган қизчани тасвирлаган. Марказий образни Регистон майдони, Хива миноралари, «Янги Ўзбекистон» боғидаги Мустақиллик монументи, шунингдек, замонавий кўп қаватли биноларнинг таниқли силуэтлари тўлдириб туради.
Рассом қизнинг юзи ва қўлларини аэрография усулида, қолган қисмини эса мўйқалам билан бажарган. Деворнинг юқори қисмини тахминан 3 метр баландликда, ҳавозаларда (леса) туриб бўяшга тўғри келди.
Юсупова Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида стрит-арт ва граффити оммавийлигининг ошишини ижобий баҳолайди. Унинг сўзларига кўра, яқин-яқингача ўтиш йўлида «ҳатто нигоҳ тўхтатадиган жой йўқ эди», энди эса бу ерда йўловчиларнинг кайфиятини кўтарадиган ўзига хос энергетика пайдо бўлди.
Рассом Рустамжон Чўлиев учун бу лойиҳа шаҳар мурали устида мустақил ишлаш борасидаги илк тажриба бўлди — бунгача у фақат тажрибали усталарга ёрдам бериб келган. У ўғлининг бошига космик скафандр дубулғасини кийдираётган онани тасвирлаган. Рассомнинг сўзларига кўра, ушбу образни яратишда Ер масофавий зондлаш сунъий йўлдоши — Samarkand-2028 нинг учирилиши илҳом манбаи бўлган. Аммо бу ерда космос — шунчаки туйғулар ҳақида гапириш учун бир баҳона. Мурал марказида — болага қараб, келажакда унинг олдида энг ақл бовар қилмас имкониятлар очилишига ишонаётган онанинг фахр-ифтихори акс этган.
Чўлиевнинг айтишича, лойиҳа иштирокчилари бир-бирларига ёрдам беришган, чунки ишлаш осон бўлмаган: иссиқ туфайли фақат эрталабки ва кечки соатлар қулай бўлган, тунда эса сунъий ёритиш халақит берган. У ушбу ташаббус рассомларни бирлаштирганини таъкидлаб, унинг давом этишига умид билдирди.
«Агар рассомларни қўллаб-қувватлаш давом этса, биз ҳам ўз кучимиз етганича ушбу соҳани ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Кўплаб ривожланган мамлакатлар ва мегаполисларда стрит-арт — бу шаҳар қиёфасига ўзига хос гўзаллик бағишлайдиган нарса. Менимча, бу Ўзбекистонга ҳар томонлама фойда келтиради», — деб ҳисоблайди рассом.
, лойиҳа жамоасига ўз ташаббуси билан қўшилди — у бу ҳақда йўловчилар илк мураллар устида иш кетаётган вақтдаёқ суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган видеолардан билиб қолган.
Ер ости ўтиш йўли деворларида у Ўзбекистон тарихининг турли даврлари ва воқеаларини — тарихдан олдинги даврлардан то мустақилликка эришилгунга қадар бўлган даврни ягона визуал қаторга жамлади: араблар истилоси, Темурийлар даврида Самарқанднинг гуллаб-яшнаши, Россия империяси томонидан колонизация қилиниши, урушлар, совет индустриаллаштириши ва қатағонлари, пахта далаларидаги меҳнат. Қора-оқ гаммада бажарилган мурални рассомнинг ўз силуэти ва «Tarix hali ham yozilmoqda…» деган ёзув якунлайди.
Рассом онгли равишда фақат ютуқларни кўрсатишдан қочган.
«Мен принципиал жиҳатдан тарихни фақат ғалабалардан иборат силлиқ чизиқ сифатида кўрсатишни истамадим, шунчаки иш баҳс-мунозараларга сабаб бўлмаслиги ва ҳаммага ёқиши учунгина бундай қилмадим. Бундай тарих мавжуд эмас. Мустақиллик, сен бутун йўлни кўрганингда, хатоларни такрорламаслик учун уларни тан олганингда ва ўз келажагингни ёзиш учун масъулиятни ўз зиммангга олганингда янада тушунарлироқ бўлади», — дея мурал концепциясини тушунтирди Vargunza.
Камолов ишлаган девор ёриқлар ва доғлар билан қопланган, баъзи жойлари тўкилиб тушган эди, бироқ рассом бундай юза ишни янада ифодалироқ қилади деб ҳисоблаб, уни янгиламасликка қарор қилди. Мурал якунланганидан бир неча кун ўтгач, деворнинг бир қисми бўяб ташланди, бунда жадидларнинг юзларига ҳам бўёқ тегиб, расм бузилди. Буни ким ва нима учун қилгани номаълум.
Камолов стрит-артда бафинг — бошқаларнинг ишларини бўяб ташлаш — агар расм нозик мавзуларга дахл қилса ёки рухсатсиз чизилган бўлса, одатий амалиёт эканини таъкидлайди.
Аммо агар иш аллақачон келишилган ва маъқулланган бўлса, муаллиф иштирокисиз унга ўзгартиришлар киритиш одобдан эмас.
«Рухсат беришганда, якуний ишни кўриб, уларга ёққанини айтишади, якунда эса ишга ўзгартиришлар киритишади — бу энг камида рассомга нисбатан ҳурматсизликдир. Буни ким ва нима учун қилганини билмайман, лекин ишни бузмасдан деворни янгилашнинг кўплаб вариантлари бор эди. Рассом билан маслаҳатлашиш ёки буни унинг ўзидан илтимос қилиш мумкин эди», — дейди Vargunza.
Муаллиф ўз ишига нисбатан ҳар куни турлича фикрлар ва турлича талқинларни қабул қилиб олмоқда ва уларни ижобий баҳолайди. Унинг сўзларига кўра, агар йўловчилар фақат «чиройли» деган баҳо билан чекланиб, ҳеч қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечиришмаганида, бу жуда ёмон бўлар эди. Райтернинг мамнун бўлишига сабаб, мурал томошабинларни тарих бўйича билимлардаги бўшлиқларни тўлдиришга — «бирорта ҳам матн сатри бўлмаган суратлар орқали бир оз бўлса-да маърифатлироқ бўлишга» ундайди.
Лойиҳа кураторининг сўзларига кўра, «Ўзбеклигим — ўзлигим» ННТ бу каби акцияларни мамлакат учун муҳим саналар билан боғлаган ҳолда янада кенгроқ миқёсда ўтказишни режалаштирмоқда. Кейинги мураллар шаҳарда Янги йил байрами арафасида пайдо бўлиши мумкин.

