Маҳаллий

«Дизайн-код — муҳитни ривожлантириш калити». Урбанист Дарья Коваленко — Янги Тошкентнинг дизайн-коди ҳақида

Дизайн-код шаҳар муҳитини ривожлантириш калитига айланиши мумкин, деган фикрда Atlas бюроси урбанисти ва стратеги Дарья Коваленко. Tashkent Design Week тадбирида эксперт жамоанинг Янги Тошкент дизайн-коди устида олиб борган иш тажрибаси билан ўртоқлашди ва нима учун у қурилиш якунланганидан кейин эмас, балки ҳозирноқ зарурлигини тушунтириб берди.

«Дизайн-код — муҳитни ривожлантириш калити». Урбанист Дарья Коваленко — Янги Тошкентнинг дизайн-коди ҳақида

Нолдан барпо этилаётган шаҳар учун дизайн-кодни қандай ишлаб чиқиш мумкин? Бу ҳақда 28 октябрь куни Tashkent Design Week доирасида Atlas бюроси урбанисти ва стратеги Дарья Коваленко (Россия) сўзлаб берди. У муҳитни комплекс ривожлантириш учун бешта китобдан иборат иллюстрацияли маълумотнома ва қўлланма — «Янги Тошкент Атласи»ни тақдим этди. Эксперт жамоа ишига қандай тадқиқотлар асос бўлганини ва нима учун лойиҳалашда ҳатто қушларнинг учиш йўналишларини ҳам ҳисобга олиш муҳимлигини тушунтирди.

Дарья Коваленконинг сўзларига кўра, дизайн-код шаҳарнинг ягона қиёфасини шакллантиришга, лойиҳачилар, архитекторлар ва дизайнерларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришга, шунингдек, яратилган муҳит йиллар ўтиб қандай ишлашини олдиндан ўйлаб кўришга ёрдам беради. Жараённинг ҳар бир иштирокчиси ўз ечимини таклиф қилиши мумкин, аммо умумий қоидаларсиз алоҳида лойиҳалар тарқоқ элементлар бўлиб қолиши мумкин.

Эксперт дизайн-кодни ишлаб чиқиш аллақачон қурилган нарсаларни тартибга солишга уриниш эмас, балки янги шаҳарни лойиҳалашдан олдин амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.

Бундай ёндашув архитекторлар ҳар сафар нолдан бошламасдан, балки талаблар ва тайёр ечимларнинг умумий тизимига таянишини англатади.

«Менга шундай туюладики, талқинлар сони бўйича фақат мастер-режа дизайн-коддан ўзиб кетиши мумкин. Дизайн-код сўзи остида турли маҳсулотлар яширинган бўлиши мумкин. Мен бу ердаги асосий сўз „код“ дер эдим. Бу муҳитни ривожлантириш калитидир», — деди Коваленко.

Урбанист тушунтиришича, айрим ҳолларда дизайн-код ободонлаштиришни тартибга солади, бошқаларида — қурилиш параметрлари, архитектура ечимлари ва фасадлар билан ишлашни белгилайди, учинчи ҳолатларда эса — пешлавҳалар ва ахборот конструкцияларига қўйиладиган талабларни ўрнатади.

Янги Тошкентнинг нолдан яратилаётганида афзалликлар ҳам, заиф томонлар ҳам бор. Бир томондан — бу ижод учун топ-тоза варақ, бошқа томондан — таяниш мумкин бўлган шаклланган шаҳар турмуш тарзининг йўқлиги.

«Тадқиқот ва контекст катта роль ўйнайди, чунки архитектура объектларини ҳудуд бўйлаб шунчаки жойлаштириб чиқиб бўлмайди. Буни қайси мантиқ бўйича ва ким учун қилишни тушуниш керак. Мақсадли аудиторияни тушуниш учун маркетинг тадқиқотлари зарур: бу шаҳарда ёки янги туманда ким яшайди, улар у ерда нима билан шуғулланади, яъни келажакдаги ҳаётнинг муайян сценарийсини яратиш керак», — деб тушунтирди Дарья Коваленко.

Бюро мутахассислари Тошкентга мўлжал олдилар ва унинг қиёфасини қайси шаҳарсозлик қонуниятлари шакллантиришини, аҳоли жамоат жойларидан қандай фойдаланишини таҳлил қилдилар. Тадқиқотга ҳудудларни зоналарга ажратиш, жой тарихи, иқтисодиёт, шаҳар муҳитини бошқариш ва жамоат жойларини сақлаш масалалари кирди.

«Масалан, биз дижитал-антропология ўтказамиз, яъни одамлар қаерда суратга тушишини кузатамиз. Бу биз учун қаерга бориш қизиқарли эканини, жалб қиладиган жойларни кўрсатади. Ва муҳитнинг аслида қандай кўриниши ва қандай ишлаши ўртасидаги корреляцияни кўриш учун ушбу қонуниятларни атрофда, жамоат жойлари бор-yoʻқлиги, улар қанчалик яхши ободонлаштирилганини аниқлаймиз», — деди урбанист.

Тадқиқот умумий кузатувлардан шаҳар муҳитини таснифлашга ўтиш имконини берди. Мутахассислар морфологияси, қурилишни ташкил этиш тамойиллари ва биноларнинг ўзаро жойлашуви билан фарқланадиган муҳитнинг олтита асосий турини ажратиб кўрсатдилар. Уйлар ўртасидаги масофалар, биноларнинг параметрлари ва алоҳида элементларнинг яхлит фазовий тузилмага қандай бирлашиши ҳисобга олинди.

Муҳитнинг ҳар бир тури учун қурилиш хусусиятлари ва унинг ҳудудда ташкил этилиши тавсифланган паспорт тайёрланди. Ушбу асосда келажакдаги кўчалар, хиёбонлар, парк ва бошқа жамоат жойларининг параметрлари аллақачон белгилаб олинди. Бунда вазифа тарихий шаклларни сўзма-сўз такрорлаш эмас, балки замонавий архитектурага шаклланган шаҳар билан уйғун алоқада бўлиш имконини берадиган тамойилларни излашдан иборат эди.

Янги Тошкентни ривожлантириш атласи таркибидаги китоблар шу тариқа пайдо бўлди.

Янги Тошкентнинг дизайн-коди беш қисмдан иборат. Улардан бири шаҳарнинг мастер-режаси устида ишлаган Cross Works бюроси мутахассислари томонидан Atlas иштирокида ишлаб чиқилган. Қолган тўрттаси ободонлаштириш, архитектура регламенти, монтаж ва эксплуатация қилиш қоидаларига бағишланган.

Дарья Коваленко ободонлаштириш бўйича китоб шаҳар муҳитини ташкил этиш тамойилларини ва лойиҳачилар кўчалар, парклар ва рекреация ҳудудлари учун ечимларни йиғишлари мумкин бўлган элементлар тўпламини белгилашини қайд этди. Архитектура регламенти фасадлар, материаллар, деталлар ва биноларнинг ташқи кўринишига қўйиладиган талабларни ўрнатади.

Монтаж ва эксплуатацияга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу бўлимлар архитектура концепцияларига қараганда камроқ сезиларли бўлиб туюлиши мумкин, аммо айнан улар шаҳар муҳити ўз сифатларини қанча вақт сақлаб қолишини белгилайди.

«Жуда кўп ҳолларда архитекторлар муҳит устида ишлаётганда иқтисодий жиҳатларни унутишади. Энг нафис архитектура шоҳасарини ўйлаб топиш мумкин, аммо агар шаҳарнинг бошқарувчи компаниясида буни йиллар давомида керакли ҳолатда сақлаш учун маблағ бўлмаса, афсуски, у ўз сифатларини йўқотади», — деб таъкидлади эксперт.

Унинг сўзларига кўра, нотўғри танланган материаллар, монтаж пайтидаги хатоликлар ёки тушунарли хизмат кўрсатиш қоидаларининг йўқлиги ҳатто муваффақиятли архитектура ечимларини ҳам аста-секин йўққа чиқариши мумкин.

«Эксплуатация бўйича китоб муҳитни парвариш қиладиган бошқарувчи компаниялар учун муҳимдир. Аслида, бу концептуалистлар томонидан ўз лойиҳаларида тез-тез назардан четда қолдириладиган, аммо келажакда ҳар қандай лойиҳанинг иқтисодий барқарор ҳаёти учун жуда муҳим бўлган катта кўринмас қисмдир», — деб тушунтирди Коваленко.

Дизайн-кодни ишлаб чиқиш босқичларидан бири колористикага бағишланган эди.

Мутахассислар шаҳар муҳитининг ранг хусусиятларини ўргандилар, тўпланган маълумотларни тизимлаштирдилар ва турли хилдаги муҳитлар учун палитраларни шакллантирдилар.

Ҳужжатда иқлимни ҳисобга олган ҳолда қуёшдан ҳимоя қилиш тизимлари ва фасад материалларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар назарда тутилган. Бунда мутахассислар тарихий архитектура элементларига мурожаат қилиб, уларнинг тамойилларини замонавий қурилишда қандай қайта талқин қилиш мумкинлигини кўриб чиқдилар.

Ишда материалларнинг маҳаллий шароитларга мослигини баҳолашга ёрдам берган экологик барқарорлик бўйича консультантлар иштирок этдилар. Ечимларни танлашда нафақат уларнинг ташқи кўриниши ва чидамлилиги, балки атроф-муҳитга таъсири ҳам ҳисобга олинди.

Дарья Коваленко кўплаб биноларнинг пайдо бўлиши одатий яшаш муҳитини ўзгартиришини таъкидлади.

«Катта янги баланд қаватли биноларни яратиш орқали биз у ёки бу тарзда баъзи табиий жараёнларни бузамиз. Биз, экспертлар ва умуман олувда шаҳар аҳолиси учун бундай коридорларни сақлаб қолиш масъулиятдир. айнан шунинг учун лойиҳада биз ойна эффектини сақлаб қолиши мумкин бўлган, аммо қушларнинг учиш коридорларига халақит бермайдиган ёруғлик қайтариш хусусиятлари ҳақида гапириб бердик», — деди урбанист.

Шу тариқа, халқаро тажриба Тошкент тадқиқотлари билан биргаликда ишлатилди, бироқ тайёр ечимлар Ўзбекистоннинг иқлим, маданий ва шаҳарсозлик хусусиятларига мослаштирилди.

«Биз фазо мантиғини тушунганимизда, ободонлаштириш қоидалари — бу, моҳиятан, келажакдаги лойиҳалаш учун шундай конструкторки, архитекторлар ушбу китобни олиб, фақат ўз ижодини қўшиб, айнан Ўзбекистон контекстига мос келадиган тайёр ечимларни ушбу алоҳида элементлардан, муҳит фрагментларидан, узеллардан йиғишлари мумкин», — деб тушунтирди Коваленко.

Бюро томонидан ишлаб чиқилган атлас жами 300 дан ортиқ материаллар паспортини, 80 дан ортиқ батафсил иллюстрацияларни, шунингдек, Янги Тошкентни шаҳарсозликда фойдаланиш мумкин бўлган чек-листлар ва лойиҳалаш ва қўллаш бўйича босқичма-босқич кўрсатмаларни ўз ичига олади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.