Эрон музокараларни тиклаш учун АҚШга 7 та шарт қўйди
Шартлар июн ойида Исломободда тузилган меморандум мазмунидан фарқ қилади. Теҳрон талаблар бажарилмагунча музокаралар бошланмаслигини билдирди.

**Эрон музокараларни қайта бошлаш учун АҚШга 7 та шарт қўйди**
Эрон АҚШ фақат унинг етти шартини қабул қилган тақдирдагина музокараларга киришишини маълум қилди. Бу ҳақда Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Моҳсен Ризоий давлат телеканали эфирида айтиб ўтди.
“Биз Вашингтон Теҳрон талабларини бажармагунча ҳеч қандай музокара бўлмаслигини билдирдик. АҚШга еттита шартимизни тақдим этдик. Бу шартлар Исломобод меморандумининг мазмунидан фарқ қиларди”, деди Ризоий.
Унинг сўзларига кўра, Эрон АҚШни “жазолаши керак”. Акс ҳолда, бошқа давлатлар ҳам Эронга қарши шундай ҳарбий ҳужумлар уюштириш мумкин, деган хулосага келиши мумкин. Ризоий келажакда Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланса, мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан чиқиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.
“Биз ядровий масалада аввало ўз ҳуқуқларимизни муҳокама қиламиз, Эронга қўйиладиган чекловларни эмас. Келажакда эҳтимолий уруш бошланса, шартномада қолиш-қолмаслигимиз ҳозирча номаълум”, деди у.
Шу билан бирга, Ризоий Эрон ядровий доктринасига оид янги қарорлар қабул қилинмаганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 28-феврал куни АҚШ ва Исроил Эрондаги обьектларга зарба берди, Теҳрон бунга ҳаво ҳужумлари билан жавоб қайтарди. Июн ўрталарида томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича Исломободда меморандум имзолади. У Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигини англатади.

