Экстремизм учун жавобгарлик ўзгартирилди
Эктремистик ташкилотларда иштирок этиш ва уларни тузиш энди турлича жазоланади, илк бор содир этилган экстремистик материалларни тайёрлаш ва сақлаш учун эса маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда. Адлия вазирлиги Экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг электрон реестрини юритади.

**Экстремизм учун жавобгарлик ўзгартирилди**
02.11.2026 йилдаги ЎРҚ-1185-сонли Қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бир қатор қонунларга экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Жиноят кодексида «диний экстремизм» сўзлари «экстремизм» сўзи билан алмаштирилди. Илгари экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этиш бир хил — 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган бўлса, эндиликда иштирок этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача, тузиш ва раҳбарлик қилиш учун эса 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Экстремистик материалларни сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишда иштирок этган шахс, агар бу ҳақда ҳокимият органларига ўз вақтида хабар берган бўлса ёки бошқа усулда оғир оқибатларнинг олдини олишга ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
Илгари экстремистик материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш жиноий жавобгарликка, шу жумладан БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлар эди. Эндиликда биринчи марта содир этилган қилмиш учун маъмурий жарима белгиланди: фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда мусодара қилиш билан бирга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш (МЖТКнинг 184⁵-моддаси). Жиноий жавобгарлик қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса юзага келади.
«Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун сезиларли даражада тўлдирилди. Илгари тақиқланган ташкилотлар ва фаолияти тўхтатиб қўйилган юридик шахслар рўйхатлари Адлия вазирлиги ва Олий суд сайтларида жойлаштирилар эди. Эндиликда Адлия вазирлиги очиқ Электрон реестрни юритади, унга экстремистик материаллар ва уларни мунтазам равишда тарқатувчи интернет-манбалар ҳам киритилади.
Илгари қонунда материалларни ким экстремистик деб эътироф этиши белгиланмаган ва суд қарорига кўра юридик шахс фаолиятини тўхтатиб қўйиш муддати чекланмаган эди. Эндиликда бу Бош прокурорнинг аризасига кўра Олий суд томонидан амалга оширилади, юридик шахснинг фаолияти эса бир йилгача муддатга тўхтатиб қўйилади. Қарор устидан шикоят 72 соат ичида берилади ва унинг ижросини тўхтатиб қўймайди.
Экстремистик хусусиятдаги жиноятлар учун сотланган шахслар судланганлиги тугаллангунига ёки олиб ташлангунига қадар маърифий, журналистлик фаолияти билан шуғулланишлари, психологик ёрдам кўрсатишлари ва ОАВ таъсис этишлари мумкин эмас. Экстремистик фаолият фактлари тўғрисида хабар берган шахслар давлат ҳимоясида бўлади ва рағбатлантирилиши мумкин.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 03.11.2026 йилдан кучга кирди.

