Фарғонада 144 миллион сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари партияси мусодара қилинди

Фарғонада 144 миллион сўмлик кўп миқдордаги кучли таъсир қилувчи «Регапен» препарати мусодара қилинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизматининг хабар беришича, тезкор тадбир Фарғона шаҳар бўлими ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган. «Бешбола» маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда 1 120 қути препарат борлиги аниқланган.
Мусодара қилинган дори воситаси ишга ашёвий далил сифатида қўшилган. Кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда сақлаш факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан аввал Қўқонда кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи препаратлар контрандасининг олди олинган эди. Қўлга олинган шахсдан 2,4 килограмм гашиш ва 5,6 минг дона «Регапен» таблеткаси мусодара қилинган.

