Лайфстайл

Фото: Барсакелмесда иккинчи бор YONAR бўлиб ўтди. Шўрхокдаги арт-лагерь қандай ўтди?

Қорақалпоғистондаги Барсакелмес шўрхокида иккинчи YONAR — Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан 70 нафар иштирокчини жамлаган арт-лагерь бўлиб ўтди. Улар уч кун давомида ўз кучлари билан қурилган вақтинчалик «шаҳарча»да яшаб, перформанслар намойиш этишди ва инсталляциялар яратишди. Бу қандай бўлгани — Феруз Рустамов фотосуратларида.

Фото: Барсакелмесда иккинчи бор YONAR бўлиб ўтди. Шўрхокдаги арт-лагер қандай ўтди?

17-19 сентябр кунлари Қорақалпоғистондаги Барсакелмес шўрхокида иккинчи бор YONAR — концептуал жиҳатдан АҚШнинг Невада штатидаги Блэк-Рок чўлида ўтказиладиган Burning Man халқаро фестивалини эслатувчи арт-лагер ва вақтинчалик ижодий қўнимгоҳ бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида «Стихия» электрон мусиқа, санъат ва фан фестивали жамоаси ташкил этди.

Бу йил YONAR мавзуси тушлар, сюрреализм ва воқелик билан тасаввур ўртасидаги борлиққа бағишланди. Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, Барсакелмеснинг ўзи «деярли чексиз оқ кенглик ва уфқи» билан бадиий ифодалар ва арт-лойиҳа иштирокчилари уч кун давомида яшаган ва ўзлари учун ўзлари қурган вақтинчалик ижодий қўнимгоҳ — «Оқ туз шаҳри» (White Salt City)ни яратиш учун идеал жой бўлиб чиқди.

Иккинчи YONAR’да Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Австрия, Германия, Нидерландия, Буюк Британия ва Португалиядан 70 киши иштирок этди. Улар орасида рассомлар, мусиқачилар, архитекторлар, дизайнерлар, тадқиқотчилар, IT-мутахассислари ва тадбиркорлар бор эди.

Ижодий қўнимгоҳ ҳаёти ўзаро ёрдам ва ҳар бир иштирокчининг умумий маконга қўшган ҳиссаси — арт-объектларни яратиш ва ўрнатиш, таом тайёрлаш, мусиқий сессиялар ёки бошқа фаолиятларни ташкил этиш атрофида қурилди. Бу сафар қўнимгоҳ аъзолари варраклар учиришди, астрономия клуби билан биргаликда тунги осмонни кузатишди ва перформанслар уюштиришди.

Барсакелмесда Рустам Зоҳидов, Руслан Йўлдошев, Анатолий Бабаханян, Равшан Бобожонов, Саид Исаев, Отабек Сулаймонов ва Дерья Ожал (Туркия) томонидан яратилган арт-объектлар пайдо бўлди. Булар — «Молекула», Android, «Оналик куби», «Қизил параллелепипед», «Чаён» ва «Марс». Иккита инсталляциянинг рамзий равишда ёқиб юборилиши тадбирнинг якуний аккорди бўлди.

YONAR’нинг ўзига хос хусусияти — ҳудудда тижорат савдоси ва брендларнинг йўқлиги, шунингдек, leave no trace (из қолдирмаслик) тамойилига амал қилинишидир: одамлар кетганидан кейин шўрхок иштирокчилар келишидан олдин қандай бўлса, шундайлигича қолиши керак. Лойиҳанинг якуний ҳисоботида ҳудуд вақтинчалик инфратузилма ва маиший чиқиндилардан тўлиқ тозалангани қайд этилган. White Salt City гўёки ҳеч қачон мавжуд бўлмагандек ғойиб бўлди.

YONAR жамоаси кейинги йилда Барсакелмесга қайтишни ваъда қилмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.