Эрон унинг ўсмир қизини ўлдирди - энди у режимга қарши чиқмоқда
Самиранинг 16 ёшли қизи Севда январдаги оммавий норозилик намойишларида қатнашаётганда отиб ўлдирилган.

Эрон унинг ўсмир қизини ўлдирди - энди у режимга қарши чиқмоқда
Самира илгари ҳеч қачон сиёсатга қизиқмаганини айтади.
«Мен Эронда савдо соҳасида ишлардим. Косметика сотардим», — дейди у BBC Panorama кўрсатувига.
Эрон хавфсизлик кучлари унинг ягона фарзандини кўз олдида отиб ўлдирган куни ҳамма нарса тубдан ўзгарди. Ўн орти ёшли Севда шу йил бошида Эроннинг қатағончи режимга қарши мамлакатни қамраб олган намойишларда қатнашаётган эди — бу АҚШ ва Исроиллик кенг кўламли ҳаво зарбаларини йўллаб, мамлакат олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хаменеийни ўлдиришидан олдин юз берган эди.
Самиранинг айтишича, Эрон расмийлари қизининг жасадини излашда ёрдам бериш ўрнига тўсқинлик қилгач, унинг қайғуси ғазабга айланди.
«Мен Севдани топиш ҳаммасининг охири эмас, балки улар мени дучор қилган барча тазйиқларнинг бошланиши эканини тушуниб етдим».
Самира Эрондан хавфли тоғли ҳудудларни пиёда босиб ўтиб, драматик тарзда қочиб кетди.
У ҳозирда хорижда яшириниб яшамоқда ва ўзини «режимга қарши курашаётган бир кишилик армия» деб атайди. Қизининг ўлимидан сўнг жавобгарлик ва адолат талаб қилаётган у, намойишлар пайтида ўлимга олиб келган ўқларни узган деб ҳисоблаган хавфсизлик кучлари аъзолари ва мулозимларнинг шахсини аниқлашга аҳд қилган.
«Улар мени ўлдиришдан олдин ўлим ёқасига олиб келишади, лекин мени топиш осон бўлмайди… Ортга қайтиш йўқ», — дейди у.
Самира BBC йил бошидан бери интервью олган бир нечта эронликлардан биридир. Айримлар, ҳали ҳам мамлакат ичида бўла туриб, хавф-хатарга қарамай гапиришни хоҳлашларини Panorama’га айтишди ва оммавий намойишлар шафқатсизларча бостирилгач, умидни сақлаб қолиш қийинлашганини билдиришди.
Эроннинг Лондондаги элчихонаси Panorama’га тинч ва қонуний намойишлар ташқи кучлар, жумладан АҚШ томонидан эгаллаб олинганини, улар зўравонликни рағбатлантирганини, қурол ва ускуналар етказиб берганини ҳамда жамоат хавфсизлигига путур етказганини маълум қилди.
Севда 9 январь куни Самира билан бирга пойтахт Теҳрон чеккасида ўтган ойда бошланган йирик намойишларга қўшилганида ўлдирилган. Улар иқтисодий норозилик сабаб бошланган, кейинчалик мамлакат Ислом Республикасига чек қўйиш талабларига айланиб кетган эди.
Самира ўша пайтда алоҳида сиёсий қарашга эга бўлмаганини айтса-да, қизи шундай бўлганини таъкидлайди. Севда бошқа икки ёш аёлга ҳавас қиларди — ҳижоб ўраш қоидасини бузганликда айбланиб ҳибсга олингач вафот этгани оммавий намойишларга сабаб бўлган Маҳса Амини ва Эроннинг аёллар учун қатий исломий кийиниш қоидаларига қарши кейинги исён пайтида ўлдирилган Ника Шакарами.
«У уларни ўз хаёлларида тирик сақларди ва ҳамиша уларнинг [қаршилик] йўлини давом эттиришни хоҳларди», — дейди Самира.
Севда ўлдирилишидан бир кун олдин намойишчилар сони айниқса кўп эди. Самиранинг айтишича, у ва Севда Эроннинг охирги шоҳининг сургундаги ўғли Ризо Паҳлавийнинг намойишларга қилган даъватига жавоб беришган.
«Хавфсизлик кучлари назоратни йўқотган эди», — дейди у.
Одамлар сонининг кескин ортиши Эрон ҳукуматини ҳавотирга солди ва эртаси куни отиб ўлдириш ҳақида буйруқ эълон қилинди, дейди Самира. Лекин у буни шунчаки қуруқ таҳдид деб ўйлаган.
«Эронда жуда кўп ёлғон гапиришарди… Биз бунчалик кенг кўламли қирғинни тасаввур ҳам қила олмасдик».
Унинг айтишича, АҚШ Президенти Трампнинг уларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги ваъдаси ҳам уларга ишонч бағишлаган.
У 8 январь куни АҚШ медиасига шундай деган эди: «Мен [Эрон расмийларига] агар улар одамларни ўлдиришни бошлашса, улар ғалаёнлар пайтида шундай қилишга мойил… биз уларга жуда қақшатқич зарба беришимизни билдириб қўйдим».
Шундай бўлса-да, 9 январь куни оломон камроқ кўринган, дейди Самира.
Севда хавфни тушунгандай эди, дейди у. Қизи сирғаларини ечиб, бувисига берган. У шунингдек Самирага телефонининг паролини ҳам айтган.
Она ва қиз бошқа намойишчиларга қўшилишди. Кейин Севда чиқинди қутисига чиқиб, ҳайқириқларни бошлаб берди.
«Улар бўлган ҳудудда одамлардан кўра кучлар кўпроқдай туюларди», — дейди Самира. «Билмайман, бир кун ичида қандай қилиб шунча… Басиж ва ИҚҲК [Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси] кучларини йиғишди».
ИҚҲК мамлакатнинг исломий тузумини ҳимоя қилади, ярим ҳарбийлаштирилган Басиж Қаршилик Кучлари эса ИҚҲК кўнгиллиларидир.
«Ўнг томонимиздаги бинонинг томидан мерган ўқ узди. Ўқ томдан отилган бўлиши керак. Ўқ унинг юрагини тешиб ўтди. Мен ҳатто бақира олмадим. Мен шунчаки Севдага қараб қолдим — унинг танаси жансиз ётарди. Оғзи ва бурнидан қон отилиб чиқарди. Ишона олмасдим, унинг ўлаётганига ишона олмасдим. Уни кўзлари ҳали ҳам менга қараб турганди».
Самира Севдани касалхонага олиб борганини ва унга операция қилишаётганини айтишганини, аммо кейин эшик очилиб, Севданинг мурда солинадиган қопга солиб замокланганини кўрганини айтади.
Севданинг жасадини олиб кетишди. Самира қизини қайта топиш учун бир неча кун кетганини айтади. Бошқа кўплаб одамлар сингари, у ҳам Теҳроннинг энг катта мурдахоналаридан бирига бориб қолди.
«Ўсмирга тенг - ёш ўғил ва қизлар. Жуда кўпчилик ўлдирилганди», — йиғлайди у.
«Мен очган ҳар бир қоп билан бирга ўзим ҳам ўлардим. Мен ҳеч қачон бунчалик кўп мурда кўрмагандим. Лекин мен таслим бўлмасдим».
Ниҳоят у қизини топди. «Севданинг устида учта мурда тахланиб ётарди. Биз уни шундай топдик».
Эрон расмийлари намойишларда 3000 дан ортиқ одам ўлдирилганини тан олади, аммо баъзилари хавфсизлик кучлари аъзолари бўлганини айтади. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳларидан бири, Hrana, ўлим ҳолатлари сонини 7 000 дан ортиқ деб баҳолайди, уларнинг аксарияти намойишчилардир.
Севданинг жасадини топиш Самиранинг расмийлар билан курашининг бошланиши эди, дейди у.
Жасадни дафн этиш учун олиб кетишга рухсат беришлари учун, у Севдани хавфсизлик кучлари эмас, балки «террорчилар» ўлдирганини айтишга мажбур бўлганини таъкидлайди.
«Улар буни 8 ва 9 январь кунлари қилган ишларини ёпиш, қанча одамни ўлдиришганини яшириш учун қилишди. Улар оилаларга яқинлари исроил ёки америкалик террорчилар томонидан ўлдирилганини айтишни буюриб, уларни сукут сақлашга мажбур қилишди».
Шунга қарамай, уни дафн маросимидан сўнг қабрни зиёрат қилишдан ёки қабр тоши ўрнатишдан тўсишганини айтади.
Самира тазйиқлар давом этганини айтади. Севда вафотига 40 кун тўлиши муносабати билан ўтказиладиган маросимдан — Эрон маданиятида жуда муҳим фурсатдан — бир неча кун олдин уни Тахриҳот вазирлигининг маҳаллий бўлими чақиртирганини айтади.
«Улар менга шундай дейишди: 'Сиз бизга интервью бериб, Севда Басижи бўлганини ва у намойишчилар томонидан ўлдирилганини айтишингиз керак. Кейин биз уни шаҳид деб эълон қиламиз — сиз имтиёзлар, уй ёки нима хоҳласангиз оласиз'».
У бу таклиф қўрқувдан келиб чиққан деб ҳисоблайди, чунки мамлакатда интернет тикланганидан сўнг у Севданинг ўлими ҳақида Лондон жойлашган Эрон медиа ташкилотига сўзлаб берган эди.
«Менинг ташқи тармоқлар ёки Эрондан ташқаридагилар билан алоқада эканим уларни қўрқитиб қўйди».
Интервью беришдан қочиш учун Самира 40 кунлик хотира куни ўтиши билан Эрондан қочиб кетди.
«Мен боламнинг қони билан савдо қилишни хоҳламадим».
Унинг айтишича, контрабандачилар қочишга ёрдам беришган. У хавфсиз жойга етиб олиш учун дарё ва тоғларни босиб ўтган.
Унинг қочиш пайтида ёзиб олган видеоси унинг ғазабини аниқ кўрсатади.
«Бу ярамаслар ҳукумати, бу ҳаромзодалар, мени жуда кўп қийнашди», — дейди у чуқур жарлик ёнидаги тоғ йўлида юриб баланд овозда камерага қараб.
Самиранинг айтишича, у хориждан туриб хорижий медиага интервью беришни давом эттирганидан сўнг, унга ғоибона бир қатор жиноятлар, жумладан ўлим жазосини назарда тутувчи «муҳораба» — Худога қарши уруш қилиш айби қўйилган.
Севданинг 17 ёшига тўлиши керак бўлган куни унинг қариндошлари ва дўстлари хотира тадбири ўтказишди — Самира эса сургунда туриб туғридан-тўғри трансляцияни кузатди.
«Кейин тўсатдан узатиш узилди», — дейди у.
Унинг айтишича, кейинчалик у тадбирга бостириб кирилганини ва унинг баъзи оила аъзолари ва дўстлари ИҚҲК томонидан ҳибсга олинганини билган.
Унинг айтишича, расмийлар унинг оиласини агар Севданинг қабри бошида йиғилишни давом эттиришса, унинг жасади кавлаб олиниб, бошқа жойга кўчирилишидан огоҳлантирган.
Эндиликда Самира 8 ва 9 январь кунлари у ва Севда қўшилган намойишлар пайтида ўлимга олиб келган ўқларни узган деб ҳисоблаган Эрон хавфсизлик кучлари аъзолари ва мулозимларнинг исмларини интернетга жойлаштирмоқда.
«Мен исмини ошкор қилган ҳар бир инсон учун адолат қарор топишини хоҳлайман, чунки улар жуда кўп ёшларни ўлдиришди. Менинг мақсадим — уларни суд қилишлари учун шахсларини аниқлашдир», — дейди у.
Самира интернетда исмини тилга олган эркаклардан бири кейинчалик ўлик ҳолда топилгач, режим тарафдори у содир этган деб тахмин қилиб, унинг жойлашуви ҳақидаги маълумот учун 5 000 доллар (£3 732) мукофот таклиф қилди. Эрон давлат медиаси ўшандан бери ўлимга алоқадорликда айбланиб тўққиз киши ҳибсга олинганини хабар қилди.
Хавф-хатарга қарамай, Самира сукут сақламаслигини айтади.
«Севдасиз ўтган ҳар бир кун ва ҳар бир сония мен учун жуда оғир. Бу юрагини йўқотган, борлиғини йўқотган, ҳаётини йўқотган онага ўхшайди…
«Байроқча, Севданинг нафас олмаётгани менга оёққа туришимга имкон берди… унинг ҳаёти ва йўлини шарафлаш ҳақида ўйлашга… мен кўрган ўша барча мурдалар, Севдани излаб мен очган ўша барча мурда қоплари, уларнинг бари мени охирги нафасимгача Ислом Республикасига қарши курашишга мажбур қилди».

