DoorDash компанияси харидорлар имкониятларини кенгайтиришини таъкидлаб, Instacart’ни 17 миллиард долларга сотиб олмоқда
Instacart харидорлари платформада ҳозирда мавжуд бўлган 100 000 та дўконга нисбатан 150 000 та дўкондан харид қилиш имкониятига эга бўладилар, дейди компаниялар.

DoorDash Instacart компаниясини 17 млрд долларлик битим эвазига сотиб олади, бу мижозлар имкониятларини кенгайтириши айтилмоқда
DoorDash озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича Instacart компаниясини 17 млрд долларлик (12,8 млрд фунт стерлинг) битим эвазига сотиб олади, бу эса мижозларга янада кўпроқ тайёр таомлар, шошилинч харидлар ва ҳафталик йирик озиқ-овқат буюртмаларини тўғридан-тўғри етказиб берувчи гигант бизнесни юзага келтиради.
DoorDash’нинг маълум қилишича, тахминан бир йил ичида якунланиши кутилаётган бу битим мижозлар учун танлов имкониятларини кенгайтиради ва кўпроқ сотувчиларга компаниялар хизматларидан фойдаланиш имконини беради.
Компанияларнинг билдиришича, Instacart харидорлари эндиликда 100 000 та ўрнига 150 000 та дўкондан харид қилиш имкониятига эга бўлади, DoorDash эса ресторанлардан ташқари чакана савдо соҳасига ҳам кириб боради.
«Биргаликда биз озиқ-овқат саноатида инновацияларни жадаллаштиришимиз ҳамда биз хизмат кўрсатаётган миллионлаб хонадонлар учун онлайн озиқ-овқат харидини янада қулай ва ҳамёнбоп қилишимиз мумкин», деди Instacart бош ижрочи директори.
«Охирги 14 йил давомида Instacart барча ҳажмдаги чакана сотувчиларга рақобатлашиш ва ўсишда ёрдам бериш орқали онлайн озиқ-овқат савдосини ўзгартирди ва DoorDash билан кучларни бирлаштириш бизга янада кўпроқ нарсага эришиш имконини беради», дея қўшимча қилди бош ижрочи директор Крис Рожерс.
DoorDash ҳаммуассиси ва бош ижрочи директори Тони Сюнинг айтишича, бу харид DoorDash учун Instacart’нинг озиқ-овқат маҳсулотлари саралами (ассортименти) ва уларни алмаштириш бўйича тажрибасидан фойдаланиш имкониятини беради.
«Озиқ-овқат маҳсулотларини онлайн тарзда тўғри танлаб етказиб бериш энг қийин ишлардан биридир. Кимдир пишган авокадони танлаши, сиз ўзингиз танлаган бўлар эдингиз дейилган ўринбосар маҳсулотни топиши ва музқаймоқни эриб кетгунига қадар сизга етказиб бериши керак», деди Сю.
Унинг қўшимча қилишича, «Instacart озиқ-овқат дўконлари учун буни яхши бажаришни ўрганишга йиллаб вақт сарфлади, DoorDash эса маҳаллий дўконлар ҳар куни таянадиган етказиб бериш тармоғи ва технологиясини яратди».
2027 йил охиригача ёки 2028 йилнинг биринчи ярмида якунланиши кутилаётган ушбу битим DoorDash’нинг шу кунгача амалга оширган энг йирик хариди ҳисобланади ва унга Amazon каби етказиб бериш гигантлари билан рақобатлашишга ёрдам бериши мумкин.
Morningstar аналитики Мартин Шумски Reuters агентлигига озиқ-овқат етказиб бериш соҳасидаги ўсиш имкониятлари ўзгараётганини айтди.
«Ресторанлардан таом етказиб бериш ўз пик нуқтасига етмоқда, эндиликда ўсиш тез-тез бериладиган, қиймати юқорироқ бўлган буюртмаларда: ҳафталик озиқ-овқат харидлари, кундалик майда-чуйда буюмлар ва чакана савдода намоён бўлмоқда», деди у.
Келишувга кўра, DoorDash Instacart’ни бир акция учун 65 доллар қийматида сотиб олади, бу Instacart акцияларининг 22 октябрдаги — эҳтимолий қўшилиш ҳақидаги хабарлар пайдо бўлишидан олдинги ёпилиш нархига нисбатан 26 фоизлик премияни англатади. DoorDash’нинг билдиришича, битимнинг камида 75 фоизи нақд пул кўринишида бўлади.
DoorDash Instacart бренди, иловаси ва технологик маҳсулотларини сақлаб қолишни режалаштирмоқда. Етказиб бериш хизматлари битим якунлангунига қадар алоҳида компаниялар сифатида фаолият юритишда давом этади.
Reuters шунингдек, ушбу қўшилиш давлат тартибга солувчи органлари томонидан монополияга қарши хавотирларга дуч келиши мумкинлигини хабар қилди.
Ўтган ойда ишчиларга кам ҳақ тўлаш айблови бўйича DoorDash билан 131,5 миллион долларлик келишувга эришган Нью-Йорк шаҳрининг истеъмолчилар ва ишчиларни ҳимоя қилиш комиссияси ўз баёнотида шундай деди: «Ушбу таклиф этилаётган қўшилиш мега-корпорацияларнинг бирлашиши каби ташвишли тенденцияни давом эттирмоқда».
«Ушбу қўшилиш амалга ошадими-ўқми, биз етказиб бериш ишчиларининг ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаймиз», дея қўшимча қилинди баёнотда.

