“Фаластинсиз Яқин Шарқда хавфсизлик бўлмайди” — Иордания қироли
Абдуллоҳ ИИ Исроилнинг хатти-ҳаракатларини минтақа келажагига энг катта таҳдид деб атади. У тинчликка эришишнинг ягона йўли Фаластин давлатини тузиш эканини яна бир бор эслатди.

“Фаластинсиз Яқин Шарқда хавфсизлик бўлмайди” — Иордания қироли
Фаластин халқи ўз ватанига эга бўлмагунча, Яқин Шарқда хавфсизлик қарор топмайди.
“Минтақамизда Фаластин халқининг ўз ватанига бўлган ҳуқуқи таъминланмас экан, ҳеч қандай хавфсизлик ва барқарорлик бўлмаслигини қайта-қайта таъкидлаймиз”, деди қирол Иордания парламенти сессиясининг очилишида.
Иордания Исроил ҳамда Иордан дарёсининг босиб олинган Ғарбий Соҳили билан чегарадош давлат ҳисобланади. Мамлакат узоқ йиллардан бери “икки давлат” ечимини қўллаб-қувватлаб келади. Иордания 1994-йилда Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган эди.
Қирол нутқида Исроилнинг ҳаракатларига ҳам тўхталди. У халқаро ҳамжамиятнинг чақириқларига қарамай, вазият ҳануз мураккаблигича қолаётганини айтди.
“Исроил қонунбузарликларини тўхтатиш бўйича халқаро чақириқларга қарамай, Ғазодаги гуманитар фожиа давом этмоқда. Ғарбий Соҳил ва Қуддусда шафқациз ҳужумлар тўхтамаяпти. Исроилнинг экспансионистик (ҳудудларни кенгайтириш) интилишлари эса минтақанинг келажаги ва умидларига энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда”, деди Абдуллоҳ ИИ.
Қиролнинг бу баёноти Исроилдаги парламент сайловларидан бир неча кун ўтиб янгради. Сайловда бош вазир Бинямин Нетаняхунинг партияси энг кўп овоз олди. Бироқ у кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади. Шунингдек, сўнгги кунларда минтақада янги тўқнашув хавфи ортиб бормоқда. Эрон агар АҚШ ва Исроил унга қарши зарбаларни қайта бошласа, жавоб қайтаришга ваъда берган.

