Дунё

Дунёда асаларилар сони кескин камаймоқда. Бу қандай хавфларни келтириб чиқаради?

Дунёда асаларилар сонининг кескин камайиши қандай хавфларни келтириб чиқаради?

Тасаввур қилинг: супермаркетга кирдингиз, аммо расталар бўм-бўш. Олма, нок, тарвуз, қовун, қаҳва, бодом ва бошқа кўплаб маҳсулотлар йўқ. Чунки бир ой аввал сайёрадаги барча асаларилар йўқолиб кетган.

Бу антиутопик филм сюжетига ўхшаса-да, биолог ва экологлар бундай эҳтимолни жиддий муҳокама қилмоқда. Сабаби, дунёда асаларилар сони хавотирли суръатларда камайиб бормоқда.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, дунё қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 35 фоизи чанглатувчиларга боғлиқ. Дунёдаги мева ва уруғ берувчи озиқ-овқат экинларининг қарийб тўртдан уч қисми ҳеч бўлмаганда қисман ҳашаротлар ёрдамида чангланади.

Демак, агар асаларилар бугун бирдан йўқолиб қолса, бир ой ичида дўконлардаги маҳсулотларнинг қарийб ярми камайиши мумкин.

**Қайси маҳсулотлар йўқолади?**

Олма, нок, олча, резавор мевалар, тарвуз, қовун, бодом, гречиха ва кунгабоқар каби экинларнинг ҳосилдорлиги кескин камаяди ёки уларни етиштириш иқтисодий жиҳатдан фойдасиз бўлиб қолади. Асаларилар бўлмаса, нафақат асал, балки кўплаб мева, ёнғоқ ва резавор мевалар ҳам камаяди.

Сабзавотлар ҳам бундан мустасно эмас. Помидор, бақлажон, киви ва черника каби айрим ўсимликлар “вибрацион чангланиш” деб аталадиган жараёнга боғлиқ. Бунда ҳашарот гулга қўниб, кўкрак мушакларини тез қисқартиради ва тебраниш ҳосил қилади. Бу тебраниш гул чангдонларига етиб боради. Натижада чанг доначалари ҳашарот танасига ёпишади ва кейинчалик бошқа гулга кўчирилади.

Иссиқхоналарда ҳосилдорликни ошириш учун аллақачон арилардан фойдаланилади. Тадқиқотларга кўра, арилар ёрдамида чанглатиш помидор ҳосилини ўртача 25 фоизга оширади, айрим хўжаликларда эса бу кўрсаткич 50 фоизгача етади.

**Фақат мева эмас, гўшт ва сут ҳам камаяди**

Бу боғлиқлик бир қарашда сезилмаслиги мумкин, аммо у бевосита мавжуд. Асаларилар чорва учун озуқа бўладиган беда ва бошқа ўсимликларни чанглатади. Уларнинг йўқолиши чорва учун озуқа базасининг қисқаришига, натижада сут, гўшт ва тухум ишлаб чиқаришнинг камайишига олиб келиши мумкин.

**Нега асаларилар қирилиб кетмоқда?**

Асалариларнинг камайишига битта сабабни кўрсатиб бўлмайди. Бунга бир-бирини кучайтирадиган бир нечта омил сабаб бўлмоқда:

* **Варроа канаси** — қисқичбақага ўхшаш микроскопик паразит. У турли вирусларни тарқатади. Уларнинг энг хавфлиларидан бири қанот деформацияси вирусидир. Бундай вирусни юқтирган личинканинг қанотлари тўлиқ ривожланмайди ва у уча олмайди.

* **Неоникотиноид пестицидлар** — асаларини дарҳол ўлдирмайди, аммо уларнинг асаб тизимига зарар етказади. Натижада асалари рангларни ажрата олмай қолади, фазода йўналишини йўқотади ва уясига қайта олмайди.

* **Глобал исиш** — илиқ қиш сабаб баҳор одатдагидан эртароқ келади. Гуллар ёввойи асаларилар уйғонишидан олдин очилиб, сўлиб қолиши мумкин. Иссиқ ва қурғоқчилик пайтида эса ўсимликлар гуллаган бўлса-да, нектар ажратмайди.

* **Электромагнит таъсир** — мобил алоқа тармоқларининг электромагнит нурланиши ҳам асалариларга таъсир қилиши мумкинлиги ўрганилмоқда.

Асалариларсиз бир ой — дунёнинг охири эмас. Инсоният очликдан қирилиб кетмайди. Аммо рационимиз хилма-хиллигини йўқотиб, витаминларсиз ва бир хилдаги таомларга айланади.

Бу муаммо биздан узоқда ва келажакда содир бўладигандек туюлади. Аслида эса асаларилар ҳозирнинг ўзида камайиб бормоқда. Сўнгги 20 йил ичида уларнинг популяцияси қарийб уч баравар қисқарган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.