Электр энергияси ва газнинг «намунали истеъмолчилари» учун 15 фоизлик аванс жорий этилади
Ўзбекистонда электр энергияси ва газнинг «намунали истеъмолчиси» мақоми жорий этилмоқда. Қарздорлиги ва қоидабузарликлари бўлмаган, ҳисобга олиш тизимларига уланган компаниялар атиги 15% олдиндан тўлов амалга ошириши (оддий истеъмолчилар учун 100% талаб этилади), қолган суммани эса ой давомида қисмлаб тўлаши мумкин бўлади.

Электр энергияси ва газнинг «намунали истеъмолчилари» учун 15 фоизлик аванс жорий этилади
Ўзбекистонда бизнес учун электр энергияси ва табиий газнинг «намунали истеъмолчиси» мақоми жорий этилмоқда. Бу президентнинг 22 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.
Автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимларига уланган ва масофадан бошқариш имкониятига эга ҳисоблагичлар билан жиҳозланган номаиший истеъмолчилар «намунали» деб ҳисобланади.
Бундай истеъмолчиларнинг муддати ўтган қарздорлиги, энергия ресурсларидан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш қоидаларини бузиш ҳолатлари, шунингдек, аввалги икки ой давомида тўлов интизомини бузиш ҳолатлари бўлмаслиги керак.
Улар учун алоҳида тўлов тартиби жорий этилади: ҳисоб-китоб ойи бошланишидан олдин шартномада назарда тутилган истеъмол ҳажмининг камида 15 фоизи миқдорида аванс тўлаш кифоя, қолган суммани эса ой давомида қисмлаб тўлаш мумкин.
Олдиндан тўлов ҳисобга олиш ва биллинг тизимлари маълумотлари асосида автоматик равишда ҳисоблаб чиқилади — мақом олиш учун алоҳида мурожаат қилиш талаб этилмайди.
Агар шахсий ҳисобварақдаги маблағлар тугаб, электр энергияси ёки газ етказиб бериш автоматик равишда тўхтатилса, бу тўлов интизомини бузиш деб ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, муддати ўтган қарздорлик юзага келганда, истеъмолчининг айби билан ҳисобга олиш тизими билан маълумот алмашинуви бузилганда ёки энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда «намунали истеъмолчи» мақоми йўқотилиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда айрим корхоналар учун электр энергияси ва табиий газ учун мажбурий олдиндан тўловни 100 фоиздан 15 фоизгача камайтириш ниятида эканини маълум қилган эди.
Ўшанда давлат раҳбари энергия ресурслари учун тўлиқ олдиндан тўлов талаби бизнеснинг айланма маблағларини қисқартираётганини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, энергетика соҳасидаги бошқарув тизими тадбиркорларнинг бугунги эҳтиёжлари ва истиқболдаги режаларини ҳисобга олган ҳолда қайта қурилиши керак.
Юридик шахслар учун 100 фоизлик олдиндан тўлов талаби 2024 йил 1 июлдан бошлаб амал қилмоқда. Худди шундай тартиб 2017 йил июлдан 2019 йил февралгача қўлланилган, шундан сўнг мажбурий аванс миқдори 50 фоизгача камайтирилган эди. 2023 йил охирида Энергетика вазирлиги тўлиқ олдиндан тўловга қайтишни истеъмолчилар томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар, жумладан, тармоқларга ўзбошимчалик билан уланиш ва истеъмол маълумотларини бузиб кўрсатиш билан изоҳлаган эди.
Ушбу фармон билан Ўзбекистонда йирик истеъмолчилар учун электр энергиясининг табақалаштирилган тарифлари ҳам ўзгартирилди. Соат 9:00 дан 17:00 гача улар учун пасайтирувчи коэффициент қўлланилади — тариф 1,5 баравар паст бўлади. Тунда эса аввалги чегирма бекор қилинади ва электр энергияси учун тўлов оддий тариф бўйича амалга оширилади.

