Филиппинда 134 нафар йўловчини олиб кетаётган паром ёниб кетди (видео)

Филиппинда 134 нафар йўловчи ва экипаж аъзосини олиб кетаётган паромда ёнғин чиқди (видео)
Филиппинда 134 нафар йўловчи ва экипаж аъзосини ташиётган паромда олов алангаси кўтарилди. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ББС хабар берди.
Воқеа 9-сентябр куни Палаван провинсиясидаги сайёҳлик ҳудуди яқинида содир бўлган. Кечқурун қирғоқдан тахминан 2,2 километр узоқликда Жуне Астер паромида ёнғин бошланган. Қирғоқ қўриқлаш хизмати эълон қилган видеода кемани аланга бутунлай қоплаб олгани кўринади.
“Ҳозирда қутқарилган 42 киши ва ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларга асосланса, 87 киши бедарак йўқолган. Бу амалдаги маълумотлар ва қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, рақамлар ўзгариши мумкин”, деди Қирғоқ қўриқлаш хизмати капитани Ноеми Каябяб.
Қутқарилганларнинг 38 нафари йўловчи, тўрт нафари эса экипаж аъзоси. Кучли тўлқинлар сабаб паром қирғоқдан узоқлашиб кетган ва бу қутқарув ишларини қийинлаштирган.
Шунга ўхшаш ҳолат 12-август куни Бали ороли яқинида ҳам юз берган. Ўшанда қутқарувчилар ёнаётган паромдан 172 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлган. Ҳодиса оқибатида 19 ёшли аёл вафот этган. Ёнғин Бали ва Ломбок оролларини боғлайдиган Падангбаи–Лембар йўналишида қатнаётган паромда юз берган эди.

