Экологик лойиҳаларга халқаро молиялаштиришни жалб этишда УНССД билан ҳамкорлик кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш

Экологик лойиҳалар учун халқаро молиялаштиришни жалб этишда УНССД билан ҳамкорлик янада кучайтирилади
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенсияси (УНССД) Ижрочи котиби Ясмин Фуад билан учрашув ўтказди. СОП17 конференсияси доирасида Мўғулистонда бўлиб ўтган мазкур мулоқотда деградацияга учраган ерларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш ҳамда қум ва чанг бўронларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда стратегик режалаштиришдан амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни молиялаштириш босқичига ўтиш масаласига алоҳида урғу берилди. Бундай лойиҳалар ер ресурсларини тиклаш, экотизимлар барқарорлигини ошириш ва Марказий Осиёнинг экологик хавфларга чидамлилигини кучайтиришга йўналтирилади. Шунингдек, Ясмин Фуад президент Ш.Мирзиёев бощилигидаги экологик ислоҳотлар билан таништирилди.
Учрашув якунида УНССД ва унинг Глобал механизми кўмагида минтақавий инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришга халқаро молия институтлари ва иқлим фондларини, жумладан, Глобал экологик жамғарма, Яшил иқлим жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро ҳамкорларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири — Қум ва чанг бўронлари бўйича минтақавий эрта огоҳлантириш марказини ташкил этиш учун молиявий, техник ва эксперт кўмакни сафарбар этишдир.
Мазкур тизим минтақада қум ва чанг бўронларини мониторинг қилиш ва прогнозлаш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли ҳамда тегишли хизматларни ўз вақтида огоҳлантириш самарадорлигини ошириш, шунингдек, ушбу табиий ҳодисаларнинг ижтимоий-иқтисодий ва экологик оқибатларини камайтиришга хизмат қилади.
Учрашув давомида, шунингдек, чанг-туз чиқиндилари ва ерларнинг деградацияси билан боғлиқ муаммоларни комплекс ҳал этишга қаратилган Марказий Осиё инвестиция дастурини шакллантириш таклифи илгари сурилди. Мазкур дастур уч устувор йўналиш бўйича лойиҳаларни бирлаштириши мумкин:
• минтақада чанг-туз чиқиндиларини камайтириш;
• Қизилқум ҳудудидаги саксовул экотизимларини тиклаш;
• қум ва чанг бўронлари бўйича минтақавий эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш.
Дастурни амалга оширишда халқаро молиялаштириш, техник экспертиза ва экотизимларни мониторинг қилиш ҳамда тиклашнинг замонавий технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Учрашувда Ясмин Фуад Марказий Осиёда экология ва барқарор ривожланиш соҳасидаги илмий-маърифий марказ сифатида “Греен Университй”нинг ортиб бораётган ролини алоҳида таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал этиш учун илмий салоҳиятни ривожлантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва замонавий экспертлар базасини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ерларнинг деградацияси, чўлланиш ва қум-чанг бўронларига қарши курашиш масалаларида минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори. Ягон инвестиция лойиҳалари портфелининг шакллантирилиши Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда йирик экологик ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш имконини беради. Ҳамкорликнинг янги босқичидаги асосий вазифа — минтақавий экологик устувор йўналишларни аниқ лойиҳаларга айлантириш, уларни молиялаштиришнинг тушунарли механизмларини белгилаш, масъул ижрочиларни аниқлаш ва ўлчанадиган натижаларга эришишдан иборат.

