Эрон хориждаги бир нечта форсий ОАВни ҳарбий нишонлар рўйхатига киритди

Эрон бир қанча хорижий форсий ОАВни ҳарбий нишонлар рўйхатига қўшди.
Эрон қуролли кучлари 26-август куни хорижда фаолият юритувчи бир нечта форсий оммавий ахборот воситаларини ўзининг ҳарбий нишонлари қаторига киритганини эълон қилди. Теҳрон уларни АҚШ ва Исроил разведка агентликларига хизмат қилишда айбламоқда.
Давлат телевидениесида эълон қилинган баёнотда, қуролли кучлар расмий вакили Абулфазл Шакарчи ушбу ОАВлар орасида ББС Персиан, Иран Интернатионал ва Радио Фарда нашрларини санаб ўтди.
"Бу душман ОАВ сионизм ва Американинг аскарларидир. Уларнинг барчаси бизнинг ҳарбий нишонларимиз рўйхатига киритилган", деди Шакарчи.
У ушбу телеканал ва радиоларни Моссад, АҚШ ҳамда душман разведка ташкилотлари билан бевосита алоқадорликда айблади.
"Эрон Қуролли кучлари бу нашрларни оммавий ахборот воситаси деб ҳисобламайди", дея қўшимча қилди у.
Бироқ ҳарбий вакил бу нашрларга айнан қаерда зарба берилишига аниқлик киритмади. Эрон расмийлари хорижда жойлашган форсий оммавий ахборот воситаларини олдиндан Исроил билан ҳамкорлик қилишда айблаб келади.
Хусусан, Эрон ҳукумати 2022-йилда Иран Интернатионал телеканалини террорчи ташкилот деб тан олган. Расмийлар бу канал билан ҳамкорлик қилиш Эрон қонунларига кўра жазоланиши ҳақида огоҳлантиради.

