Дунё

Дунёдаги энг эски кема ҳалокати қолдиқлари Туркия қирғоқларида топилди

Археологларнинг таъкидлашича, кема ҳалокатга учраган жой Эрта бронза даврига оид бўлиб, 4700 йилгача бўлган тарихга эга.

Дунёдаги энг қадимий кема ҳалокати Туркия қирғоқларида аниқланди

Археологларнинг таъкидлашича, Туркия қирғоқлари яқинида дунёдаги энг қадимий кема ҳалокати қолдиқлари топпилган.

Олимлар унинг ёшини 4 400 ва 4 700 йил оралиғида деб баҳоламоқда, бу эса уни Илк бронза даврига ва Буюк пирамида қурилаётган даврга тўғри келтиради.

Кеманинг ёғоч синчи сақланиб қолмаган, аммо у ташиётган сопол кўзалар денгиз тубидан топилган ва ҳайратланарлиси, уларнинг баъзиларида ҳалигача ичидаги нарсаларнинг излари сақланиб қолган.

Кема қолдиқларини топган археологларнинг айтишича, унинг узунлиги тахминан 10 метр бўлиб, Ўрта ер денгизи бўйлаб юк ташийдиган савдо кемаси бўлган.

«Сувга чўккан кема — денгиз тубидаги вақт капсуласидир», — деди Ўрта ер денгизи археология уюшмаси экспедициясига раҳбарлик қилган Туркиядаги Акдениз университети профессори Ҳакан Ўниз.

Ғаввослар учта тош олибрни топишди, чунки кемалар узоқ сузишларда эҳтиёт қисмларни олиб юришган

Кема қолдиқлари Туркиянинг Анталя шаҳридаги Кекова ороли қирғоғи яқинида жойлашган. Буюмлар сув остидаги ёнбағир бўйлаб, сув юзасидан атиги 30 метр чуқурликда сочилган.

Учта катта тош олибр ҳамда амфора деб аталувчи 30 дан ортиқ сопол идишлар олиб чиқилди.

Кеманинг ёғоч қисмларидан ҳеч нарса қолмагани сабабли, унинг ёшини аниқлашда органик материаллардаги углерод шаклини ўлчайдиган радиоуглеродли ташхис каби усуллардан фойдаланиб бўлмади.

Бунинг ўрнига археологлар амфораларнинг шаклини ўргандилар. Сопол буюмлар услуби вақт ўтиши билан ўзгариб тургани учун турли шакллар муайян даврлар билан боғлиқ.

Кекова сопол буюмлари иккита дастаси, ўртасидаги бўртма чизиғи ва ясси туби билан ажралиб туради.

Ўнизнинг айтишича, бу дизайн Миср ва Яқин Шарқда топилган ва ёши 4 400–4 700 йилга тенг экани маълум бўлган бошқа амфораларга мос келади.

«Безак бериш усулларини солиштириб... биз кемамиз Илк бронза даврига оид деб аниқ айта оламиз. Бу 100 фоиз шундай».

Экспедиция ғаввослари кўзаларни сув юзасига олиб чиқишди, эндиликда минглаб йиллар сув остида ётган бу буюмлар эҳтиёткорлик билан консервация қилинмоқда.

Австралиянинг Маккуори университети археологи, доктор Карин Совада амфоралар олиб чиқилгач, уларни кўздан кечирди. Баъзилари шикастланмаган эди ва у уларнинг ичида ҳали ҳам қовушқоқ, ялтироқ қолдиқлар борлигини кўриб ҳайратда қолди.

«Ичига қараб, деярли ҳушимдан кетаёздим. Қанчалик кўп [қолдиқ] кўриниб турганига ишона олмадим. Бу шунчаки доғлар эмас эди.... бу материалнинг жуда кўп қисми сақланиб қолган эди», — деди у.

Жамоа ҳозирда амфораларда айнан нима ташилганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

«Бу зайтун мойи, вино ёки дарахт елими бўлиши мумкин», — деди Совада.

«Бу [қолдиқлар] всда кўзалардан қайта фойдаланиш натижаси бўлиши ҳам мумкин. Демак, бу кўзалар жуда катта — улар шунчаки бир марта юборилиб, кейин қайтиб кўрилмайдиган нарсалар эмас. Одамлар келгач, бу кўзаларни бўшатишган ва эҳтимол улардан кўп, кўп, кўп йиллар давомида фойдаланишган».

Сувга чўккан кема ва унинг юки қадимги дунёдаги савдо-сотиқ ҳақида ҳам янги тасаввурларни бермоқда.

Археологларнинг таъкидлашича, кема ўз саёҳатини Ўрта ер денгизининг шарқий қирғоғидаги қайсидир нуқтадан бошлаган.

Улар кема ҳозирги Туркиянинг шимоли-ғарбида жойлашган қадимги Троя шаҳрига ёки Критдаги Миной халқига юкларни олиб кетаётган бўлган деб ҳисоблашади.

Денгиз саёҳати хавфли эди, айниқса Кекова ороли атрофида, бу ерда кучли оқимлар ва шамоллар кўплаб кемаларни ҳалокатга учратган.

Бу ҳудудда юзлаб чўккан кемалар бор ва Ўрта ер денгизи археология уюшмаси уларни топиш ва ўрганишга ихтисослашган.

Ўнизнинг айтишича, у сувга чўккан кема ёнига шўнғиганида, хаёлига келадиган биринчи нарса — бу кема билан боғлиқ одамларнинг ҳаётидир.

«Биз 5 000 йилдан сўнг бу буюмларга тегган биринчи инсонлармиз.

Биз ҳамиша денгизчилар... амфора ишлаб чиқарувчилар ва амфорани елкасида кемага ташиган инсон, шунингдек, турмуш ўртоқларини кутган ва афсуски, улар қайтиб кела олмаган аёллар ҳақида ўйлаймиз».

Кема қолдиқлари Туркия Маданият вазирлигига тегишли. Вазир Меҳмет Нури Эрсойнинг айтишича, топилган ашёлар яқин ойларда очиладиган Анталядаги янги Ўрта ер денгизи сув ости археологияси музейида намойиш этилади.

Чуқурлик сабабли ғаввослар уни ўрганиш учун бир сафарда атиги 30 дақиқа вақт ажрата олишди

Кековадаги топилма эндиликда дунёдаги энг қадимий кема ҳалокатлари рўйхатида пешқадамлик қилмоқда.

Шу вақтгача рекордчи Греция жанубидаги Докос ороли қирғоқларида топилган ва тахминан 4 200 йил олдинга оид кема қолдиғи эди.

Ёғочлари ҳалигача сақланиб қолган, маълум бўлган энг қадимий бутун кема қолдиғи Қора денгизда, Болгария қирғоқлари яқинида топилган. У тахминан 2 400 йил аввалги даврга оид.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.