Дунё

Филиппиндаги мактабда ўқувчи жонли эфирда отишма уюштирди (видео)

Филиппиннинг Замбоанга шаҳрида жойлашган мактаблардан бирида 18-август куни даҳшатли отишма содир бўлди. Бир ўқувчи синфдошини отиб ўлдириб, сўнгра ўз жонига қасд қилди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда жонли эфирда намойиш этилгани билан янада мудҳиш тус олди. Бу ҳақда Реутерс агентлиги хабар берди.

Бу Филиппинда сўнгги икки ой ичида мактабда содир бўлган иккинчи шундай ҳодиса. Мамлакат президенти Фердинанд Маркос ҳуқуқ-тартибот органларига ушбу воқеани чуқур текширишни буюрди ва мактабларда зўравонликнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилишини таъкидлади. "Мактаблар — фарзандларимиз билим оладиган, улғаядиган ва келажак ҳақида орзу қиладиган маскандир. Улар мамлакатимиздаги энг хавфсиз жойлардан бири бўлиши керак", — деди Маркос ўз баёнотида.

Отишма хусусий Атенео де Замбоанга университетига қарашли мактабда юз берган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, ҳужумчи мактаб ҳудудига тўппонча ва милтиқ олиб кирган. Замбоанга мери Химер Адан Оласо маълумотларига кўра, ўқувчи танасига камера ўрнатиб, ҳужумни шу камера орқали жонли эфирга узатган. Тармоқларда тарқалган видеода отишма содир этган шахснинг синфга кириб, ўт очгани, сўнгра қуролини алмаштириб, иккинчи синфга кириб яна ўқ узгани кўринади. Ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум. Божхона хизмати мулозимининг айтишича, ҳужумчи 40 калибрли тўппончадан фойдаланган. Бу қурол унинг отасига Божхона бюроси томонидан берилган бўлиб, отаси аллақачон лавозимидан озод этилган. Воқеа жойидан топилган иккинчи қурол ҳам отасига тегишли бўлган.

ГМА Невс телеканали эфирга узатган видеода тартибсизлик ва саросима акс этган. Ўқ овозлари эшитилгач, ўқувчилар яширинишга ҳаракат қилган. Полиция маълумотларига кўра, ҳалок бўлган ўқувчи 10-синфда ўқиган, отишма содир этган 9-синф ўқувчиси эса ўзини ўлдирган. Шунингдек, яна икки киши яраланган. Шаҳар кенгаши аъзоси Фредерик Атиланонинг қўшимча қилишича, қурбон бўлган ўқувчи мактабнинг тўртинчи қаватида топилган, ҳужумчи эса бешинчи қаватда ўз жонига қасд қилган.

Мактаб биноси 5 қаватдан иборат бўлиб, 8 гектар ҳудудда жойлашган. Бино ичида университетнинг бошланғич ва ўрта мактаблари мавжуд. Қочиш пайтида саросимага тушган бир нечта ўқувчи жароҳат олган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Мактабда дарслар вақтинча тўхтатилди.

Июн ойида ҳам шунга ўхшаш воқеа Таклобан шаҳридаги давлат мактабида содир бўлган эди. Ўшанда икки ўқувчи ўт очиб, камида 3 нафар ўқувчи ҳалок бўлган ва 20 га яқини яраланганди.

Филиппинда мактаблардаги отишмалар кам учрайди. Мамлакатда қуролга эгалик қилиш қоидалари қатъий белгиланган бўлиб, қурол олиш учун инсоннинг руҳий ҳолати ва шахсияти текширилади. Шунга қарамай, ноқонуний қуролларнинг тарқалиши муаммо бўлиб қолмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.