Феррари ҳам ҳайдовчи, ҳам йўловчи учун мўлжалланган рулли автомобилни патентлади
Феррари автомобилда ҳайдовчи ўрнини ўзгартиришнинг ғайриоддий усулини ўйлаб топди. Вазиятга қараб, кокпитни марказга жойлаштириш мумкин бўлади.

Феррари ҳам ҳайдовчи, ҳам йўловчи учун мўлжалланган рулли автомобилни патентлади
Феррари компанияси АҚШ Патент ва савдо белгилари идорасига иккита алоҳида кокпит ва иккита рул механизмига эга ноодатий автомобил тузилмаси учун ариза топширди.
Ҳужжатга кўра, ҳам ҳайдовчи, ҳам йўловчи автомобилни бошқариш учун ўзининг тўлақонли ўриндиғига эга бўлади.
Бунда иккала рулдан бир пайтнинг ўзида фойдаланиб бўлмайди. Ишлатилмаётган рул механизми тахминан 90 даражага йиғилиб, йўловчи олдидаги жойни бўшатиши мумкин. Шу тариқа, вазиятга қараб, автомобилни у ёки бу томондан бошқариш имконияти пайдо бўлади.
Рул чамбараклари замонавий Формула-1 болидининг штурваллари услубида ишланган ва сурилувчи чамбарак билан жиҳозланган. Бундай тузилма олд ғилдираклар билан механик алоқага эга бўлмаган рул бошқаруви тизими қўлланилганидан дарак бериши мумкин.
Феррари бундай тизимни қўллашнинг бир нечта вариантини кўриб чиқмоқда. Масалан, континентал Европадан Буюк Британияга сафар қилаётганда, ҳайдовчи автомобилни қайта созламасдан бошқарув томонини тезда ўзгартира олади. Пойга шароитида эса пойгачининг марказда ёки ён томонда жойлашуви ўнг ёки чап бурилишлар кўп бўлган трассалардан ўтиш учун қулайроқ позицияни танлаш имконини беради.
Яна бир ссенарий — узоқ муддатли саёҳатлар. Иккита тўлақонли бошқарув ўриндиғи ҳайдовчи ва йўловчига тўхтамасдан ва жой алмаштирмасдан, навбатма-навбат автомобилни бошқариш имкониятини беради.

