Маҳаллий

«Электр хавфсизлиги ойлиги»: мақсад ва вазифалар

Вазирлар Маҳкамаси электр токи уриши хавфини камайтириш, ёнғинларнинг олдини олиш ва электр энергиясидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини оширишга қаратилган профилактика ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари комплексини тасдиқлади.

«Электр хавфсизлиги ойлиги»: мақсад ва вазифалар

Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.2026 йилдаги 523-сон қарори билан ҳар йили октябрь ойида Ўзбекистонда «Электр хавфсизлиги ойлиги» ўтказилиши белгиланди. Тадбирларда аҳоли, ижтимоий соҳа муассасалари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа электр энергияси истеъмолчилари иштирок этади.

Ойлик доирасида асосий эътибор аҳолининг, энг аввало, болалар ва ёшларнинг билим ва амалий кўникмаларини оширишга, шунингдек, электр ускуналаридан фойдаланишга масъулият билан ёндашишни шакллантиришга қаратилади. Тушунтириш ишлари электр жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, тармоқларнинг ҳаддан ташқари юкланишини олдини олиш, узилган симлар аниқланганда ва бошқа потенциал хавфли вазиятларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги масалаларини қамраб олиши лозим.

Ҳудудий ҳокимликларга ишчи гуруҳлар тузиш ва бир ой давомида барча маҳаллалар, кўп квартирали уйлар, аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, ижтимоий муассасалар ва корхоналарда профилактика ишлари олиб борилишини таъминлаш топширилди. Ҳаёт ва соғлиқ учун хавф аниқланган тақдирда, масъул шахслар ва ижро муддатларини белгилаган ҳолда, уни бартараф этиш бўйича зудлик билан чоралар кўрилиши керак.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ фойдаланилаётган электр қурилмаларининг техник ҳолатини баҳолаши ва уларни хавфлилик даражаси бўйича тақсимлаши лозим. Қўшимча текширувлар турар жой мавзелари, мактаблар, болалар боғчалари, бозорлар, дам олиш масканлари ва бошқа жамоат жойлари яқинида ўтказилади. Хусусан, симлар ва кабелларнинг ҳолати, киришни чеклаш қурилмалари, шунингдек, электр қурилмаларидаги тўсиқлар, қулфлар ва огоҳлантирувчи белгилар мавжудлиги текширилади.

«Ўзенергоинспекция» аҳоли ва истеъмолчилар учун ахборот тадбирлари, семинарлар ва маслаҳатлашувлар ташкил этади, шунингдек, электр қурилмаларини, энг аввало, болалар ва аҳоли кириши мумкин бўлган қурилмаларни профилактик текширишда иштирок этади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ ёнғинларнинг олдини олиш бўйича профилактика тадбирларини ўтказиш топширилди.

Таълим муассасаларида «Электр хавфсизлиги дарслари», очиқ машғулотлар, викториналар, интерактив тренинглар ҳамда расмлар ва видеороликлар танловларини ўтказиш режалаштирилган. Болаларга трансформатор нимстанцияларига кириш, электр симларига яқинлашиш, электр устунларига кўтарилиш ва узилган симларга тегиш хавфи алоҳида тушунтирилади.

Энергетика вазирлиги «Электр хавфсизлиги ойлиги» ўтказилишини мувофиқлаштиради, ахборот материаллари, ижтимоий роликлар ва эслатмалар тайёрлашда иштирок этади, шунингдек, хавфли вазиятлар юзага келганда ҳаракат қилиш тартиби ва мавжуд ишонч телефонлари ҳақида аҳолини хабардор қилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.