Dream Park’да ўрдакларнинг отилиши қушларни инфекциялардан ҳимоя қилишга уриниш билан изоҳланди. Видео

Dream Park’да ўрдакларга қарата ўқ узилгани қушларни инфекциялардан ҳимоя қилишга уриниш билан изоҳланди. Видео
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Dream Park’да бир эркакнинг рогаткадан ўрдакларга қарата ўқ узаётгани тасвирланган видео тарқалди. Парк администрацияси бу усул билан у ерда яшайдиган қушларни ёвойи ўрдаклар ташиши мумкин бўлган эҳтимолий инфекциялардан асрашга ҳаракат қилинганини маълум қилди. Шу билан бирга, парк вакиллари нега айнан рогатка танланганига изоҳ бермади.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса якшанба куни кундузи, паркда ташриф буюрувчилар, жумладан, болали оилалар бўлган вақтда юз берган. Чоп этилган кадрларда эркакнинг ҳовузда сузиб юрган ўрдакларга рогаткани тўғирлаб нишонга олаётганини кўриш мумкин. Видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлди, улар содир бўлган воқеани текширишни ва эркакнинг ҳаракатларига баҳо беришни талаб қилишди.
Жамоатчилик муҳокамасидан сўнг Dream Park администрацияси парк ҳудудида 100 дан ортиқ қуш яшашини ва уларнинг аҳволини ветеринария мутахассиси кузатиб боришини маълум қилди.
Парк вакилларининг сўзларига кўра, ўтган йили ёвойи ўрдаклар билан мулоқотдан сўнг администрация қарамоғида бўлган баъзи қушлар касалланиб, нобуд бўлган. Dream Park’дагиларнинг таъкидлашича, ушбу ҳолат ёвойи ва парк қушлари ўртасидаги мулоқотнинг олдини олиш чораларини кучайтиришга сабаб бўлган.
Администрация ўз сўзларининг исботи сифатида ветеринария мутахассиси қушларга ёрдам кўрсатаётгани акс этган фотосуратларни кўрсатди. Парк вакилларининг таъкидлашича, суратлар баҳорда олинган.
Dream Park эркак ёвойи ўрдакларга зарар етказмоқчи бўлмаганини, балки уларнинг бошқа қушлар билан мулоқотига йўл қўймасликни истаганини таъкидлади. Шу билан бирга, администрация содир бўлган воқеа ташриф буюрувчиларни хавотирга солганини тан олди, узр сўради ва бундан буён эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга ваъда берди.
Бироқ берилган изоҳ бир нечта муҳим саволларни очиқ қолдирди. Администрация ўтган йили қушларнинг нобуд бўлишига олиб келган касалликларни айтмади ва уларнинг ўлими айнан ёвойи ўрдаклар билан мулоқотга боғланганига қандай асослар борлигига аниқлик киритмади.
Қушларни чўчитиш усулини танлаш масаласи ҳам очиқлигича қолмоқда. Эркак қушларга жароҳат етказишни мақсад қилмаган бўлса ҳам, рогаткадан отилган тошнинг тегиши оғир шикастланишларга олиб келиши мумкин. Администрация нега ёвойи ўрдаклар ва парк аҳолиси ўртасидаги мулоқотни чеклашнинг бошқа усулларидан фойдаланмаганини тушунтириб бермади.
, Латвияда Ўзбекистоннинг икки фуқароси қушга шафқатсиз муомалада бўлиш ва унинг ўлимига сабабчи бўлиш айблови билан суд олдида жавоб бериши.

