Наманган ва Андижонда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси фош этилди
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди

Наманган ва Андижонда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси аниқланди
Наманган ва Андижон вилоятларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний равишда сотиш билан шуғулланган шахслар қўлга олинди.
Поп туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро M.Yo. 938 дона «РЕГАПЕН» дори воситасини 7 700 долларга сотаётган пайтда ушланган. Ундан қўшимча тарзда яна 1 848 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ҳам олинган.
Текширув жараёнида M.Yo. дориларни илгари судланган таниши М.С. билан Фарғона шаҳридан сотиб олгани маълум бўлган. M.Yo. дориларни белгиланган жойларга яшириш ва сақлаш билан шуғулланган бўлса, М.С. мижоз топиб, сотиш билан шуғуллангани айтилмоқда.
Шунингдек, Балиқчи туманида фуқаро М.O.ning хонадонидан сотиш учун сақлаб қўйилган 308 дона «Регапен» топилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 276-6-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

