Иқтисодиёт

Дунёнинг энг катта иқтисодиёти АҚШми ёки Хитой?

2026-йил учун прогнозларга кўра, номинал ялпи ички маҳсулот бўйича АҚШ дунёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлиб қолмоқда. Бироқ мамлакатлардаги нархлар фарқи ҳисобга олинса, Хитой биринчи ўринга чиқади. Худди шу усулда Ҳиндистон учинчи, Россия тўртинчи, Индонезия эса еттинчи поғонани эгаллайди.

Дунёнинг энг йирик иқтисодиёти АҚШми ёки Хитой?

Инфографикада 20 та мамлакатнинг номинал ялпи ички маҳсулоти — ЯИМ ҳамда харид қобилияти паритети бўйича кўрсаткичлари берилган.

Номинал ЯИМ мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар қийматини бозор валюта курси орқали долларга айлантириб ҳисоблайди. Харид қобилияти паритети эса давлатлар ўртасидаги нархлар тафовутини ҳисобга олади: бир хил маблағ турли мамлакатларда қанча товар ва хизмат харид қилишга етишини солиштиради.

Номинал ҳисоб-китобга кўра, АҚШ иқтисодиёти 2026-йилда 32,6 триллион долларга, Хитойники эса 21,5 триллион долларга етиши прогноз қилинган.

Харид қобилияти паритети бўйича эса Хитойнинг ЯИМ 44,6 триллион халқаро долларга баҳоланмоқда. Бу АҚШ кўрсаткичидан тахминан 37 фоиз юқори. Хитой ушбу усул бўйича АҚШдан илк бор 2014-йилда ўзиб кетган.

Иккала рейтингда ҳам келтирилган давлатлар орасида энг катта ўрин фарқи Индонезияда кузатилади. У номинал ЯИМ бўйича 17-ўринда бўлса, харид қобилияти ҳисобга олинганда еттинчи ўринни эгаллайди. Бу ҳолатда Индонезия Канада, Франсия ва Буюк Британия каби йирик иқтисодиётлардан юқорида туради.

Ҳиндистоннинг ўрни ҳам сезиларли даражада ўзгаради. Мамлакат номинал рейтингдаги олтинчи ўриндан харид қобилияти бўйича учинчи ўринга кўтарилиб, Германия, Япония ва Буюк Британияни ортда қолдиради.

Ҳиндистон ЯИМ харид қобилияти паритети бўйича 19,2 триллион халқаро долларга баҳоланган. Германияда бу кўрсаткич 6,6 триллионни ташкил этади. Яъни ушбу усулда Ҳиндистон иқтисодиёти Германияникидан қарийб уч баравар катта.

Россия эса номинал ЯИМ бўйича саккизинчи, харид қобилияти бўйича тўртинчи ўринда қайд этилган. Иккинчи ҳисоблаш усулида унинг иқтисодиёти 7,5 триллион халқаро долларга баҳоланиб, Япония ва Германиядан юқорида жойлашган.

Бу ўринлар фарқи мамлакат иқтисодиёти қисқа вақт ичида кескин ўсганини англатмайди — бир йил учун икки хил ўлчов қўлланмоқда. Шунингдек, иқтисодиётнинг умумий ҳажми аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ёки турмуш даражаси билан бир хил кўрсаткич эмас.

Келтирилган рақамлар 2026-йилнинг якуний натижалари эмас, Халқаро валюта жамғармасининг прогнозларидир.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.