Филиппиндаги мактабда юз берган отишмада камида бир киши ҳалок бўлди ва бир неча киши жароҳатланди
Минданао провинциясининг Банга шаҳрида содир бўлган отишма оқибатида камида бир киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши жароҳатлангани айтилмоқда.

Филиппиндаги мактабда содир бўлган отишмада камида бир киши ҳалок бўлди ва бир неча киши жароҳатланди
Филиппин жанубидаги ўрта мактабда содир бўлган отишма оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди ва яна бир неча киши жароҳатланди.
Ҳодиса жума куни тушдан кейин Минданао провинциясининг Жанубий Котабато ҳудудидаги Банга миллий ўрта мактабида юз берган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва расмийлар қурбонлар сони бўйича бир-бирига зид маълумотларни хабар қилмоқда. Отишма содир этган шахс ва қурбонларнинг шахси ҳали тасдиқланмаган.
Таълим вазирлиги ўз баёнотида "хабар қилинган отишма воқеасидан чуқур хавотирда" эканини маълум қилди.
"Бизнинг устувор вазифамиз — ўқувчиларимиз, ўқитувчиларимиз ва мактаб ходимларининг хавфсизлиги ва саломатлигидир", дейилади баёнотда ва воқеани текшириш ҳамда зарур ёрдам кўрсатиш учун расмий идоралар билан мувофиқлаштирилган ҳолда иш олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
"Биз барчани хотиржамликни сақлашга ва расмийлар терговни давом эттираётган бир пайтда тасдиқланмаган маълумотларни тарқатишдан тийилишга чақирамиз".
Жанубий Котабато губернатори Рейналдо Тамайо аввалроқ журналистларга бир киши ҳалок бўлгани ва тўрт киши шифохонага ётқизилганини айтган эди. У ўқ отган шахснинг кимлиги ҳақида тафсилотларни очиқламади, шунингдек, ушбу шахс ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар орасида бор-йўқлигини ҳам маълум қилмади.
Маҳаллий ОАВ Филиппиннинг бошқа расмий идораларига таяниб, қурбонлар сони анча кўплигини хабар қилмоқда.
Отишма сабабли "Банга бутун муниципалитетидаги барча бўғинларда" дарслар тўхтатилди, деб хабар берди Банга фавқулодда вазиятларни бошқариш идораси ўз баёнотида.
Филиппин Қизил Хоч жамияти отишма оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун тиббий гуруҳларни сафарбар қилганини билдирди.
Полиция воқеа жойида отишмани тергов қилмоқда, деб хабар берди маҳаллий ОАВ.
Қурол билан боғлиқ жиноятлар Филиппинда камёб ҳодиса эмас, чунки бу мамлакат минтақада қуролга эгалик қилиш даражаси энг юқори бўлган давлатлардан биридир, бироқ мактаблардаги отишмалар ҳамон камдан-кам ҳолларда кузатилади.
Июн ойида Филиппин марказидаги ўрта мактабда тенгдошлари ўт очганидан кейин уч нафар ўқувчи ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳатланган эди. Терговчиларнинг фикрича, ушбу фожиали отишмага безорилик (буллинг) туфайли юзага келган "адоват" сабаб бўлган.

