«Фоизлар ортидан одамларни йўқотдик». Бош вазир ўринбосари — камбағалликни қисқартиришга янгича ёндашув ҳақида
Ўзбекистонда расмийлар камбағалликни асосан фоизлар бўйича баҳолашдан ҳар бир кам таъминланган оила билан манзилли ишлашга ўтишни ният қилмоқда. Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, президент «фоизларга ёпишиб қолмасликка» ва статистика ортида аниқ одамларни, уларнинг бандлиги, даромадлари ва болаларнинг аҳволини кўришга чақирган.

«Фоизлар ортидан одамларни йўқотиб қўйдик». Бош вазир ўринбосари — камбағалликни қисқартиришга янгича ёндашув ҳақида
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга ёндашувни янада манзилли қилиш режалаштирилмоқда: расмийлар нафақат статистикага таяниши, балки ҳар бир муҳтож оила ва унинг ҳар бир аъзосининг аҳволидан хабардор бўлиши керак. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 25 август куни Қонунчилик палатаси йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда ҳукуматнинг «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурининг биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидовнинг маълум қилишича, дастлабки олти ойда даромадларни ошириш бўйича турли воситалар билан 294 минг кам таъминланган оила қамраб олинган, ваҳоланки дастлабки режа 129 мингтани ташкил этган эди.
Унинг сўзларига кўра, бундай оилаларнинг 105 минг аъзоси доимий иш билан таъминланди, 25 мингга яқини тадбиркорликка жалб қилиш хизматлари билан қамраб олинди, яна 12 минг киши касб-ҳунарга ўқитилди. Расмий даромадларнинг ўсиши ҳисобига йил бошидан буён 275 минг оила ижтимоий реестрдан чиқарилди.
Ушбу маълумотларга изоҳ берар экан, Жамшид Қўчқоров президент Шавкат Мирзиёев камбағалликка қарши кураш натижаларини баҳолаш ёндашувини ўзгартиришни талаб қилганини айтди.
«Мен ўз маърузамда айтдим: [камбағаллик даражаси] 5 фоиздан 4,5 фоизга тушди. Лекин муҳтарам президентимиз масалани жиддийроқ қўйдилар: фоизларга ёпишиб олманглар, бу фоизлар ортидан одамларни кўздан қочирдинглар», — деди Қўчқоров.
У Хоразм вилоятини мисол қилиб келтирди. Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, гарчи ҳудудда камбағаллик даражаси фоиз ҳисобида нисбатан паст кўринса-да, барибир гап тахминан 81 минг киши ҳақида бормоқда.
«81 минг киши — булар кимлигини биласизларми? Сизлар айтаётган ўша индивидуал режалар орқали уларга қандай ёрдам кўрсатиляпти?» — дея президент томонидан қўйилган саволларни етказди Қўчқоров.
Шундан сўнг, вазирнинг сўзларига кўра, иқтисодий блок вакиллари, жумладан, бандлик вазири ва Марказий банк раҳбарияти жойларга чиқиб, алоҳида оилалар аҳволини ўрганган. Хусусан, Хоразм вилояти туманларидан биридаги тўртта маҳаллада уй хўжаликлари хатловдан ўтказилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, вилоятдаги камбағал аҳоли тоифасига киритилган тахминан 81 минг аҳолидан 59 мингга яқини бевосита бандликка жалб этиб бўлмайдиган одамлар тоифасига кириши аниқланди. Улар орасида мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар, талабалар, уч ёшгача боласи бўлган аёллар ва пенсия ёшидаги шахслар бор.
Қўчқоровнинг сўзларига кўра, 22 мингга яқин киши меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. «Улар Бандлик вазирлигининг бевосита „мижозлари“ ҳисобланади, улар билан ишлаш керак», — деди Қўчқоров.
Уларнинг 12 мингга яқини ишсизлардир. Фуқароларнинг бир қисми ишлайди ёки ўзини ўзи банд қилган, бироқ оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатларидан пастлигича қолмоқда, шу сабабли оила кам таъминланган сифатида ҳисобга олинишда давом этмоқда.
Қўчқоров эндиги вазифа вилоят, туман ёки маҳалла бўйича умумий кўрсаткичлар билан чекланиб қолмай, ҳар бир оила ва унинг ҳар бир аъзосининг аҳволини таҳлил қилишдан иборат эканини таъкидлади.
«Фоизларга ёпишиб олиш керак эмас. Ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ва ҳар бир маҳаллада ҳар бир камбағал оилани аниқ билиш керак», — деди у қўйилган вазифаларни баён қилар экан.
Унинг сўзларига кўра, индивидуал режада нафақат катталарнинг бандлиги ҳисобга олиниши керак. Агар оилада бола бўлса, у қандай ўқиётганини, спорт тўгараги ёки қўшимча дарсларга бораётганини ва бошқа болалар учун мавжуд бўлган имкониятлардан четда қолиб кетмаётганини тушуниш лозим.
«Ҳозир олдимизга камбағалликни қисқартириш ишларида манзилли механизмга ўтиш вазифаси қўйилди», — деди Қўчқоров.
У ҳукумат бундай ёндашувга ўтиш учун тайёргарлик ва таҳлилий ишларни олиб бораётганини қайд этди.
Бундан аввал бош вазир ўринбосари ўз маърузасида ҳукумат маълумотларига кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси биринчи ярим йилликда 5 фоиздан 4,5 фоизга тушганини маълум қилган эди. Ижтимоий реестрдаги 227 минг оилага даромадларини оширишга қаратилган 300 мингга яқин хизматлар кўрсатилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандликнинг янги тизими президент Шавкат Мирзиёев томонидан 3 сентябрь куни Хоразм вилоятидаги вазият икки ҳафта давомида ўрганилиб, у ерда 19 минг оиладан 81 минг нафар кам таъминланган аҳолининг аҳволи таҳлил қилинганидан сўнг тақдим этилди.
Туманлар ихтиёрига 3,2 трлн сўм йўналтириш, ҳокимлар раҳбарлигида штаблар ташкил этиш ва уларнинг имтиёзли кредитлаш, субсидиялар ва фоизсиз қарзлар бериш бўйича ваколатларини кенгайтириш режалаштирилган. Ҳокимлар ва иқтисодий блок ҳафтада уч кун камбағаллик ва бандлик масалалари билан шуғулланади.
Шунингдек, расмийлар камбағал оилалардаги болалар, аёллар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан манзилли ишлашни кучайтиришни, бизнесни молиялаштириш шартларини эса муайян лойиҳалар ва тармоқлар хусусиятларига мослаштиришни ният қилган.

